Хива туман Кенгаши сессиясига масала киритилди

15.05.2024 18:05:43

Хива туман ҳокимлигида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Хива туман Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан тумандаги оилаларда ажримларни олдини олиш масаласи юзасидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижаси муҳокама этилди.

Олиб борилган ўрганишлар юзасидан Халқ депутатлари «Адолат» СДП Хива туман Кенгаши депутатлик гуруҳининг ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланишича, Хива тумани Оила ва хотин-қизлар туман бўлими томонидан 2024 йилнинг 1-чораги мобайнида маҳаллаларда ижтимоий маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилалар ва хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида «Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси» ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда муайян ишлар амалга оширилган. Хива туманида аҳоли сони жами 156 минг 88 нафар бўлиб, шундан аёллар сони 77 минг 700 нафарни, оилалар сони жами 47 минг 925 тани ташкил этади.

2024 йилнинг 1-чораги мобайнида Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда 34 та маҳаллаларда оилавий ажримлар ҳолатлари таҳлил қилинганда 1-чорак давомида 31 та оилавий ажрим ҳолатлари рўйхатга олинган. Оилавий ажрим ҳолатлари таҳлил қилинганда, узоқ муддат биргаликда яшамаган 4 та, фарзандсизлиги ва ўзаро розилик сабабли ФХДЁ томонидан ажрашган 6 та, бошқа турмуш қуриб кетганлиги сабабли 3 та, оилавий келишмовчиликлар сабабли 11 та, эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик сабабли 5 та оилавий ажрим ҳолатлари қайд этилган.

Шунингдек, кўпчилик оилалар 4-5 йил олдин никоҳини бекор қилдирмасдан ҳар бири янгидан иккинчи маротаба ўзаро розилик асосида оила қурганлиги, ўрталаридаги келишмовчиликни фақат оила доирасида кўриб чиққанликлари ва бир хулосага кела олмагани сабабли бошқа турмуш қурганликларини билдиришган. Ажрашиб кетган оилалар ўртасида 9 та ёш оилалар ҳам ажрашган бўлиб, уларнинг муаммолари ўрганилганда ўзаро қудалар ўртасидаги, яъни оиладаги ёши катталар келишмовчиликлари сабаб бўлиб ажрашганликлари маълум бўлган.

«Хар бир нуроний-беш нафар ёшга мураббий» тамойили асосида хар бир маҳаллада олиб борилаётган ишлар назоратга олинган бўлиб, ҳар ой якуни бўйича маълумотлар таҳлил қилиниб келинмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда ФХДЁ бўлими билан ҳамкорликда маҳаллаларда хотин-қизлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар маҳкамаси томонидан янги қабул қилинган қарорлар, фармон фармойишлар мазмун моҳияти тарғибот қилиниб келинган. 2024 йилнинг 1-чораги мобайнида жами 33 та давра суҳбатлари, 24 та маърузалар ўтказилган. Маҳаллаларда аёллар ўртасида ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни турмушга бериш ёхуд уйлантириш

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексига 125-моддасига кўра тақиқланган. Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишни олдини олиш борасида тушунтириш ишлари олиб борилганлиги натижасида эрта никоҳ ва эрта туғруқ ҳолатлари учрамади.

Юқоридаги ва кузатилган ижобий ишлар билан бир қаторда аниқланган муаммо ва камчиликларни кўриб ва ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6 ва 24-моддаларига мувофиқ Халқ депутатлари туман Кенгаши қуйидагича қарор қабул қилди.

Тумандаги оилаларда ажримларни олдини олиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан «Адолат» социал-демократик партиясининг туман Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Мақсуд Эшниёзовнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинди. Шунингдек, туман сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосари-оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи ҳамда тегишли ташкилот ва идоралар билан биргаликда, ФҲДЁ бўлимига никоҳдан ажралиш ҳақидаги ариза берган, ажрим ёқасига келиб қолган шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш, уларни яраштириш чораларини кўриш ва бошқа вазифалар юклатилди.

Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича ва бошқа тегишли доимий комиссияси ҳамда туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари зиммасига юклатилди.

Ушбу қарор қабул қилинган кундан кучга кирди ва амалиётга йўналтирилди. Туманда Сессияга масала киритиш давом этмоқда. 

 

 

Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+