Хоразмлик депутатлар болалар оромгоҳлари фаолиятини ўрганмоқда

11.06.2024 17:06:13

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгашнинг топшириғига асосан, партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши депутатлари ёзги оромгоҳларда болаларни дам олиши учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиш мақсадида партия томонидан ишлаб чиқилган махсус саволнома асосида ўрганиш ишларини изчиллик билан олиб боришмоқда. Хусусан, «Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши раиси ўринбосари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Улуғбек Қурязов раҳбарлигида тегишли ташкилотлар вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳ Хонқа туман «Наврўз» маҳалласида жойлашган «Жайхун қуёши» болалар оромгоҳи фаолияти билан яқиндан танишишди. Мазкур оромгоҳ 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 200 нафар болалар дам олишмоқда. Мавсум давомида оромгоҳда босқичма-босқич 1000 нафар бола дам олиши режалаштирилган. Оромгоҳнинг ётоқхона, ошхона, омборхона биноларининг таъмирланганлик даражаси талаб доирасида экани, оромгоҳ ошхонасининг омборида таомномада кўрсатилган барча турдаги маҳсулотлар мавжудлиги, маҳсулотларнинг сифати, яроқлилик муддати белгиланган тартибда экани, маҳсулотларнинг сақланиш ҳолати санитария нормаларига жавоб бериши, тоза ичимлик суви, тиббиёт хонаси зарур дори воситалари билан таъминланганлик даражаси, оромгоҳга олиб борувчи йўлларнинг ҳолати талаб доирасида экани кузатилди.

Улуғбек Қурязов, ишчи гуруҳ раҳбари:

«Жайхун қуёши» болалар оромгоҳида олиб борилган ўрганиш ишларидан кўнглимиз тўлди. Мазкур масканга кираверишдаги саранжом-саришталик, тартиб интизом, боғ-роғларнинг ободонлиги, кўкаламзорлаштириш ишлари меҳр билан амалга оширилгани, болажонлар учун оромгоҳдаги яратилган барча шарт-шароитлар юқори даражада шакллантирилганини гувоҳи бўлдик. Болаларни бўш вақтларидан унумли фойдаланишлари учун, ички туризмга саёҳат, шахмат, шашка, спорт мусобақалари ва бошқа кўнгилочар ўйин ва кўрик-танловлар йўлга қўйилган.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз томонидан болажонларнинг камолоти учун яратилаётган шарт – шароитлар, ислоҳотларнинг барча жойларда самарадорлигини ошириш мақсадида партиямиз томонидан ўрнатилган ўрганиш ишлари, мавжуд муаммо ва камчиликларни вақтида бартараф этишга кўмаклашиш Янги Ўзбекистонимизнинг келажаги учун аҳамияти каттадир.

Воҳада ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
«Адолат» СДП
Хоразм вилоят Кенгаши
Матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+