Хотин- қизлар фаоллигини ошириш – давр талаби

26.04.2024 15:04:05

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги «Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг ижросини таъминлаш ҳамда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаоллигини ошириш бугунги кундаги долзарб вазифалардан биридир.
Ўзбекистон «Адолат» СДП Фарғона вилояти Кенгаши раиси, вилоят «Оқила аёллар» ҳаракати аъзоси Шаҳноза Ғаниева, Данғара тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Мадина Азизова, бўлим мутахассиси Улуғой Тошпўлатовалар ҳамкорлигида тумандаги «Тангриқул», «Бой-бўта» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида истиқомат қилувчи хотин-қизлар билан юзма-юз мулоқотлар қилиб, бу борада амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.

— Туманимиздаги «Бойбўта» МФЙда бугунги кунда 4026 нафар аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 2128 нафари хотин-қизларни ташкил қилади. Хатлов жараёнида 96 нафар ишлаш истагидаги бироқ, банд бўлмаган аёллар аниқланган бўлса, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликка йўналтириш орқали ҳозирда 48 нафарини бандлиги таъминланди. 12 нафар аёллар тадбиркорликка ўқитилиб, иш бошлашларига ёрдам қилинди. 17 нафар аёлларнинг ўз хонадонида тикувчилик, каштачилик каби ҳунарлари орқали даромад топишларига шароит яратилди. 25 нафар хотин-қизлар тумандаги «Суҳроб текстиль» МЧЖга ишга жойлаштирилди, — деди маҳалла фаоли Интизорхон Кавлонова.

- Маҳалла еттилигининг узвий ҳамкорлиги натижасида ҳудудимизда жорий йилда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари қайд этилмади. 2 та носоғлом муҳит юзага келган оилаларда доимий назорат ишлари олиб борилганлиги натижасида оилавий ажрим ва гўдакларнинг тирик етим бўлиб қолишининг олдини олишга муваффақ бўлдик. Албатта, бугун қишлоқ аёлларининг дунёқарашлари ҳам тубдан ўзгариб бормоқда. Маҳалламизда янгилик яратиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш орзусида интилаётганлар кўпчиликни ташкил қилади. 11 нафар аёлларимиз субсидия асосида зарур тикув машинаси, печлар ва зарур техникалар олиб, ўз ишларини бошлаб, ёшларга ҳунарларини ўргатишни бошладилар.

«Бир адолатчи-юз аёлга тарбиячи» лойиҳаси доирасида партиянинг вилоят Кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева қишлоқ аёллари билан мулоқотларда ўзининг ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда маҳорат дарсларини ҳам олиб борди. Мақсад ягона. Ҳар бир аёл оилада севимли ёр, меҳрибон она бўлиш баробарида жамиятда ҳам ўз ўрнини топа олсин. Иқтисодий-сиёсий фаоллиги ортган аёллар нафақат оиласи келажаги равнақи учун, балки мамлакат тараққиёти учун ҳам ўзининг муносиб улушини қўшишга қодирдир.

Гулчеҳра Аҳмедова
 «Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+