Илмли аёллар- жамият таянчи

26.04.2024 15:04:59

Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор – бу аввало оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир. Шу сабаб хотин-қизларга алоҳида эътибор билан қаралади. Кейинги йилларда давлатимиз томонидан уларга ғамхўрлик кўрсатиш ва жамиятда фаоллигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳам бежиз эмас. Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши «Аёллар қаноти» ташаббуси билан «Фаол хотин-қизлар — жамият таянчи» мавзусида ташкил этилган давра суҳбати айни шу мавзуга бағишланди. Унда «адолатчи-аёллар» билан бирга сиёсатшунослар, олималар, маҳаллий кенгаш депутатлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари Малоҳатхон Мусаева бугунги кунда хотин-қизларга бўлган эътибор, ҳар бир соҳада уларнинг иштироки ва партия сафидаги аёллар фаолияти тўғрисида гапирди. Айни вақтда партия сафидаги «адолатчи-аёллар» орасида раҳбарлар, олималар, таълим ва тиббиёт вакиллари ва депутатлар кўпчиликни ташкил этишини таъкидлади. «Аёл ва жамият», «Адолатчи аёллар бонг уради», «Олима аёллар — жамият таянчи» каби лойиҳалар асосида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Жамиятнинг нозик хилқати бўлган хотин-қизлар ҳақида гапирганда уларнинг илм олиши ва касб танлаши долзарб аҳамият касб этаётганини айтиш лозим. Уларни илм олишлари учун кенг имкониятлар яратилдики, натижада изланувчи ва ихтирочилар сафи кенгайиб боряпти. Аёл кишининг илм билан шуғулланиши унинг оиласи, фарзандлари ва жамиятнинг илмли ва маданиятли бўлишига хизмат қилади. Донишмандлар айтганидек, эркак илмли бўлса-фарзанд илмли бўлади, аёл илмли бўлса-миллат илмли бўлади.

Тўйдихон Алибоева, халқ депутатлари Жалақудуқ туман кенгаши депутати:

-Аёллар мавзуси ҳамма вақт долзарб ва бетакрор. Ривожланган жамиятда тараққиёт ва цивилизация даражаси аёлларга бўлган муносабат, улар учун яратилган имкониятлар билан белгиланади.Бу ўринда Ўзбекистонда муаммога ўрин йўқ. Бугун ҳаётимизга кириб келган замонавий касбларда ҳам улар дадил одимлаяпти. Бу ўсиб келаётган қизларимизни ҳам фаолликка бошламоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, жамиятда хотин-қизларнинг ролини ошириш уларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда иштироки, бизнес ва илм-фандаги фаоллиги гендер тенглигини таъминлаш борасидаги ҳаракатлар ижобий ифодасини топаётганини кўрсатмоқда. Биргина андижонлик 60 нафардан ортиқ талаба сафдошларимиз бугун илмий изланишлар олиб бораётгани бунинг тасдиғидир.

Бир сўз билан айтганда, аёлнинг қадрини қанчалик баланд кўтарсак, маънавиятимиз ва маданиятимиз ҳам шунчалик юксалади. Яна улар билан оилаларимиз мустаҳкам ва фарзандларимиз баркамол инсонлар бўлиб камол топади.

 

 «Адолат» СДП
Андижон вилоят кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+