ИЖОД АҲЛИНИ СEВИНТИРГАН ҚАРОР

17.07.2024 18:07:37

Давлатимиз раҳбарининг атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўзивой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорининг қабул қилиниши, бир томондан маънавияти юксак, адабиётни севадиган халқимизни қувонтирган бўлса, бир томондан биз ижод аҳлини севинтиргани ҳақ гап.

Ўз даврида илоҳий истеъдоди, юксак билим ва кенг тафаккури, ватанпарварлиги билан юксак ном қозонган Ажиниёз Қўсибой ўғли нафақат қорақалпоқ адабиёти, балки туркий халқлар адабиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшган шоир ва мутафаккир ҳисобланади.

Ажиниёз асарларини туркий халқлар вакиллари теран тушуниб, севиб ўқийди. Сабаби улуғ истеъдод эгаси Хивада Шерғозихон ва Қутлимурод иноқ мадрасаларида таълим олган, шарқ адабиётининг етук билимдони ҳисобланади.

Бир гина «Бу дунёнинг кўрки одам боласи» деган сатрининг ўзига катта фалсафий маъно мужассам.

Ажиниёз асарлари халқ орасидан ўтган асрнинг 30 йилларида йиғилиб бошланган ва 1949 йилда нашрдан чиққан. Бундан сўнг 1960, 1961, 1965, 1975, 1988, 1994 ва 2014- йилларда танланган асарлари нашр этилган.

Шоирнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш ва асарларини тўплашда атоқли адабиётшунос олимлар Н.Давқараев, Қ.Айимбетов, академиклар М. Нурмуҳаммедов ва Ҳ.Ҳамидов, шунингдек, А.Пирназаров, Б.Қалимбетов, А.Муртазаев, К.Мамбетов, А.Пахратдинов, К.Алламбергеновлар ўтган асрда кўплаб илмий мақолалар ёзиб, халқимизга шоир асарларинг мазмун-моҳиятини кенг очиб берган.

Давлатимиз раҳбаринг шоир таваллудинг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори, унда ўз аксини топганидек, шоир асарларини янада кенг тарғиб қилиш ва ўрганиш имкониятини кенгайтирмоқда.

Айниқса, қарор билан шоирнинг «Танланган асарлар» тўпламини ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашр қилиш, унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб яратилган бадиий, илмий-оммабоп асарларни қайта чоп этиш ва тақдимотларини ўтказиш назарда тутилаётгани, шоир асарларининг янада кенг оммалашувига хизмат қилади.

Бугун улуғ боболаримиз ҳаётини кино асарлари орқали ёшларимизга намуна қилиб кўрсатиш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Мана шу нуқтайи назардан давлат буюртмасига биноан Ажиниёз Қўсибой ўғлининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган саҳна асарлари ҳамда «Ажиниёз» бадиий-публицистик фильмини яратиш ва уларнинг тақдимотларини уюштиришга алоҳида урғу берилганлиги, шоир ижодига бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиром намунасидир.

Қарорда белгиланганидек Нукус шаҳрида шоир ижодига бағишланган «Айт, сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан» мавзусида мамлакатимиз ёш ижодкорларининг танловини, ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида Ажиниёз Қўсибой ўғли ҳаёти ва ижодига бағишланган иншолар танловини ўтказиш, ёшлар орасида Ажиниёз асарларини теран ўрганишга бўлган қизиқишнинг янада ортишига, маънавий онгининг юксалишига хизмат қилади.

Ватанни, туғилган ерни, эл-юртни севиш, шоир асарларининг бош мавзуси.

Эр йигитнинг давлати бор бошинда,

Ҳам оғаси, ҳам отаси қошинда,

Ҳарким ўз элинда, тенги-тушинда,

Йигит қадри бўлмас элдин айрилса.

Ҳақиқатан ҳам одам боласи, ўз элидан ажралиб яшаши мумкин эмас.

Қарорда шоир ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ ўтказилиши зарур бўлган тадбирлар аниқ, равшан кўрсатилиб ўтилган.

Улардан, 2024 йилнинг сентябрь ойида Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залида Ажиниёз Қўсибой ўғлининг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар, тасвирий санъат асарлари ва халқ амалий санъати намуналари кўргазмасини ўтказиш, 2024 йилнинг октябрь ойида Қорақалпоқ давлат университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ажиниёз Қўсибой ўғлининг адабий меросини ўрганиш мавзусида халқаро илмий-амалий конференциялар уюштириш, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида шоир музейини ташкил қилиш, Ажиниёз Қўсибой ўғлининг Мўйноқ туманидаги қабрини ободонлаштириш ва унга ёдгорлик ўрнатиш, мазкур туманда Ажиниёз Қўсибой ўғли номидаги экопарк барпо этиш каби юксак аҳамиятга эга тадбирлар ҳар бир юртдошимизни бефарқ қолдирмайди, ушбу тадбирларда фаол иштирок этишга, хайрли ва эзгу ташаббусларга ўз улушини қўшишга чорлайди.

Энг қувонарлиси, 2024 йилнинг ноябрь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик театрида Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигига бағишланган тантанали адабий-бадиий хотира кечаларини ташкил этиш белгиланганлиги ҳисобланади.

Албатта, давлатимиз раҳбари қарори билан Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг мана шундай юксак даражада нишонланиши, мамлакатимизда маънавиятимиз ва адабиётимиз, тарихимиз, маданиятимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшган буюк боболаримизга, адабиётга, ижод аҳлига кўрсатаётган юксак даражадаги ҳурмат, эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги юксак намунасидир.

Раўаж ОТАРБАЕВ
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раис ўринбосари,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+