Кластер: мақсад, изланиш, тажриба ва натижа

11.04.2021 19:04:38

Эндиликда  “кластерлик институти” ҳамма соҳани қамраб олмоқда. Мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, қишлоқ хўжалигида ер майдонлари тўлиқ хусусий кластер ва кооперацияларга берилиши натижасида пахтачиликда ҳосилдорлик бир йилда ўртача 10 фоизга ошганлигини, ғаллачилик, чорвачилик ва мева-сабзавотчилик бўйича 500 га яқин кластер ва кооперациялар фаолият юритаётганлигини, Намангандаги тайёр кийим-бош, Яшнобод туманидаги “Технопарк”, Ғозғондаги декоратив тошлар каби саноат кластерлари муваффақиятли самара бераётганлигининг гувоҳи бўламиз.

Шундай экан, бу тизим нега олий таълим остонасидан ҳатлаб кирмаслиги керак?

Ана шу саволга жавоб топиш учун Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти, жумладан, “Мактабгача таълим” кафедраси томонидан мунтазам изланишлар олиб борилмоқда. Хусусан, кафедра 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб кластер тизими асосида иш юритаётганининг асосий мақсади — бугун институтда таҳсил олаётган талабалар бир вақтнинг ўзида ҳам назарий, ҳам амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга эришишдан иборат.

Хўш, нега кластер тизими танланди?! Очиғи, бир йилда олий таълим ташкилотларини битирган ёш мутахассислар сони бир неча юз мингга етади, аммо бир пайтнинг ўзида турли корхона ва ташкилотларда бўш иш ўринлари сони ҳам оз бўлмайди. Бироқ, тайёр мутахассислар сони кўп бўлгани билан иш берувчилар талабига жавоб берадиган етук мутахассислар етишмаслиги долзарб муаммога айлангани рост. Рақобатбардош кадрлар етарли эмас.

Шундай экан, бу муаммони ечишнинг энг қулай йўли – битирувчиларни ишга тайёр кадр сифатида етиштириш чораларини кўриш. Кадрлар рақобатини уюштириш. Битирувчиларнинг сони баробарида уларнинг сифатига эътибор қаратиш.

Бунинг учун талаба яқин келажакда ўз ўрнини топиши, ўзи танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишиши учун иш берувчи ва таълим муассасаси ўртасида узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш Чирчиқ давлат педагогика институтининг асосий вазифаларига айланган.

Ана шу вазифалар ижросида фаол иштирок этаётган “Мактабгача таълим” кафедраси бундан икки йил аввал бу борадаги дастлабки ишини Чирчиқ шаҳар мактабгача таълим бошқармасига қарашли 33-сонли ДМТМ билан ҳамкорлик шартномасини имзолашдан бошлади. Коронавирус пандемияси туфайли бироз муддат танаффус қилишга тўғри келган бўлсада, вазият барқарорлашганидан сўнг кафедранинг вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари билан тузган шартномалари сони кенгайишда давом этди. Жумладан, кафедранинг профессор-ўқитувчилари Бўка туманидаги 5-сонли, Паркент туманидаги 13-сонли, Чирчиқ шаҳридаги 8-сонли мактабгача таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик шартномасини имзолашга муваффақ бўлинди.

Мазкур шартномаларга асосан, институтнинг “Мактабгача таълим” кафедрасининг вазифаси профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабалар билан ҳамкорликда МТТ лардаги мавжуд бўшлиқлар ҳамда муаммоларни аниқлашга, тарбиячи-педагогларга ўзлари томонидан ишлаб чиқилган методик қўлланмалар ва тавсияларни тақдим этишга йўналтирилган. Қолаверса, институтда таҳсил олаётган талабалар амалиёт учун мазкур мактабгача таълим ташкилотларига юборилади.

— Кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан “Устоз-шогирд” тизими асосида “Ўқитувчи-ўқитувчи”, “Ўқитувчи-талаба”, “Талаба-талаба” фаолияти йўлга қўйилган, — дейди кафедра мудири Абдуқаюм Абдуллаев. — Улар билан илмий мақолалар нашр эттириш, тажрибали ўқитувчилар томонидан маҳорат дарслари, семинар, семинар-тренинг, илмий лойиҳалар тайёрланиши бўйича тавсиялар берилиши йўлга қўйилди. Бундан ташқари, институтнинг 2019 йил 21 ноябрдаги “Мактаб-лаборатория” инновацион тажриба майдончаларида тажриба-синов ишларини йўлга қўйишга оид буйруғи билан “Мактабгача ва бошланғич таълим” факультети биносида лаборатория-боғча қурилди. Мазкур “мобил боғча-лаборатория”нинг лойиҳаси, концепцияси, ички ва ташқи дизайнлари яратилди ва натижада “Мобил боғча-лаборатория” патентини олишга муваффақ бўлдик. Мақсад — мактабгача таълим тизимига замон талабларига мос келадиган малакали педагог-кадрларни тайёрлаш ва ривожлантиришга янгича ёндашувларни жорий этишдан иборат.

Ҳа, бу йўналишда дастлаб  кафедра мудири Абдуқаюм Абдуллаев ҳамда кафедра катта ўқитувчиси Замирахон Тешабоевалар бошчилигидаги 7 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият олиб борган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 19 нафарга етди. Бундан ташқари, кафедра узоқ йиллик тажрибага эга малакали тарбиячиларни кафедрага ташқи ўриндош сифатида ишга жалб қилиб келмоқда. “Мобил боғча-лаборатория”си мавзуси кафедранинг айрим ўқитувчиларини ушбу мавзуда илмий-тадқиқот ишларини юритишга туртки берди. Хусусан, кафедра ўқитувчиси Заҳро Шанасирова “Мобил лаборатория орқали мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларининг мактабга тайёргарлик даражасини таъминлашнинг дидактик имкониятлари” мавзусида илмий-тадқиқот ишларини бошлаб юборди. Кафедра ўқитувчиси Дилноза Муталованинг бу ҳақдаги мақоласи Буюк Британиядаги илмий журналларда “Исследований и рефлексии в области образовательных наук”, “Таълим кластери педагогик технология сифатида педагогик ҳамкорлик” мавзусидаги мақола ва тезислар чоп этилди. Шунингдек, кафедра профессор-ўқитувчилари Заҳро Шанасирова, Абдуқаюм Абдуллаев, Замирахон Тешабоева,  Дилноза Муталова, Лола Болиевалар томонидан “Мактабгача ва бошланғич таълим тизимида кластер усули орқали узлуксизликни такомиллаштириш” номли услубий қўлланмага муаллифлик ҳуқуқи гувоҳномаси олинди.

Хулоса қилиб айтганда, Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти педагоглари ва профессор-ўқитувчилари ташаббуси билан таълимда қўлланилаётган кластер тизими таълим соҳасида учраши мумкин бўлган бир қатор масалаларнинг ижобий ҳал бўлишига хизмат қилиши шубҳасиз. Хусусан, талабалар биринчидан, назарий билимларини амалиётга боғлаб кўникмалар олади, иккинчидан, бўлажак иш жойларида ўз ўрнини топиб, тайёр кадр сифатида меҳнат фаолиятини юритади. Шу билан бирга, институт педагоглари ёрдами билан ҳамкорлик ўрнатилган мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия тизими юқори даражага кўтарилиши учун ҳам хизмат қилади. Пировардида, давлат раҳбаримиз томонидан илгари сурилган “кластерлик институти” олий таълим даргоҳларида ўзининг тўлақонли ҳаракатини бошлайди.

 

Марямбиби АБДУЛЛАЕВА ,

“Адолат” СДП  фаоли,  

Тошкент вилояти,

Чирчиқ давлат педагогика институти  ўқитувчиси    

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+