Оила бахти — зўравонликда эмас, меҳрда

17.04.2024 13:04:05

Ўзбекистон тумани Фарғона вилоятининг олис ҳудудларидан бирида жойлашган. Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари чегарадош ҳудудлардаги қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари, асосан деҳқончилик билан машғулдирлар.
“Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинида жами 3400 аҳоли истиқомат қилиб, унинг 1600 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Ўзбекистон “Адолат” СДПдан халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган депутат Муаттархон Ҳомидовани маҳалланинг ёшу қариси яхши танийди. Маҳалла еттилиги билан ҳамжиҳат у кирмаган хонадон, суҳбатлашмаган одамлар деярли йўқ.


Оила тинчлиги ва хотиржамлиги, энг аввало, оиланинг саранжом-саришта этиб, оила аҳлининг бирдамлигини таъминловчи аёлларга кўп жиҳатдан боғлиқ, -деди депутат Муаттархон Ҳомидова. - Маҳалладаги пиру бадавлат онахонларимиз билан мунтазам равишда ёшлар ўртасида суҳбатлар олиб борамиз. Қайси бир оилада озгина келишмовчилик бўлса, унинг сабабларини чуқур ўрганиб, ҳал этмагунча, ўша хонадондан узоқлашмаймиз. Мақтансак арзийди. Фарзанд муаммоси билан ўтган йили 2 та оила ажрими қайд этилган эди. Бу йил меҳнатларимиз бесамар кетмаганидан хурсандмиз. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бу каби салбий ҳолатларга йўл қўйилмади. Бироқ, ўзаро тушунмовчиликлар сабаб оиладаги зўравонликка оид 5 та келишмовчилик маҳалланинг оилавий қадриятлар комиссияси билан ҳамкорликда ҳал этилди.
Адолат — албатта, оила остонасидан бошланиши зарур. Суҳбатларимиз ўз самарасини бераётганидан хурсандмиз. Айни кунларда маҳалла аҳли билан ҳамжиҳат 2 та эҳтиёжманд оила вакиллари учун уй қуриш ишларини бошлаб юбордик.
Хайрли ишларни амалга ошириш, уларни самарасини кўриш барчага қувонч бағишлайди.

Гулчеҳра Аҳмедова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+