Ўзбек-тожик халқларининг дўстона муносабатида янги саҳифа очилди

14.06.2021 09:06:11

Қуёш ҳавони иситар, дўст – қалбни, дейди халқимиз.

Бу мақол ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги илиқ муносабатларга нисбат бериб айтилгандек жаранглайди бугун.  

Дарҳақиқат, азалдан бир дарёдан сув ичиб, қуда-анда бўлиб яшаган халқаларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ришталарининг янгича руҳда мустаҳкамланиб бораётгани барчамиз учун фахрли ҳодисадир. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Чунки, ўзбек ва тожик халқи – тарихи бир, тақдирдош, тутуми ўхшаш эл. Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида иш бошлаган илк кунларданоқ ана шу қадрли муносабатларни мустаҳкамлашга киришди.

Гап шу ҳақда кетар экан, икки мамлакат етакчиларининг саъй-ҳаракатлари билан кейинги 3-4 йилда амалга оширилган ишларни ҳам ёдга олиш ўринли. Жумладан, 2017 йилда “Тошкент-Душанбе” авиақатновлари қайта йўлга қўйилди, “Ғалаба-Амузанг” темир йўли барпо этилди, “Самарқанд-Панжикент” халқаро йўли очилди, икки давлат чегарасида 10 та назорат пункти иш бошлади. 2018 йили давлатимиз раҳбарининг Тожикистонга ташрифи ўзбек-тожик халқлари ўртасида яхши қўшнилик, дўстлик, биродарлик ва ўзаро стратегик шериклик соҳаларидаги муносабатларда янги саҳифа очди. Буларнинг барчаси мамлакатларимиз ва биродар халқларимиз ўртасидаги тарихий воқелик сифатида қайд этилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 10-11 июнь кунлари Тожикистонга расмий ташрифи эса икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янги босқичда ривожлантириш йўлидаги навбатдаги тарихий қадам бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг қўшни мамлакатга бу галги ташрифи ҳар қачонгидан ҳам самарали бўлди. Бу энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, фан, таълим, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган жами 35 та ҳужжат имзоланганида ҳам кўзга ташланади.

Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш борасида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида янги “ўсиш нуқталари”ни топиш муҳим экани қайд этилди.

Албатта, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва саноат кооперацияси доирасида ҳамкорликни ривожлантириш жуда муҳим. Бундан ташқари ташриф доирасида гуманитар йўналишдаги алоқаларни мустаҳкамлаш борасида ҳам фикр алмашилгани ва аниқ таклифлар қўллаб-қувватлангани қувонарлидир.

Бу илм-фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга туртки беради. Қолаверса, Ўзбекистон ва Тожикистон туманларини ва қардош халқларни ўзаро “боғлаш” учун муҳим асос бўлади.

Тожикистонда Ўзбекистон Президентини жуда ҳурмат қилишади. Бунга сабаб нима? Чунки айнан Шавкат Мирзиёев халқларимизнинг бир муддат чекланган меҳр ришталарини қайта тиклашга эришди.  

Шу боис, Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевни Тожикистоннинг юксак мукофоти – I даражали “Зарринтож” ордени билан мукофотлади. Бу давлатимиз раҳбарининг икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари эътирофи бўлди.

Бундан ташқари, Тожикистон етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни тиклашдаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо бериб, “Илгари тўпланиб қолган муаммолар шундай қисқа муддатда ҳал этилишини тасаввур қилиб бўлармиди?! Бунга халқаро ташкилотлар ҳам ишонмаган эди. Бугун давлатларимиз ўртасида ҳал бўлмаган масала қолмади, ўзаро ишонч пайдо бўлди. Бундай муносабатларнинг ташаббускори ва “архитектори” ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев”, дея таъкидлагани биз учун ҳам, тожик халқи учун ҳам ғоят фахрли эътироф бўлди.

Ўз ўрнида, мамлакатимизда барча миллат ва элатлар қатори, тожик маданиятини сақлаш ва ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистонда 1 миллион 600 мингдан зиёд тожик миллатига мансуб аҳоли яшайди. Улар орасида таниқли олимлар, тадбиркор ва фермерлар, ўқитувчи ва шифокорлар, турли даражадаги раҳбарлар бор. Барчаси юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Мамлакатимизда кейинги йилларнинг ўзида тожик миллатига мансуб 130 фуқаро юксак давлат мукофотларига сазовор  бўлди. Бу Ўзбекистонда барча миллатлар қатори тожик халқига ҳам юксак эътибор қаратилаётгани, шароит ва имкониятлар баробар эканини намоён этади.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг Тожикистонга расмий ташрифи азалий дўст халқларимиз ўртасидаги самимий муносабатларни янгича руҳда, янги босқичда давом эттириш учун катта имкониятлар эшигини очди.

Маҳмуджон БОЛТАБОЕВ,

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия

ва спорт университети ректори

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+