Партия 155 нафар қаҳрамонларни тақдирлади

16.09.2020 17:09:00

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Зангиота туманидаги коронавирус пандемиясини даволашга ихтисослашган 2-сон махсус шифохонасида “Шифокорлар – замонамиз қаҳрамонлари” мавзусида тадбир ўтказилди.

Унда муассаса шифокорлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, партия фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – коронавирус пандемиясига қарши курашиб, юксак билими, салоҳияти ва профессионал маҳорати билан халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишда жонбозлик кўрсатаётган ҳамда беморлар ҳаётини сақлаш мақсадида ўз ҳаёти, соғлиғини хавф остига қўяётган шифокорлар меҳнатини эътироф этиш ва рағбатлантиришдан иборатдир.

Таъкидланганидек, пандемия вақтида берилган қатъий топшириқлар ижроси таъминланиши натижасида тезкорлик билан қатор масалалар ечилди. Жумладан, касалланганлар учун қўшимча равишда қарийб 50 мингта ўринлар ташкил этилди. Тез ёрдам хизматига янги 400 та хизмат машинаси харид қилинди ва чақирув қўнғироқларига 10 сония ичида жавоб берадиган тизим ишга туширилди.

Асосий электорати сафига тиббиёт ходимларини киритган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлари коронавирус пандемияси пайти шифокорлар маошини ошириш таклифи билан чиққан эди. Ғояларимиз ўз тасдиғини топиб, “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президент Қарори имзоланди. Унга кўра коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда лабораторияларда фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун солиқлардан ташқари махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди. Коронавирусга қарши курашишга жалб этилган 5,5 минг нафар тиббиёт ходимининг ойлик маошига қўшимча 120 фоиз устама тўлаш мазкур соҳа вакилларига эътибор давлат даражасида эканини англатади.

Шу билан бирга қисқа вақт ичида Зангиота туманида 2000 ўринли кўп тармоқли махсус шифохонаси қуриб битказилди. Шифохона комплекси енгил конструкцияли, изоляция қилинган сендвич панелларни қўллаган ҳолда, энергия тежамкор технологиялар асосида қисқа муддатда қурилди. Энг сўнгги замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Аҳамиятлиси, шифохона қоғозбозлик амалиётидан воз кечган. Барча ишлар «Электрон соғлиқни сақлаш» тизими орқали амалга оширилади. Муассасанинг 72 ўринли реанимация бўлимида ҳар бир койка ўпканинг сунъий вентиляцияси ва даволаш аппаратлари билан жиҳозланди.

Бундан ташқари коронавирусга қарши курашаётган 140 мингдан ортиқ шифокор меҳнати ҳар қанча таҳсинга сазовор. Президент фармони билан кўринмас ёвга қарши курашаётган 400 га яқин замонамиз қаҳрамонларига давлат мукофотлари берилгани соҳа фидойиларининг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшгани ҳам бор гап. Партиямиз электоратининг асосий қисмини ташкил этувчи шифокорлар давлат раҳбарининг шахсан ўзи томонидан меҳнатлари эътироф этилиб, қадр топаётганидан мамнун эканликларини маълум қилишмоқда.

Партия ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда ҳам шифокорларнинг фидокорона меҳнати яна бир бор эътироф этилди. Шифокорларга мамлакатимиз аҳолисининг миннатдорчилиги, улар билан елкама-елка эканлиги етказилди.

Тадбирда сўзга чиққан шифокорлар ҳукуматимизга, тадбир иштирокчиларига миннатдорчилик билдириб, ўзлари учун ҳам, беморлар учун ҳам барча шароитлар яратилганини таъкидлашди. Шундай бўлса ҳам фуқароларимиздан ҳали хавф чекинмагани учун огоҳликни бир дақиқа ҳам йўқотмаслик, беэътибор бўлмаслик лозимлигини таъкидлашди. Аҳолимизнинг белгиланган қонун-қоидаларга амал қилиши уларнинг давлатга ва шифокорларга берган энг катта ёрдами эканлиги қайд этилди.  
Йиғилиш сўнгида шифохона ходимларининг барчасига миннатдорчилик рамзи сифатида эсдалик совғалари ва ташаккурномалар тақдим этилди.

"Адолат" СДП Матбуот хизмати 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+