Партиядошимиз таклифи давлат дастурида акс этди

19.03.2024 13:03:47

Бугунги кунда мамлакатимиз инсон қадрини улуғлаш, адолатли ва халқпарвар давлат қуриш каби муҳим ғоялар асосида барпо этилмоқда.
Юртбошимиз томонидан илгари сурилаётган бундай улуғвор мақсад асносида халқимиз янгидан-янги ислоҳотларнинг ҳаққоний яратувчисига айланиб бормоқда. Фуқароларимиз ва юртимиз ривожи учун хизмат қилувчи турли норматив ҳужжатлар қабул қилинишида ҳар бир инсоннинг фикрига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, давлат дастури лойиҳасининг халқ муҳокамасига қўйилиши ҳам одат тусига айланиб улгурди. Ўтган йиллар тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, давлат дастурдаги энг халқчил ғоялар аҳоли билдирган таклифлар асосида вужудга келган. Шунинг учун халқимизнинг ушбу жараёнлардаги фаоллиги йилдан йилга ошиб бормоқда.
«Ўзбекистон-2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисида»ги президент фармони лойиҳалари ҳам жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди ҳамда 9 февралга қадар жамоатчилик ва экспертлик муҳокамаларидан ўтказилди. Мазкур жараёнда юртдошларимиз ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиб чиққан ҳолда, ўз таклифлари билан иштирок этишди.
Мамлакатимиз тараққиётини белгилаб берувчи ушбу ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси депутатлари, фаоллари, экспертлари, бошланғич партия ташкилотларида ҳам кенг ўрганилиб, таклифлар билдирилди. Хусусан, партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши бош мутахассиси Шахноза Соатова томонидан 6–23 ойлик болаларни микронутриент кукуни билан, 2–10 ёшдаги болаларни гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан таъминлаш бўйича болаларнинг соғлом овқатланиши, рационал ўсиши ва ривожланиши, ақлан баркамол шаклланиши учун давлатимиз томонидан берилаётган бепул препаратларнинг яроқлилик муддати ва сифат сертификатларини уларни қабул қилувчи болалар ота-оналарига ҳавола этиб бориш бўйича билдирилган таклифи ўринли деб топилиб, давлат дастурининг 16 мақсад, 40 вазифасига киритилди.
Давлатимиз томонидан болаларнинг бундай препаратлар билан бепул таъминланиши албатта, уларнинг ақлан ва жисмонан етук, баркамол бўлиб вояга етишларида муҳим ўрин тутади. Аммо кейинги вақтларда тиббиёт ходимлари томонидан берилаётган препаратлар тўғрисида ота-оналарга ҳеч қандай тушунчалар берилмаётганлиги сабабли, бу дори воситаларини ота-оналарнинг ўз фарзандига беришда турли хавотирларни уйғотаётган эди. Натижада давлат бюджетидан мазкур дори воситаларини сотиб олиш ва фуқароларга етказиб бериш учун ажратилаётган маблағлар беҳуда сарфланаётгандек эди гўё. Эндиликда ҳар бир дори воситасининг аҳамияти, яроқлилик муддати ҳақида сифат сертификатларини тақдим қилиниши ва тушунчалар берилиши бундай хавотирларга ўрин қолдирмаслигига асос бўлади.

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+