Қачон репетиторга эҳтиёж камаяди?

08.04.2024 09:04:19

Бугунги кунда Президентимиз томонидан ўқитувчилар қўллаб-қувватланмоқда, уларнинг ойлик маошлари сезиларли равишда ошди, имтиёзлар берилди. Бундан кўзланган мақсад келажак авлодга сифатли таълим бериш, соҳа ходимларининг масъулиятини ошириш.
Мактабларда давоматини яхшилашга “Миллий гвардия” ходимлари жалб этилди. Бунинг натижасида давомат анчагина яхшиланди. Ўқувчи мунтазам дарсга бориб келяпти. Дарсда нима ўрганяпти? Таълим сифати қандай?
Ачинарлиси, бугунги ўқувчи олий таълимга кириш мақсадида албатта, қўшимча пуллик тайёрлов курсларида ўқияпти. Ваҳоланки, бунга кимнингдир имконияти бор, кимникидир йўқ. Лекин аксарият ёшлар таълим олиш истагида.
Ўқувчиларнинг мактабдан ташқари пуллик таълим хизматлари, яъни репетиторларга бориши жуда оммалашган. Жуда кўп ота-оналар фарзандларини математика, кимё, биология каби фанлар ёки тил дарсларига беришади. Айниқса, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртига репетиторсиз кира олиши афсонага айлангандек.
Репетиторда тайёрланиш оила бюджетига ҳам анчагина зарар келтиради. Чунки, репетиторда битта фандан бир ой тайёрланиш ўртача ҳисобда 300 минг сўм бўлса, бир йиллигини ҳисоблайверинг. Унутмаслигимиз керакки, репетиторлар ҳам айнан мактабда ўтиладиган китоблардан дарс ўтади.
Мактабларда 10-11 синф ўқувчилари фанларни ихтиёрий танлов асосида ўқиши, ўқувчининг олий ўқув юртига кириш имтиҳонига бўлган тайёргарлигини мустаҳкамлайди. Ўқувчилар вақтидан унумли фойдалана олади ҳамда рақобат кучайиб, кўпроқ ўз устида ишлай бошлайди. Юқори синф ўқувчилари ихтисослаштирилган, яъни, ўзлари қизиққан йўналиш фанларини ўрганиши репетиторга бўлган талабни тушира олмайди. Негаки, жамиятимиздаги кўп ота-оналар ҳамда ёшларнинг миясига бир фикр сингиб қолган. Яъни, ёшлар қачон ўқишга киради? Қачонки, репетиторда тайёрланса! Бу янгилик, албатта, яхши. Бу тизим ишга тушгандан кейин ўқитувчиларимиз ҳам доимо ўз устида изланиш олиб бориши ва малакасини ошириши керак.
Яна бир масала бор. Шу ўринда янгиланган дарсликларга тўхталадиган бўлсак, Айниқса, она тили фанидан янгиланган дарслик эскисидан анча фарқ қилади. Янги нашр ўқувчининг фикрлаш савиясини оширишга қаратилган. Ўқувчи амалий ва лойиҳа ишларини бажариши мумкин. Бироқ она тили фанидан ОТМга кириш учун тузиладиган саволларнинг аксарияти грамматикадан тузилади. Табиийки, репетиторлар ҳам ОТМга кириш имтиҳонлари учун белгиланган фанлардан аниқ саволлар асосида ўқувчиларни тайёрлашади. Хулоса қилиш мумкинки, яна репетиторларга талаб ошади.
Кўп йиллик тажрибали педагоглар фикрини тинглаганимизда, янгиланган дарсликларга яна бир бор эътибор қаратилишини ёки тестларни янгиланган дарсликлар асосида тузиш таклифини беришди.
Нафақат педагоглар, балки ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳам шу фикрда.
Шунингдек, бизга мактабда фанлар кесимида инновацион янгилик яратган ҳолда услубий қўлланмалар чиқаришда ҳамда бўлажак талабани тайёрлай олиш қобилиятига эга кадрлар кераклигини ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди. Шу каби талабларга риоя этилса, ёшларимиз орасида билимли ва салоҳиятлилари кўпаяди, ОТМга кириш эса уларга қийинчилик туғдирмайди. Бугунги замон талаби ҳам шуни тақозо қилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, доимо изланишда бўлган ёшлар, ҳамда тўғри йўналиш бера оладиган ўқитувчилар ортиб боргани сайин, репетиторга бўлган эҳтиёж ҳам камайишига ишончим комил.

Моҳигул Раҳимқулова,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Бухоро вилоят кенгаши Матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+