Қўшимча ишчи ўринлари яратишга киришилди

13.04.2024 17:04:10

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятидаги ташрифи чоғида Уйчи туманидаги «Қумтепа» маҳалласидаги бир қатор тадбиркорлик субъектлари қатори бир марталик ишчи қўлқоплар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган «Экселлент тайлес» хусусий корхонасида ҳам бўлиб, жамият фаолиятини янада кенгайтириш ва қўшимча ишчи ўринлари яратиш бўйича топшириқ берган эди.
Мазкур топшириқларни амалга ошириш мақсадида туман ҳокими Шуҳратжон Мусаев ишчи гуруҳ билан биргаликда жамият фаолиятини янада кенгайтириш ва қўшимча ишчи ўринларини яратиш бўйича истиқболдаги режаларни ўрганиб, иш ўринлари яратишда тезкорлик кераклигини уқдириб ўтди ва бу ишга шу кундан бошлаб киришилди. Жамият таъсисчиси, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Раҳмонберди Исмоилов кўзда тутилган мақсадлар ҳақида батафсил тушунча берди. 2023 йилнинг айни баҳор фаслида ўз фаолиятини бошлаган жамият Россия Федерациясидаги харидорлар билан шартнома тузган ҳолда дастлабки маҳсулотини ишлаб чиқара бошлаган эди.


Йил охирига қадар 400 минг жуфтдан зиёд ишчи қўлқоп ишлаб чиқарилиб, 200 минг АҚШ доллар миқдоридаги маҳсулот экспорти амалга оширилган. Айни кунда жамиятда 60 нафар ишчи бор. Шундан 30 нафари касаначилик асосида фаолият юритади.
— Жамиятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга бўлган талабнинг юқори эканини ҳисобга олган ҳолда, қўшимча ишчи ўринлари яратиш режаси амалга оширилмоқда, - деди суҳбат чоғида Раҳмонберди Исмоилов. - Айни пайтда Янгиқўрғон туманида иккита филиал ташкил этганмиз. Президент томонидан берилган топшириққа асосан, жамиятнинг ишлаб чиқариш қувватини янада ошириш мақсадида яна юз нафар ишчи ўрни яратишимиз керак бўлади.
Дарҳақиқат, партиямиз фаолларидан бири, туман депутатлик гуруҳи етакчиси, қалби ғайрат-шижоатга тўлиб-тошган Раҳмонберди Исмоилов таъсис этган жамият тез орада саноат бозорида ўз ўрнини топиб олди. Энг муҳими, маҳаллаларда бекор ўтирган аёллар ишлик бўлди. Истиқболдаги режага асосан, 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган эркаклар, хотин-қизларни конструкторлик, тикувчилик, сифат назоратчиси йўналишлари бўйича ишга қабул қилиш тадбири тузилган. Айни пайтда жамиятда ишга жойлашган ишчи-хизматчилар учун барча қулай шароитлар яратилган.

Ғолибжон БОБОЕВ,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Наманган вилоят Кенгаши
ижрочи котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+