Саховат ва кўмак – инсоний фазилатдир

01.04.2024 11:04:17

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари бошчилигида барча давлат ва нодавлат ташкилотлар, ташаббускор ва фаол тадбиркорлик субъектлари томонидан халқимизнинг кам таъминланган, эҳтиёжманд қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, халқимиз орасида бағрикенглик, саховатпешалик, ҳамжиҳатлик кайфиятини янада кучайтириш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Юртбошимиз томонидан 2024 йил 7 мартдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорининг имзоланиши ҳам мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим чора-тадбирларни белгилаб бергани билан барчамизнинг руҳиятимизни янада кўтариб юборди. Ушбу ойда халқимизнинг меҳр-мурувват, оқибат ва саховат, ўзгаларга кўмак қўлини узатиш, йиқилганни суяш каби эзгу фазилатларни ҳар доимгидан-да кенгроқ намоён этишга сабаб бўлди.
Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Зарбдор туман Кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотлар ҳам мазкур муборак ойда олиб борилаётган бундай хайрли ишларга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.


Партиянинг “Саховат – беназир қадрият” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур саховат ишларида тумандаги ёлғиз, боқувчисини йўқотган нуронийлар ҳолидан хабар олинди. Уларнинг ҳар бирига эҳтиёж учун зарурий истеъмол маҳсулотларидан иборат ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди.
Албатта, гап шунчаки совғада эмас, балки эътиборда, инсон кўнглига қувонч улашиш, шу орқали уларнинг келажакка бўлган ишончини янада оширишдан иборатдир, - деди партиянинг Зарбдор туман Кенгаши раиси Дилрабо Очилова. - Азиз ва саховатпеша юртдошларимиз бу каби хайрия ишларини кўпайтирса, юртимизда эҳтиёжманд кишилар янада камаяди, ҳар бир уйда шодлик, қувонч муҳити ҳукм суради.
Ҳомийлик ёрдами кўрсатилган фуқароларнинг ҳар бири қўлини дуога очиб, кўрсатилган бундай эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканликларини билдиришиб, ташкилотчиларга раҳматлар айтишди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+