Самарқанд тажрибаси оммалаштирилади

22.04.2024 15:04:47

Хабарингиз бор, «Адолат» социал-демократик партияси Марказий аппарати ишчи гуруҳи томонидан ҳудудий кенгашлар фаолияти билан яқиндан танишиш, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. «Адолат» СДП Сиёсий кенгаши раис ўринбосари Ислом Хамроев бошчилигидаги навбатдаги ишчи гуруҳ Самарқанд вилоят кенгашида бўлиб, ҳудуд кесимида олиб борилаётган ишлар кўлами, ютуқ ва камчиликлар хусусида ўрганиш ишларини олиб борди. Ҳудуддаги ўрганишлар давомида, партия дастурий вазифаларининг бажарилиши, лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида қилинаётган ишлар ҳолати билан яқиндан танишилди.


– Вилоятдаги партиядошларимиз фаолиятини ўрганишни Булунғур туманидан бошладик. Ўтган икки кун давомида тумандаги «Мега теcстиль» МЧЖ қошида 52 кишидан иборат бошланғич ташкилоти очилган бўлса, Жомбой туманида «Жомбой яшил чироқлари» МЧЖда 68 нафар, Тайлоқ туманидаги «Агробанк» филиалида 37 нафар, Ургут туманидаги мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти қошида 161 нафар, мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти Самарқанд туман бўлими ҳамда тумандаги «АГРОМИР» масъулияти чекланган жамияти қошида 400 нафардан зиёд, Самарқанд шаҳар юридик техникуми қошида 41 нафар аъзодан иборат партиянинг қуйи бўғини ташкил этилгани партиянинг омма орасига кенг кириб бораётгани, танилувчанлиги ортиб бораётганининг далилидир, – деди Ислом Ҳамроев.
Шунингдек, партия аъзолари сафини кенгайтириш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, кадрлар захирасини мустаҳкамлаш, аъзолик бадаллари тушумини тизимли йўлга қўйиш, партия аъзоларининг сиёсий билимлари ҳамда фаоллигини ошириш ва бошқа устувор масалалар муҳокама қилиниб, йўл қўйилган айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди. Ўрганишлар мобайнида партия номи, ғоя ва мақсадларига ҳамоҳанг равишда ҳудудий кенгаш таркибида фаолият олиб бораётган хотин-қизлардан сайланган кенгаш раисларини рамзий маънода бирдек «Адолат опа» дея мурожаат қилиниши Самарқанд вилоят кенгашининг бошқарув тизимидаги алоҳида ўзига хос жиҳатларидан бири сифатида эътироф этилди. Шунингдек, вилоятда партия тизимида салоҳиятли раҳбар қадрларни, депутатликка номзодларни саралаш, иш юритишда ижро интизомини таъминлаш, офислар, зарур моддий техник база билан таъминланганлик ҳолати, ҳудуддаги ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қуйиш борасида Самарқанд Вилоят кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланиб, Самарқанд тажрибаси сифатида кенг оммалаштириш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистон "Адолат" СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+