Спортчи битирувчиларга диплом топширилди

16.07.2024 11:07:40

Спорт билан шуғулланиш киши саломатилигини мустаҳкамлаш билан бир қаторда иродасини ҳам чиниқтиради. Сўнгги йилларда соҳага қаратилаётган эътиборнинг кучаяётгани нафақат марказий, балки чекка ҳудудларда ҳам спорт муассасалари бунёд бўлишига, шу орқали спорт билан доимий шуғулланадиган аҳоли, айниқса, ёшларнинг кўпайишига замин яратмоқда.

Тойлоқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳам шу улуғ мақсад йўлида ташкил этилган бўлиб, бу йил 2023-2024 ўқув йили битирувчиларини катта ҳаёт сари кузатди. «Биз спорт тарафдоримиз — Янги Ўзбекистон бунёдкоримиз!» шиори остида уларга диплом ва иккинчи курс талабаларига спортдаги эришган ютуқлари учун фахрий ёрлиқлар топшириш маросими бўлиб ўтди.

Унда Спорт вазирлиги вакили К.Холматов, туман ҳокими ўринбосари Ж.Ҳақбердиев, «Адолат» социал-демократик партияси Тойлоқ туман Кенгаши депутати А.Қобилов, битирувчи-ёшлар иштирок этди.

Маросимда меҳмонлар мамлакатимизда ёшлар учун спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятан билимли, соғлом ва баркамол ёш авлод шаклланишига хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек,  «Адолат» вакили Абдулла Қобилов ёшларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаш, сиёсий билимини ривожлантириш  мақсадида партия томонидан амалга ошириб келинаётган  «Ёш адолатчилар»,  «Ёшлар қаноти» каби лойиҳалари ҳақида маълумот бериб ўтди. 

Шундан сўнг, битирувчиларни марказ директори У.Курбанов табриклаб, барчаларига келгуси ишларида улкан зафарлар тилади.

Нилуфар АКРАМОВА,

«Адолат» СДП

Тойлоқ туман Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+