Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларни ҳимоялаймиз

24.04.2024 16:04:09

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан Қарши иқтисодиёт-педагогика университети тадбиргоҳида « Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан асраймиз» мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда «Адолат» СДП вилоят ходимлари,Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси терроризмга қарши кураш бўлими тезкор вакили Саодат Ҳақбердиева, Иқтисодиёт ва педагогика университети «Ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиёт» факультети декани, доцент Равшан Абдураҳмонов, «Тарих ва ижтимоий фанлар» кафедраси мудири,вилоят депутати, доцент Саҳодат Муртазова, партия фаоллари, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

-Терроризмнинг асосий мақсадларидан бири шуки, у бузғунчилик, қўпорувчилик, қўрқитиш йўли билан ўз ҳукмини ўтказиб, ҳокимиятга эришишда парокандаликка олиб келувчи ғоясидан фойдаланиш билан характерланади,-деди Қарши шаҳар терроризмга қарши кураш бўлими тезкор вакили Саодат Ҳақбердиева.- Терроризм иқтисодий, сиёсий, диний, ғоявий, миллий, руҳий ва индивидуал шаклларда намоён бўлиши мумкин. Таъқиб қилиш, зўравонлик, қўпорувчилик ва қотиллик терроризмнинг ҳар қандай кўриниши учун умумий хослик бўлиб, у гуманизм, демократия, адолат тамойилларига зиддир.
Тадбирда Ўзбекистон «Адолат» СДП вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилрабо Чориева «Зўравонликка учраган хотин-қизлар ҳимоясининг ижтимоий-ҳуқуқий асослари» мавзусида маъруза қилди.

-Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий мақомини янада ошириш, таълим олиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, гендер тенглик, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда,-деди Дилрабо Чориева.-Афсуски, амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамай, кундалик ҳаётимизда хотин-қизлар шафқатсизликларга учраб турибди. Аёлларимизни ҳимоялаш механизмини кучайтириш мақсадида «Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида» қонун қабул қилинган.. Мамлакатимизда умргузаронлик қилаётган миллионлаб аёлларнинг бугуни ва истиқболи ҳақида шахсан давлатимиз раҳбари қайғураётганликлари ва фуқаролардан ҳам мана шундай эътибор, куюнчакликни, муаммога ҳуқуқий маданият ва теран ақл билан ёндашишни талаб қилаётганликлари боис ҳам уларнинг жамиятда тутган ўрни юксалмоқда.
«Адолат» СДП томонидан аёлларга эътибор катта. Партиянинг «Аёллар қаноти» айни дамда жамиятимизда хотин-қизларда етакчилик фазилатларини ошириш ва улар орасидаги истеъдод эгаларини кашф этиш, замонавий билим ва малакаси, маънавий интеллектуал салоҳиятини намоён этиш, ҳар бир аёлнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Тадбирда «Тарих ва ижтимоий фанлар» кафедраси мудири,вилоят депутати, доцент С.Б.Муртазова ҳам сўзга чиқди.

-Бош қомусимизда ҳам аёлларимизнинг ҳуқуқ ва бурчлари, жамиятдаги ўрни ва нуфузи ҳақида алоҳида модда борлиги қувонарлидир,-деди Саходат Муртазова — Юртимизда биз аёллар меҳнат қилишимиз, изланишимиз, таълим олишимиз учун барча имкониятлар яратилган бўлишига қарамасдан, ҳали ҳануз хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонликка учрамоқда. Бугун ҳам барча фуқароларни ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш долзарб вазифага айланиб қолмоқда.
Шунингдек, тадбирда партиянинг «Аёллар қаноти» фаоллари , университет хотин-қизлар қўмитаси раиси Раъно Асадова, Иқтисодиёт ва педагогика университети «Ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиёт» факультети декан, доцент Равшан Абдураҳмонов ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш борасида давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида энг қуйи бўғин-маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган тизим яратилганини эътироф этдилар.

Тадбир самарали ва ёрқин таассуротларга бой бўлди.

Гулноза Раджабова,
«Адолат» СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+