"Тазйиқ ва зўравонликсиз соғлом жамият сари"

19.03.2024 14:03:28

Куни кеча Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилоят бўлинмаси, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро шаҳар Кенгаши, Бухоро шаҳридаги "Намозгоҳ" МФЙ билан ҳамкорликда 13-сон умумтаълим мактабида "Тазйиқ ва зўравонликсиз соғлом жамият сари" мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилоят раҳбари, халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати М. Пардаева, ИИО ФМБ ХПБ хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори, капитан М. Неъматова, Бухоро вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансери психологи Д. Қаюмова, “Адолат” СДП Бухоро шаҳар Кенгаши “Аёллар қаноти” раиси Г. Кенжаева, "Намозгоҳ" МФЙ раиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда маҳалла нуронийлари, маҳалла "Бувижонлар мактаби" раҳбари, диний ишлар бўйича вакиллар иштирок этишди.


Сўзга чиққанлар, оила мустаҳкам, тинч, фаровон ва соғлом бўлсагина, жамият барқарор ривожланиши борасида гапириб ўтишди.
Оиланинг мустаҳкамлиги оила муҳитидаги тинчлик-хотиржамлик, бир-бирига бўлган самимий муносабатлар, оила аъзоларининг ахлоқий тарбиясига боғлиқ. Айнан оилада инсонларга хос маънавий-ахлоқий қадриятлар: ўзаро ҳурмат, иззат, ишонч, эътиқод, меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат туйғулари яққол намоён бўлади. Ота-онанинг муқаддас бурчи ва вазифаси нафақат фарзандни дунёга келтириш, балки уларни юксак маънавиятли маърифатли ва баркамол қилиб тарбиялаш, жамиятда ўрнини мустақил равишда топишга шарт-шароит яратиб беришдан иборат. Соғлом фарзанд тарбиясида оиладаги маънавий муҳитнинг тўғри йўлга қўйилиши, ота-онанинг ибрати ва масъулияти ҳар қачонгидан муҳимлиги ҳақида айтиб ўтилди.
Оила бағрида улғаяётган фарзандлар комил инсон сифатида вояга етиб, давлатимизнинг кучига куч, қудратига қудрат қўшаверсин. Зеро, оила жамиятнинг асосий бўғини экан, унинг мустаҳкам бўлиши, фаровонлиги давлатимиз ва жамиятимиз равнақига хизмат қилиши, шубҳасиздир.

Абдурауф Аҳмедов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Бухоро шаҳар Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+