Тиббиёт ходимлари билан давра суҳбати

09.04.2024 13:04:55

Саломатлик – инсоннинг бирламчи эҳтиёжи, истаги. Шу боис Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг сайловолди дастурида бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, соҳанинг изчил ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Нукус шаҳрида жойлашган Республика қон қуйиш станциясида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси ва Нукус шаҳар кенгаши иштирокида янгиланган Конституциянинг мазмун-моҳиятини тиббиёт ходимларига етказиш мақсадида “ Конституция – ҳуқуқий давлат пойдевори” мавзусида тарғибот тадбири ташкил этилди.


̶ Янгиланган Конституция Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлади. Айниқса, унда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси кучайтирилди, - деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари - Шарипа Тўрешова. - Хусусан, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди. Ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар янада мустаҳкамланди.


Тадбирда Конституцияга киритилган ўзгартиришлар, адолатли ва фаровон жамиятни барпо этишда Конституциянинг ўрни ва аҳамияти, шу билан биргаликда тиббиёт соҳасидаги янгиликлар ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Айтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини, шошилинч тиббий ёрдамни ва ихтисослаштирилган тиббий хизматлар тармоғини ўз ичига олувчи уч босқичли миллий тиббиёт модели яратилди, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлигини, сифатини ва қулайлигини ошириш таъминланмоқда.
̶ Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тўлдирилган янги моддаси шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик, қонун билан белгилаб қўйгани билан аҳамиятли, - деди Республика қон қуйиш станцияси бош шифокори вазифасини вақтинча бажарувчи - Гулзор Худойберганова.
Тадбирда сўзга чиққан тиббиёт ходимлари бундай ислоҳотлар уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва касбий фаолиятига турли аралашувларнинг олдини олишга, шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини ошириб, фуқароларга ўз вақтида сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлашди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши
матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+