“Тозалик – соғлом ҳаёт мезони”

19.03.2024 14:03:04

Юртимиз кундан-кун чирой очиб, шаҳар ва қишлоқларимиз обод бўлганча, замонавий уй-жойлар, кўплаб хиёбон ва дам олиш масканлари бунёд этилмоқда. Шу билан бирга, ҳудудларни боғловчи транспорт-логистика тизимлари, автомобиль ва темир йўллари, кўприкларнинг қурилиши аҳолига қулайликлар яратиб, халқимизнинг турмуш фаровонлиги юксалишига хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида атроф-муҳитни асраб-авайлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг тиббий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада “Адолат” СДПнинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида депутатларимиз томонидан амалий ишлар тизимли йўлга қўйилиб, юртимиз ободлиги йўлида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Жумладан, Халқ депутатлари Қоровулбозор туман Кенгаши депутатлари Нурали Эшмуродов ҳамда Меҳринисо Бобоназаровалар томонидан лойиҳа доирасида “Тозалик – соғлом ҳаёт мезони” мавзусида туман касб-ҳунар мактаби ўқувчилари иштирокида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққан депутат М. Бобоназарова шундай бир шароитда айрим фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг яратилаётган имкониятларга муносиб бўлиш, муқаддас Ватанимизнинг ободлиги йўлида ҳисса қўшиш ўрнига, бундай ишларга ҳурматсизлик кўрсатиш ҳолатлари кузатилаётганини билдириб ўтди. Дарҳақиқат, юртни озода ва покиза сақлаш, ҳашарлар ташкил қилиш орқали маҳалла ва гузарларни тозалаш, ариқ ва зовурлар қазиш, боғ-роғлар яратиш ота-боболаримиздан қолган азалий қадриятлардан саналади. Аждодларимиз хонадонни, йўлни, сувни муқаддас ҳисоблаб, уларнинг тозалиги ва покизалигини сақлашга ҳамиша риоя қилишган. Айниқса, сувни тоза тутиш, унга тупуриш ёки бирор нарса оқизиш гуноҳи азим эканлигини бот-бот такрорлашган.
Халқимизда “Тоза уйда дард қолмас”, “Уйи тозага гард юқмас, гард юқса ҳам, дард юқмас” каби нақллар бежизга айтилмаган. Глобаллашув, аҳоли сонининг ошиши, шаҳарлашув жараёнларининг тезлашиши натижасида сўнгги пайтларда бу каби одатларимиз бироз унутилмоқда.
- “Айрим фуқаролар томонидан маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ёки оқава сувларга оқизиш, барг-хазонларни ёқиш, дуч келган жойларга сигарет қолдиқлари, писта пўчоқлари, пластик идишлар, сақич ёки целлофан пакетларни улоқтириш каби хатти-ҳаракатлар тез-тез учраб турибди. Бу эса яшаб турган маконимизнинг софлиги, тозалиги ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Хориж тажрибасига қарайдиган бўлсак, Европа ҳамда Осиёнинг кўпгина илғор давлатларида аҳолининг тиббий ва санитария-эпидемиологик маданияти юқори даражада эканлиги, фуқароларда атроф-муҳит тозалигига дахлдорлик ҳисси кучлилиги, шу билан бирга, ушбу тартиб-таомилларни бузганлик учун жазо чоралари қонунчилик билан қатъий тартибга солинганини кўришимиз мумкин” - деди туман Кенгаши депутати Н. Эшмуродов.
Мамлакатимизда ҳам ўтган йиллар мобайнида ушбу соҳаларни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий база яратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси янги Конституциясининг 62-моддасида фуқароларнинг атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканлиги белгиланган. Учрашув якунида депутатлар томонидан мактаб ўқувчиларини Наврўз умумхалқ байрами олдидан бўлиб ўтадиган ҳашарда фаол бўлишга чақиришди.

Моҳигул Раҳимқулова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+