Учрашувлар давом этмоқда

25.09.2021 13:09:09

Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили, вилоят партия Кенгаши раиси Исроилжон Жўраев тарғибот тадбирларини давом эттирмоқда. Улар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Сайловчилар дастур билан танишиш асносида давлатимизни янада тараққий эттиришга қаратилган таклифларни астойдил маъқулламоқдалар. Айни пайтда ўзларининг мулоҳазаларини ҳам баён этмоқдалар. 

Ишончли вакил ўтказган навбатдаги учрашув манзили Косонсой бўлди. Бу ердаги маданият марказида маҳаллий аҳоли вакиллари – педагоглар, шифокорлар, тадбиркорлар, уй бекалари тўпландилар. Улар орасида сайловда илк бор қатнашадиган йигит-қизлар ҳам талайгина эди. Ишончли вакил одатдагидай, дастлаб барчани Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Сўнгра сайловолди дастурининг энг муҳим жиҳатларига тўхталди.

– Мен учрашувдан катта таассурот олдим, - дейди меҳнат фахрийси Анорбой ака Олимов. – Айниқса, дастурда ҳаётимизнинг барча жабҳаларига доир масалалар қамраб олингани зўр бўлибди. Хусусан, таълимни ривожлантиришга қаратилган ғоялар жуда қизиқарли. Чунки бу соҳани тўлақонли ислоҳ этмай туриб, баркамол авлодни тарбиялаб бўлмайди.

Суҳбатдошимиз шундан сўнг айрим мактабгача таълим ташкилотларининг фаолияти талаб даражасида эмаслигини тилга олди. Қолаверса, кичкинтойларни  ҳозиргидек уч ёшидан эмас, икки ёшидан бошлаб, ҳеч қандай навбатларсиз юз фоиз қамраб олиниши кераклиги ҳақидаги таклиф ҳам маъқул. Мактабгача таълим тизими тўлиқ бепул бўлишини кафолатлаш пайти  келди.

Учрашувда сўзга чиққан  халқ депутатлари Косонсой туман кенгаши депутати Маъруфжон Тешабоев,  “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Баҳодир Болтабоев, мехнат фахрийси  Муроджон Жалилов ва бошқлар ҳам қимматли ва жўяли фикр-мулоҳазаларни изҳор этдилар.

                                                                                     Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+