Учта олий ўқув юрти фаолияти ўрганиб чиқилди

02.04.2024 09:04:23

Жамоатчилик назорати


Наманган вилоятида олий ўқув юртлари сони йилдан-йилга кўпайиб, ўқишга иштиёқи баланд йигит-қизларнинг таълим олиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Айни пайтда мавжуд олтита давлат ва тўртта хусусий олийгоҳларда 70 минг нафарга яқин талабалар турли касбларни эгаллаш бўйича таълим олмоқдалар. Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг қарорига мувофиқ жорий йилнинг февраль март ойларида Олий таълимда илмий-тадқиқот ишларининг натижадорлигини ошириш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш юзасидан ва талабалар ва амалиётчининг ишлаб-чиқаришда олган билим ҳамда кўникмалари даражасини жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб чиқиш вазифаси белгилаб берилганди.


Ушбу вазифани амалга ошириш мақсадида «Адолат» СДП вилоят Кенгаши томонидан ишчи гуруҳи шакллантирилиб, Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик технология институти ва Наманган муҳандислик қурилиш институтларида назорат тартибида ўрганишлар олиб борилди. Жамоатчилик назоратини ўтказиш давомида Олийгоҳларининг ўтган ўқув йилида ва 2024 йилнинг дастлабки ойларида ўқув йили бўйича амалиёт ўтказиш соатлари, муддатлари ва мактаб ва ташкилот муассасаларида амалиёт ўтказиш бўйича тузилган дастурлар ўрганиб чиқилди. Университетда 2023-2024-ўқув йили учун жараён жадвалига кўра жами 925 ҳафта ёки 27414 соат юклама ҳажмида малакавий амалиётлар кўзда тутилган бўлиб, талабаларнинг амалиёт соатлари мактабгача ва мактаб таълим муассасаларида, вилоят бадиий ижодкорлар уюшмаси, амалий санъат (кулолчилик) университетнинг кулолчилик устахонасида, кутубхона-ахборот фаолияти Муҳаммадшариф Сўфизода номидаги болалар кутубхонаси, Янги Ўзбекистон зиё маскани ва Нодирабегим номидаги ахборот кутубхона марказида, маданият ва санъат бўйича вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи ва вилоят маданият бошқармасида, мусиқа таълими бўйича Наманган туманидаги 36- ва Чуст туманидаги 9-умумтаълим ўрта мактабларида ўтказиш қатъий белгиланган.


Бир сўз билан айтганда, университетдаги мавжуд кафедралар билан вилоятдаги қатор корхона, ташкилот ва муассасалар ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, талабаларни малакаларини ошириш ва ишга жойлаштириш бўйча 422 та шартнома расмийлаштирилган. Етук кадрлар тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб олган университетнинг илмий салоҳияти йилдан йилга ортиб бормоқда. Жамоада жами 680 нафар профессор ўқитувчилар бўлиб, шундан 247 нафари илмий даражага эга. Ўтган ўқув йилида асосий ставкада фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилардан 61 нафари фалсафа доктори (PhD), 9 нафари фан доктори илмий даражасини ҳимоя қилган. Профессор ўқитувчилардан 31 нафари доцент, 8 нафари профессор унвонини олган. Наманган муҳандислик технологиялар институтида янги ўқув йилининг 1-даврида талабаларнинг амалиёт ўтказишлари учун 9та таълим йўналиши бўйича малакавий амалиётлар ўтказиш режалаштирилган. Ўрганишлар давомида мактабгача ва мактаб таълими, қишлоқ хўжалиги, энергетика, инвестиция, савдо-саноат вазирликларига қарашли муассаса ва ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик шартномалар тузилганлиги аён бўлди. Амалиёт ўташ ва танлаган соҳалари бўйича иш ўрганишлари учун талабалар хавфсизлик чоралари билан таништирилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган ва уларга малакали ходимлар раҳбар этиб бириктирилган. Ушбу олийгоҳда 2024 йилнинг дастлабки икки ойида профессор ўқитувчилар ва тадқиқотчилар томонидан 3 та фан докторлик ва 12 та фалсафа доктори диссертациялари ҳимоя қилинган. Институтда 2021-2023 йиллар давомида ўтказилган 155 та диссертация ҳимоялари ўтказилган бўлиб, шундан 21 таси фан докторлик ва 134таси фалсафа докторлик диссертациялари ҳисобланади. Институтда Бизнес инкубация ва акцелерация маркази фаолият олиб бормоқда. Ушбу марказ томонидан талабалар жамоасидан иборат иккита 100 миллион сўмлик стартап лойиҳалари молиялаштирилди. 624 минг АҚШ долларига тенг ўнта халқаро лойиҳалар амалга оширилган.
Ўтган йили институтнинг профессор ўқитувчилари ва тадқиқотчиларининг халқаро илмий-техник маълумотлар базаларида индексланувчи илмий журналларда 199 та мақолалари чоп этилган. Шунингдек, ўтган йил давомида ихтиро ва фойдали моделлар, селекция ютуқлари ва саноат намуналарини яратиш бўйича 39 та патент ва АКТга оид дастурий маҳсулотлар учун 421 та гувоҳномалар олинган. жаҳон банки грантлари асосида 11,2 миллиард сўмлик 6 та лабораториялар жамланмалари келтирилиб, ўқув ва илмий жараёнга татбиқ этилган. Ишчи гуруҳи Муҳандислик-қурилиш институтида ҳам илмий фаолият бўйича қатор ижобий натижаларга эришилганлигига гувоҳ бўлишди. Мазкур институтда профессор-ўқитувчилар сони 385 нафар бўлиб, шундан 177 нафари илмий даражага эга. Ўтган йили профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар томонидан тўққизта 2243,0 миллион сўмлик, жумладан иккита Ўзбекистон-Белорус халқаро қўшма лойиҳалар, битта фундаментал лойиҳа, иккита амалий лойиҳа ва тўртта ПҚ-307 бўйича лойиҳа ишлари амалга оширилган. Ўтган йилда 135 нафар илмий ходим чет элларда малака оширган. Академик мобиллик бўйича 26 нафар талаба хорижда бўлиб қайтган. 2024 йилнинг январь ойи ҳолатига докторантлар сони 136 нафарга етган. Ўтган йилда учта халқаро ва шунча республика миқёсида илмий анжуманлар ўтказилган. Профессор ўқитувчилар томонидан ОАК журналларида 407 та, 501 халқаро импакт факторга эга журналларда ва 130 та Scopus маълумот базаларидаги журналларда илмий мақолалари чоп этилган. 2023-2024-ўқув йили учун олти нафар талаба Давлат стипендияси олиш имконини қўлга киритган бўлиб, шундан бир нафар талаба Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси ва тўрт нафари Беруний номидаги ва бир нафари Ислом Каримов номидаги стипендиялар соҳиби бўлишган. Мазкур олийгоҳ мамлакатимиздаги техника, технология, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳалари олий таълим муассасалари рейтингида 4-ўринни эгаллаб турибди. Институтда халқаро ҳамкорлик бўйича 43 та шартнома ва меморандумлар имзоланган. Мамлакат Президенти наманганлик ёшлар билан учрашганда, институтнинг транспорт факультети талабаси О. Қодирова томонидан билдирилган таклифга асосан энг замонавий йўналишлар бўйича билим олиш ва амалиёт ўташ учун транспорт факультети биносида барча шароит ва жиҳозларга эга бўлган Бионика лабораторияси барпо этилган. Хуллас, жамоатчилик назорати ишчи гуруҳи томонидан ҳар учала олийгоҳда олиб борилган ўрганишлар давомида бугунги кунда ёш авлодга берилаётган таълим самарадорлиги юқори экани маълум бўлди. Фақат яратилган имкониятлардан илм талабида бўлган йигит-қизларимиз унумли фойдалансалар ўзлари учун ҳам, мамлакат учун ҳам фойдали бўлар эди.

Баҳодир БОЛТАБОЕВ,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Наманган вилоят Кенгаши раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+