«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси халқимизнинг азалий анъаналари, қадриятларимизнинг бардавомлигига хизмат қилади

29.03.2024 16:03:22

Ассалому алайкум, қадрли партиядошлар!

Хабарингиз бор, куни кеча муҳтарам Президентимиз раислигида «Яшил макон» лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳамда чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, бу борадаги долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда 9 минг 452 та маҳалла, жумладан, шаҳарларимизда 39 мингтадан ошиқ кўпқаватли уйлар мавжуд. Маҳалла фаоллари, бошқарув сервис компаниялари ушбу ҳудудларда кўчатлар экилишига бош-қош бўлишлари, ўзимиз ҳам истиқомат қилаётган масканларимизни ободончилиги, кўркамлиги йўлида фаоллик кўрсатишимиз лозим.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси фақатгина ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари билан аҳамиятли бўлиб қолмасдан, у халқимизнинг азалий анъаналари, қадриятларимизнинг бардавомлигига ҳам хизмат қилади.

Бу йил баҳорда ушбу эзгу лойиҳа доирасида 125 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган. Ҳудудларда боғлар яратиш, йўл бўйларида 10 қатордан дарахт экиш ишлари аллақачон бошлаб юборилган.

Шу ўринда фаол, фидоий, ташаббускор партиядошларимизни ўз хонадонлари, кўча ва маҳаллаларида дарахт экиб, гўзал гўшаларимизни бунданда обод, боғ ичидаги бўстон масканга айлантиришга, жаннатмакон Ватанимизда экологик барқарорликни сақлаш, тозаликни таъминлашга чақирамиз.

Ишонамизки, партиямизнинг кўп минг сонли аъзолари, хайрихоҳлари меҳнаткаш, бунёдкор халқимиз билан биргаликда «Яшил макон» умуммиллий тадбирида фаол қатнашадилар. Кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ишларини ҳар биримиз ҳавас билан бажариб, мамлакатимизни яшил маконга айлантириш, экология мусаффолигини сақлашга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз!

Робахон МАХМУДОВА,
«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+