Ёшлар бандлигини таъминлаш - барчанинг иши

19.03.2024 12:03:55

Сўнгги йилларда мамлакатимизда айнан ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тегишли конституциявий нормалар асосида ўз аксини топмоқда. Бу эса бугунги ва эртанги авлод вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлақонли ҳимоя қилинишини англатади. Ҳозирда давлатимиз ўз ёшларининг келажаги учун масъулликни ўз зиммасига олмоқда. Сабаби, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуришда ёшларимизнинг эртанги кун учун ворислик масаласи долзарб вазифадир.
Шу боис, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ўз имкониятларидан самарали фойдаланишлари учун имконият яратиш, ҳудудлардаги уюшмаган ёшлар билан мунтазам шуғулланиш масалалари барчамизнинг диққат эътиборимизда бўлмоғи лозим.
Президентимиз ёшларга кенг имкониятлар яратиб бериш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларда кўплаб ташаббусларни илгари сурмоқда. Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактаблар, академик лицейлар, техникумлар, олий таълим муассасалари сони ортиб, улардаги таълим жараёни ҳам сифат жиҳатдан яхшиланиб бормоқда.
2024 йилга ҳам “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилишидан ҳам биз ёшларга берилаётган эътиборни нечоғлик улкан эканлигини англаш мумкин. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида ҳам ёшларни талаб юқори бўлган соҳаларга ўқитиш орқали касб-ҳунарга ўргатиш, замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Жорий йилнинг 23 февралида Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида ёшлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган йиғилишда ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш, бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун кўплаб имкониятлар яратиш, турли лойиҳалар, танловлар орқали уларнинг иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқариш борасида вазифалар белгиланди.
Хусусан, “Ёш тадбиркор” танловлари ўтказилиб, ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари хорижий давлатларга малака оширишга юборилиши, "Ибрат фарзандлари" лойиҳаси орқали 1 миллион нафар ўғил-қиз хорижий тилларга бепул ўқитилиши, “Устоз” лойиҳаси доирасида 250 минг нафар ёшлар маркетинг, реклама, электрон савдо, IT-дизайнер каби 30 та замонавий касбга ўргатилиши эътироф этилди.
Амалга оширилаётган бу каби барча қулайлик ва имтиёзлар ёшларимизнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, фаровон ҳаёт кечириши, замонавий касб-ҳунарларнинг етук мутахассиси сифатида мамлакатимизни дунёнинг ривожланган давлатлари орасида мустаҳкам ўрин эгаллашида ўз ҳиссаларини қўшишларида муҳим пойдевор бўлиши шубҳасиз.

Сабина Абдураҳимова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
“Ёш адолатчилар қаноти” фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+