“Жамиятда юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда сиёсий партияларнинг ўрни”

29.03.2024 12:03:59

Ўзбекистон “Адолат” СДП Пешку туман Кенгаши томонидан “Жамиятда юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда сиёсий партияларнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда партиянинг “Аёллар ҳамда Ёшлар қаноти” фаоллари иштирок этишди.
Тадбирни очиб бериш учун сўзга чиққан партиянинг “Ёшлар қаноти” аъзоси Орифжон Рўзиев ўрни ва аҳамияти жиҳатидан сиёсий партиялар жамият ҳаётида муҳим рол ўйнаши, улар жамиятни ҳаракатга келтирувчи асосий сиёсий кучлардан бири эканлигини айтиб ўтди. Қолаверса, улар мамлакатни мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожлантириш ҳамда демократияни таъминлашда фавқулодда муҳим рол ўйнайдиган жамоат бирлашмаси эканлигини таъкидлаб ўтди. Шу маънода, ҳар бир партия ўзига бўлган ишончни, куч-қувватни халқ ичидан олади. Шунинг учун ҳам ҳар қайси партия – халқнинг маълум қатлами манфаатларини ифодаловчи сиёсий куч, десак, айни ҳақиқат бўлади.
Қолаверса, тадбирда сўзга чиққанлар томонидан сиёсий партиялар ўз депутатлари орқали жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиши, уларнинг ечими бўйича таклифлар бериши, айниқса, таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориши муҳимлиги қайд этилди.
Тадбир иштирокчилари билан мулоқот жараёнида сиёсий партиялар фаолияти бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг ишини такомиллаштириш ва самарасини ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар, амалий таклифлар билдирилди.

Моҳигул Раҳимқулова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Бухоро вилоят Кенгаши
матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+