Болаларимиз Машани қўйиб, Зумрадни танисин!

20.10.2022 15:10:46
Бугунги кунда барча соҳаларда давлат тилининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ҳукуматимиз томонидан маънавий ҳаётимизни янада ривожлантириш, жумладан, таълим-тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш бўйича қабул қилинган фармон, қарор ва фармойишларнинг барчасида бош мақсад сифатида ўзбек тили равнақи масаласи кўзда тутилган десак, муболаға бўлмайди.

Бироқ ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқейи ва нуфузини ошириш борасида бугунги кунда ечимини кутаётган қатор долзарб муаммолар мавжуд.

Номимиз – юзимиз

Юртимизда сўнгги йилларда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусий таълим муассасаларининг равнақи учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда.  Охирги икки йилнинг ўзида 40 га яқин хусусий университетлар очилди. 600дан ортиқ хусусий мактаб, 3000дан ортиқ мактабгача таълим муассасалари давлат рўйхатидан ўтказилганлиги қувонарли ҳолат, албатта.   Бироқ ушбу таълим муассасаларининг ҳашаматли бинолари тепасидаги номларга назар солсак, қувончимиз узоққа чўзилмайди. 

Таҳлилни нодавлат олий таълим муассасаларидан бошласак. Рўйхатда келтирилган 40та университетдан 24таси хорижий номда: BRITISH MANAGEMENT UNIVERSITY, CAMBRIDGE INTERNATIONAL UNIVERSITY, TMC INSTITUTE, EUROPEAN MEDICAL UNIVERSITY, SHARDA UNIVERSITY UZBEKISTAN, UNIVERSITY OF TASHKENT FOR APPLIED SCIENCES, PROFI UNIVERSITY, TASHKENT INTERNATIONAL UNIVERSITY OF EDUCATION va hk. Энг ачинарлиси, бутун дунёга миллатимизни танитган, донғи кетган улуғ алломаларимизни ҳам ажнабийча номланиши жуда ачинарли: AL-BUKHARI UNIVERSITY, ALFRAGANUS UNIVERSITY! 

Биз зинҳор ушбу таълим муассасаларидаги шарт-шароитлар, таълим сифатига шубҳа билдириш ёки кимнингдир ҳамиятига тегиш фикридан йироқмиз. Ёшларимиз учун шунчалик имкониятлар яратаётганлар барака топишсин! Лекин тилимизнинг ҳурматини ҳам ўз жойига қўйиб қўйишсинда! Таълим муассасалари номларида битта менежмент сўзининг ўзи неча хил ёзиляпти: menedjment (TOSHKENTDAGI SINGAPUR MENEDJMENTNI RIVOJLANTIRISH INSTITUTI), management (BRITISH MANAGEMENT UNIVERSITY), menejment (LATVIYANING AXBOROT TIZIMLARI MENEJMENTI OLIY MAKTABINING FARG`ONA SHAHRIDAGI FILIALI).

2150 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг номлари ичида AFLOTUN AVLODLARI, BEG`UBOR BAXTLI BOLALIK, BILIMDONLAR DUNYOSI , JAJJI ALLOMA, SHIRINTOY SAYYORASI каби номларни кўриб, эҳ, бўлар эканку, деб юборишингиз тайин! Афсуски, бу қувончингиз узоққа чўзилмайди:

 - 2150 та номдан бу каби тилимиз тотини татитадиган номлар 10 фоизни ҳам  ташкил қилмайди;

-ўзбекча қўйилган аксарият номлар она тилимиз қонуниятларига мос эмас:  BILIMLAR MAKONI SHOX, FARG’ONA BOYCHECHAK RIZQ, XAZORASP PAXLAVON MAXMUD, OLTIN BOLALAR GOLDEN CHILDREN NTM, JENNET MEKAN  ва ҳк;

- рус тилидаги номлар жуда катта фоизни ташкил қилади ва улар лотин алифбосида ёзилган: DETSKAYA ULIBKA, FAIZOCHKA V STRANE CHUDES, FORT ZNANIY, IZUMRUDN`IY GOROD, JURAVLYONOK, KARUSEL ZNANIY ва ҳк; 

-номлар аксарияти хорижий тилда: S-COOL, SMILE MARVEL, TEDDY BABY, PREMIUM STUDY, SPRING FLOWERS, ORIENTAL THE BEST STUDYING ва ҳк. Шуни ҳам айтиш керакки, боғча номларининг аксарияти ўзга тил, ўзга халқ маданияти ва қадриятлари, мултфильм, эртак қаҳрамонлари номи билан аталган. Ўзимизнинг Зумрад, Сусамбил, Нўхатполвон каби эртак қаҳрамонларимиз ҳам бу каби объектлар учун муносиб ва жарангдор номларку аслида!

Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир, дейди доно халқимиз. Аждодларимиз болага ёшлигидан она тилини мукаммал эгаллаш орқали ўзлигини англатишга жуда катта эътибор беришган. Дунёга ўрнак қилиб келтириладиган япон маданиятида болада она тили кўникмаси мукаммал шаклланиб бўлмагунча  нафақат мактабгача таълим, ҳатто бошланғич таълимда ҳам боланинг тилини чет тили таъсиридан ҳимоя қилишади. Боланинг танглайини она тили билан кўтаришади, оламнинг лисоний манзарасини япон нигоҳи билан кўрсатишади. Ҳатто шаҳло кўзли оҳулару, дум-думалоқ кўзли бузоқчаларгача ўзларига ўхшаган қисиқ кўзли ўйинчоқларни ўйнатиб, дунёни танитишади.  Биз эса бугун болаларимизнинг тилини «Почемучка»ларда чиқаряпмиз. Уларга тегишли барча объектлар ёки маҳсулотларни  Baby, Kid’s, Little каби номлар билан атаяпмиз ва тилимизга муносабат шу тарзда давом этса, энг ачинарлиси, улардан ўз тилини унутган   WOUNDERKIND ларни ўзимиз тарбиялаб қўямиз…

Иккиёзувликдан учёзувликка…

Ўзбек тили бир аср мобайнида уч марта алифбо ислоҳотини ўз бошидан кечирди. 30 йилдирки, жамиятда иккиёзувлилик шароити ҳукм суриб келади. Узоқ давом этаётган бу ҳолат тилимиз ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Бугунга келиб эса тилимиз бошига учинчи алифбо соя солмоқда. Бу қандай дейсизми? Буни билмоқчи бўлсангиз, юртимиз кўчаларини кезинг, пешлавҳалар, реклама ва эълонларни кўринг, каттаю кичик дўкон пештахталарига қаранг! Биз қайси ёзувда ёзяпмиз? Лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзувида мавжуд бўлмаган с график белгиси ва у фаол қўлланган сўзлар объектларга ном сифатида кўчаларимизни «безаб» турибди. Буниси ҳам майли, лекин  алифбомизга бегона с ҳарфининг ўзини неча хил ўқияпмиз:

-САЛОМ ЧОЙХОНАСИ:

-COCA-COLA;

-TOSHKENT SITY, SAMARQAND SITY…    

SITY  сўзига биз бутун шаҳару, туману, бозору сомсахоналаримизгача бой бердик: DARKHAN SITY, OLMAZOR SITY, FOOD SITY, SOMSA SITY... бу рўйхатни яна қанча давом эттириш мумкин. Ўзбекнинг пешона терига қурилган шундай кўримли масканга  MAGIK SITY деб эмас, AFSONALAR SHAHRI  ёки AFSONAVIY SHAHAR деб ном қўйсак асакамиз кетармиди.

Биттагина клиника сўзининг ёзилишига диққат қилинг: Klinika.uz (сайт номи), Best Medium Clinic, HasMed Clinics, №7 shahar klinik shifoxonasi (Тошкент шаҳри).

Афсуски, бу каби «учинчи» ёзувга тааллуқли номлар рўйхатини жуда узоқ давом эттиришимиз мумкин: NEX (savdo kompleksi), ECO BOZOR, ALEXANDER HOTEL, ….PLUS,  …….NEW. 

Муаммо кўп, ечим-чи? 

1. Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра 2023 йил 1 январдан республикамизда  мулкчилик шаклидан қатъи назар, тўлиқ лотин алифбоси асосидаги ёзувга ўтилиши белгилаб қўйилган. Бу қарор ижроси тўлиқ таъминланиши мазкур муаммоларга бир қадар ечим бўла олади.

2. Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги қонуни 8-бандида белгиланган вазифалар ва унинг амали тўлиқ назоратга олинмоғи лозим.

3. Товар белгиларини, хизмат кўрсатиш белгиларини ва товар келиб чиққан жой номларини, шунингдек, фирма номларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, “Фирма номлари тўғрисида”ги қонунлар билан тартибга солинади. Уларда тадбиркорлик фаолияти субъекти фирма номига бўлган ҳуқуққа эгалиги, бу номни унинг ўзи мустақил равишда хоҳлаган тилда белгилаши ва ўз таъсис ҳужжатларида кўрсатиши белгиланган. Ушбу қонунларга объектларни номлаш жараёнида давлат тили  ва ёзув қоидаларига амал қилиниши ҳақида махсус банд киритилиши лозим.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига ном беришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 16 мартдаги 144-сон қарорига асосан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тили асосларини ўқитиш ва малака ошириш Маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларида  “Номлаш хизмати” ташкил қилинди. Мурожаат қилган тадбиркорлик субъектларига фирма, корхона, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига ҳамда маҳсулотларига давлат тилида ном яратиб берилмоқда. Марказ ва “TETRASOFT” MCHJ томонидан «Хизмат кўрсатиш объектлари миллий номлари интерактив электрон платформаси» ахборот тизими ишлаб чиқилган. Ахборот тизимининг қисқартирилган номи «Миллий номлар интерактив электрон платформаси» деб белгиланган.

 Миллий номлар интерактив электрон платформаси:

- давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ келадиган, миллий қадриятларга мос ҳамда тадбиркорлик объектларга қўйиш тавсия этиладиган номлар захирасини онлайн режимида шакллантириш ҳамда уни доимий янгилаб бориш;

-ташқи ёзув, пешлавҳа, реклама ва эълонлар матнини тайёрлаш, шунингдек, уларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлиги, номларнинг бир хил ёки ўхшашлик даражаси юзасидан лингвистик экспертиза ўтказиш;

-номлаш, ном яратиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилиш, уларга маслаҳат ёрдамлари кўрсатиш;

- жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига кўра объектлар учун давлат тили қоида ва меъёрларига, қонунчилик ҳужжатларига ва миллий қадриятларга мос бўлган давлат тилида номлар яратиш ва танлаш бўйича шартнома асосида хизматлар кўрсатиш вазифаларини бажариб келмоқда.

Номлаш хизмати бўйича бир қатор хусусий фирмалар ҳам фаолият кўрсатади, афсуски, уларнинг аксариятида мижознинг истак-хоҳишига кўра асосан хориж тилида ёки ўзбек тили қоидарига зид ўзбекча номлар қўйиб берилмоқда, шу боис  уларнинг фаолиятини назорат ёки координация қилувчи ташкилотга эҳтиёж мавжуд.

Номлаш (нейминг) соҳа сифатида ривожланмаган, малакали мутахассислар етишмайди, ушбу соҳанинг  ўзбек тили қонуниятлари бўйича илмий тадқиқот ишлари йўқ.

Хуллас, бугун тилимиз манфаати барчанинг манфаати бўлиши керак. Жаҳон майдонига ўз номимиз билан чиқайлик, тадбиркорларимиз ўз маҳсулотларига ўз тилларида ном қўйишдан орланмасинлар. Болаларимиз Машани қўйиб, Зумрадни танисин. Минглаб таълим масканларимиз номлари ўзбекча жарангласин. Ўзбегим ўз номи билан ўзига бек бўлсин! Қадринг баланд бўлсин, она тилим!

 

М.Сапарниязова, филология фанлари номзоди,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+