Деҳқонободдаги “Бобур яшаган” деб таърифланадиган жой ҳақида эшитганмисиз?

11.07.2021 20:07:07

Саёҳат манзиллари

Заминимизнинг ҳар бир гўшаси ажойиботларга бой. У ўз бағрида қанчадан-қанча сир-синоатларни асраб келмоқда. Ривоятларга кўра, адабиёт гулшанида ўзига хос ўрин эгаллаган Заҳириддин Муҳаммад Бобур Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги Оқработ қишлоғида тахминан бир йил яшаган ва ўзига қўрғон барпо эттирган экан. Ушбу маълумот бизни қизиқтиргани учун Бобур қўрғони сари отландик.  

Сурхондарё вилояти билан чегарадош Оқработ қишлоғи азим тоғлар этагида жойлашган бўлиб, аҳолиси боғдорчилик, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади.  

Ўнқир-чўнқир тошлоқ йўл бўйлаб борар эканмиз кимсасиз қишлоқ бизни қарши олди. Худди филмларда кўрганимиздек, қишлоқда ҳеч ким йўқ. Жуда қизиқ. Ҳайратимизни сезган, бизга йўл бошлаб бораётган туман ҳокимлиги вакили вазиятга ойдинлик киритди. Унинг айтишича, йилнинг бу мавсумида қишлоқ аҳли мол-қўйини ҳайдаб тоққа чиқиб кетади. У ёқда чорвасини боқади, қишга хас-ҳашак тўплайди, деҳқончилик қилади, боғидаги меваларни йиғиштиради хуллас, аёзли кунлар келгунча ўз юмушлари билан банд бўлади ва кеч кузда қишлоққа қайтади. Ана шундан кейингина бу ерда ҳаёт қайнайди.

Ҳудудда деярли ҳамма қишлоқ уйлари тошдан терилган. Қирралари маълум бир ўлчамга тушмайдиган оддий тошлардан шу қадар текис иморатлар бунёд этилганки, сангтарошлар маҳоратига тан бермай илож йўқ.  

Шу алфозда юқорига кўтарилиб кетавердик. Тоғнинг ён бағридан одимлаб борар эканмиз, машина матори ингранади, зўриқиб пишқиради. Қизил китобга киритилган ноёб Зарафшон арчаларининг иси димоққа урилади. Шаҳар марказида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб кетганига қарамай бу жойларнинг иқлими салқин. Кишига ўзгача ором беради. Ҳар қадамда абадий қоялар бағридан отилиб чиқиб турган, муздек булоқ сувлари шилдираб оқиб турибди. Шу қадар совуқ-ки, бир қултимини зўрға ютасиз. Аммо чанқоқ бирдан босилади. Йўл-йўлакай ўша деҳқонободнинг машҳур олмаларига кўзимиз тушади. Бошқа ҳудудларда кутилмаганда келган баҳор совуғида тўкилиб кетган олма мевалари бу ердаги дарахтларда шиғил.  

Ниҳоят йўл ёқаларида тоққа чиқиб кетган одамларнинг вақтинча тиклаган дала шийпонлари кўрина бошлади. Қиялаб экилган арпаларни ўриб олаётган одамлар, узоқ-узоқларда қўй-эчки боқиб юрган чўпонлар учрайди. Бу Дара қишлоғи экан. Шу манзилга келганимизда машинани тўхтатдик. Энди буёғига яёв кетадиган бўлдик, чунки машинада ҳаракатланишнинг имкони йўқ эди. Ҳа, Бобур юрган йўллардан мана шу йўсинда изма-из ҳаракатланардик.  

Тоғ йўлларида энг қулай транспорт воситаси от ва эшак эканига шу ерга келганда амин бўлдик. Улар ёрдамида тоғ дараларидаги сўқмоқлардан Бобур қўрғонига қийналмасдан чиқиб бордик.  

Йўлда қўй-эчкиларни боқиб юрган чўпон йигитни учратдик.

– 17 ёшдаман, – дейди Дара қишлоғилик Фарруҳ Ҳайитов. – Боғдорчилик, чорвачилик билан шуғулланамиз. Шу тоғларга ҳар куни қўй боқиб икки уч марта чиқиб тушаман. Бобур қўрғонини ҳам ҳар куни томоша қиламан. Бу жойни кўриш учун доим кўплаб меҳмонлар келади. Қишлоғимизни шундай буюк зот макон қилганидан доим фахрланаман. Қишлоғимиз икки тоғнинг ўртасида жойлашгани учун Дара дейишади.  

Кўзлаган манзилимиз – халқ тилида Бобур қўрғони деб аталадиган обидага етиб келдик. Даранинг энг тепасида жойлашган ушбу жой ҳозирда тошлоқ тепаликка айланган. Йиллар ўтиши мобайнида бу иморат билан боғлиқ нималар юз бергани бизга қоронғу. Аммо бугунги кунгача иморатнинг пойдеворлари сақланиб қолган. Бу тепаликдан тўрт томон ҳам кафтдек кўринишини ҳисобга олсак, Бобур бежизга бу жойни макон қилмаганини англаймиз. Ҳозирда иморат вайронага айланган, лекин уюлиб ётган тошлар маълум бир шаклларда йўнилган ва тартиб билан терилган.  

Бизга ҳамроҳ бўлиб келган Оқработ МФЙ раиси Чори Қозиевнинг таъкидлашича, яқин-яқинларгача қўрғон атрофида ер остига қурилган қуролхона, зиндон каби хоналар бўлган. Чорва моллари тушиб кетиб нобут бўлавергач, маҳаллий аҳоли томонидан тошлар билан кўмиб ташланган. Лекин ўрни ҳалигача турибди.

– Ҳозир турган жойимиз Бобур қўрғони дейилади, – дейди Ч.Қозиев. – Мана шу атрофда уйлари бўлган, меҳмонхоналари бўлган. Отхоналари, ошхонаси бўлган. Бу томонларда қўриқчилари турган. Ҳамма томон кўринадиган бўлгани учун шу ерни танлаган. Ота-боболаримизнинг айтишича, Бобур Самарқанддан келиб, шу ерда қўним топган ва чамаси бир йил яшаган. Кейин Шайбонийхон таъқибидан қочиб, Афғонистон томонларга ўтиб кетган. Ҳозирги вақтда иморатларнинг пойдевор қисми қолган. Отхона ва меҳмонхоналари йиқилиб кетган. 2019 йилда археологлар шу ерларни ковлаб, отларнинг тақалари, кўза синиқлари ва бошқа осори-атиқаларни топишди. Халқимиз бу жойларни ҳамиша эъзозлаб келган. Энди ҳукумат эътибори билан бу жойлар обод гўшага айланса, жуда яхши бўларди. Болалигимдан биламан бу ерларни. Тагдеворлар ернинг остида қолиб кетган. Тошлар ғишт шаклида кесилган. Ўта усталик билан терилган иморатлар. Келажакда бу жойларни ўрганиш керак, албатта.  

Бирорта илмий асосланган ёзма маълумотларни топа олмасак-да, иморат пойдеворларининг кенглиги, муносиб танланган жой бу ерда неча йиллар олдин обод бир қўрғон қад ростлаганидан гувоҳлик бериб турибди. Неча йиллардан буён ўрганишга муҳтож бўлган ушбу жой ҳақида “Бобурнома” асаридан ҳам тайинли маълумотларни топа олмадик. Лекин шу ерлик халқ орасида неча асрлардан буён шу жой Бобур қўрғони деган ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келади. Ривоятлар ҳам тарихдан гувоҳлик берувчи ҳақиқатлардир, деган эди донишмандлардан бири. Нима бўлганда ҳам аждодлар қолдирган бу меросни асрашимиз ва уни ўрганишимиз зарур.  

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+