Карантин қоидалари барча учун мажбурий эмасми? Ёҳуд ЛиДеПга истисно берилганми?

19.08.2021 07:08:34

Барчангизга маълумки, мамлакатимизда карантин қоидаларини жорий қилишдан асосий мақсад бу аҳолимизни соғлиғини ҳимоя қилиш, коронавирус тарқалишининг олдини олиш. Карантин қоидалари жорий қилишга сабаб бўлган омил бу ўтган йили коронавирусни аҳоли ўртасида шиддат билан тарқалиб кетиши ва инсонларнинг ўлимига олиб келиши бўлди. Афсуски бу йилги кўрсаткич ўтган йилга нисбатан бир неча карра ошди. Бу эса барчамизни карантин қоидаларига оғишмай-нетмай янада кучлироқ риоя қилишимизни талаб этади.

Шу билан бирга, карантин қоидалари амал қилиб турган даврда мамлакатимиз ҳудудида бирон бир оммавий тадбирни ўтказиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 176-сонли қарори талабларига риоя қилган холда, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги “Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 205-сонли қарорининг 4-бандига мувофиқ маҳаллий ҳокимликлардан рухсатнома олиш шартдир.

Бироқ....

Мамлакатимиздаги “ҳукмрон” партия бўлмиш Либерал-демократик партия эса кунига республикамизнинг турли худудларида кўрсатиб ўтилган талабларга умуман риоя қилмаган ҳолда оммавий тадбирларни ўтказмоқда.

Жумладан, ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган фото ва видео материалларни кузатадиган бўлсак Либерал-демократик партиянинг тадбирларида иштирок этаётган шахсларнинг на тиббий ниқоби борлигини, на ижтимоий масофа сақланаётганлигини кўрасан киши. Шу билан бирга, мазкур тадбирларга қатнашаётган шахсларга санитария-гигиена талабларига мувофиқ антисептик воситалари билан ишлов берилганлиги ҳам даргумон.

Шунча катта оммани бир жойга тўплаб шунча маблағ сарфлаб тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораётган Либерал-демократик партияси наҳотки тўпланган оммани тиббий ниқоб, антисиптик, қўлқоплар билан таъминлай олишмади?...

Ҳукумат томонидан бугунги кунда халқни вакцинациялашга даъват этувчи, инсонлар ҳаётини озгина бўлсада хавф-хатардан асраш учун тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётган бир пайтда Либерал-демократик партия карантин қоидаларига чала-чулпа, номигагина амал қилган ҳолда тадбирлар ўтказилиши қанчалик асосли? Шу билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори талабларига мувофиқ оммавий тадбир ўтказиш бўйича тегишли рухсатнома ҳам олинганлиги шубҳа остида қолади.

“Адолат” СДП мамлакатимизда барча хатти-ҳаракатлар амалдаги қонунчиликка тўлиқ риоя қилган ҳолда, яъни адолатли амалга оширилиши тарафдори.

Балким, “ҳукмрон” партияга қандайдир истисно берилгандир? Ёки кимларнингдир мавқеидан фойдаланишдимикин бу “тадбирчилар”. Бу ёғи бизга қоронғу...

 

“Адолат” СДП матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+