Мактаб истиқболли келажак пойдеворидир

01.02.2022 18:02:49

Жорий йилнинг 28 январь куни давлатимиз раҳбари мактаб таълимини ривожлантириш масалаларига бағишланган мамлакатимиз келажаги учун катта аҳамиятга молик йиғилиш ўтказди. Йиғилишда бугун халқ таълим тизими давлат сиёсати даражасидаги асосий масалаларидан бири эканлиги яққол  ифодаланиб, бу соҳани тамомила янгитдан ислоҳ этиш масаласи кўтарилди, таълимни тубдан такомиллаштириш борасида  муҳим қарорлар қабул қилинди ва кўплаб мақсад ва вазифалар белгилаб олинди. “Барча даражадаги ҳокимлар бир нарсани чуқур англаб етиши керак — бугундан ҳокимларнинг мактабга эътибор қилиш беш йиллиги бошланади”, — деди президент.

Мактаблар инфратузилмасини яхшилаш, қурилиш ишларини олиб бориш Халқ таълими вазирлиги зиммасидан ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгани  барча эътиборни таълим-тарбияга,   таълим сифатини оширишга  қаратиш учун яна бир катта имкониятлар эшигини очиб берди.  Зеро, мактаб эртанги кунимиз  эгалари бўлмиш ёш авлоднинг ёрқин келажаги таъмал тошидир.

Ўқитувчи ўқувчиларни билим олишга ундовчи, рағбатлантирувчи, ўз олдига катта мақсад ва марралар қўйиб яшашга замин ярата олувчи ўз касбининг моҳир устаси бўлмоғи лозим.  Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбари эндиликда юқори малакали, ўз устида доимий ишлайдиган муаллимлар фаолиятини янги ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш, маҳоратли педагоглар тажрибасидан самарали фойдаланиб, уларнинг ўқитиш методикасини оммалаштириш каби вазифаларни илгари сурди. Президентимиз ўқитувчи билимли бўлмаса келажак авлодга ҳеч нарса бера олмаслигини  қайд этиб, бугун айрим педагоглар сифатли дарс ўтишга эмас, кўпроқ соат олишга интилаётганларини жиддий танқид остига олди. Шу сабабли,  таълим тизимида фаолият юритаётган мутасадди раҳбарларга таълимга бўлган ёндашувни қайта кўриб чиқиш вазифаси топширилди.

Туман, вилоят ва республика даражасида Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилади.

“Республика кенгашига шахсан ўзим раҳбарлик қиламан. Туман ва вилоят кенгашларига эса ҳокимлар бош бўлади. Нима учун кенгашлар қиляпмиз? Чунки бу ишларни, албатта, халқимиз билан, кенг жамоатчилик билан кенгашиб, уларнинг фикрлари асосида амалга оширамиз. Ҳар бир янгиликни ўқитувчилар, мутахассислар, ота-оналар билан бамаслаҳат киритамиз”, — деди давлат раҳбари.

Йиғилиш давомида ўқитувчилар билим ва кўникмаларини ошириш билан бир қаторда, ўқувчилар учун замонавий дарсликлар яратиш таълимнинг асосий бўғинларидан бири эканлиги алоҳида такидлаб ўтилди. Айни вақтда янги авлод дарсликларини илғор тажрибалар асосида тўлиқ янгилаш учун Англия, Франция, Германия каби давлатлардан қирққа яқин халқаро экспертлар жалб қилинган. Юртбошимизнинг дарсликлар яратиш методикасини янгитдан ташкил этиш борасидаги таклифлари “Адолат” партияси фаолларини жуда қувонтирди. Мазкур ислоҳот 2021 йил февраль ойида “Адолат” СДПнинг таълим соҳасида фаолият олиб борувчи маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ва партиянинг ҳудудий Кенгашлари масъул ходимлари томонидан  “Таълим сифати – партия нигоҳида” деб номланган лойиҳа концепцияси доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП ва Халқ таълими вазирлигининг “Йўл харита”си, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим мактаблари учун “Миллий ўқув дастури” каби  дарсликларнинг мазмунини такомиллаштириш бўйича  ишлаб чиқилган ўқув дастурларини кенг кўламда  амалга ошириш йўлида партиямиз жамоаси учун яратилаётган яна бир катта имконият бўлди десак муболаға бўлмайди.

Бир сўз билан айтганда, мактаб таълимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш йўлида  яна бир дадил қадам қўйилди. Асосий мақсад эса, жадаллик, дадиллик, шундоғ ҳам  йўқотилган вақт ортидан энди мақсаддан оғушмай одимлашдир.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+