Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш VI саммити ўз ишини бошлади

13.10.2022 12:10:16

Президент Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг олтинчи саммитида нутқ сўзламоқда.

Сўзининг аввалида давлатимиз раҳбари ўтган давр давомида ушбу тузилма хавфсизликни таъминлаш, Осиёда ўзаро ишонч ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенг ва очиқ мулоқот учун муҳим майдон сифатида ўзининг ғоятда зарур эканлигини кўрсатганини таъкидлади. Ўзбекистон форумни трансформация қилиш масаласи бўйича қўшма фаолиятда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

"Бугун биз халқаро муносабатларда ноаниқлик тобора ўсиб, мулоқот ва ишончнинг мисли кўрилмаган даражада тақчил бўлиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Буларнинг барчаси кўп томонлама ҳамкорлик асосларига путур етказмоқда, можароларнинг авж олишига сабаб бўлиб, глобал иқтисодиётда тизимли узилишларга олиб келмоқда.

Юзага келган янги геосиёсий воқелик бутун Осиё қитъаси барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Инқирозли ҳолатлар Марказий Осиё давлатларига ҳам тўғридан-тўғри дахл қилмоқда, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича бизнинг саъй-ҳаракатларимизни секинлаштирмоқда", деди Президент.

Ушбу омилларнинг умумий хавфсизлик манфаатлари, тараққиёт ва фаровонлигимизга таъсиридан келиб чиқиб, Президентимиз қуйидаги устувор йўналишларга диққат қаратишга чақирди.

Афғонистондаги вазият алоҳида эътиборни талаб қилмоқда. "Афсуски, бошқа ўткир халқаро муаммолар қалқиб чиқиши натижасида Афғонистон масаласи иккинчи даражага тушиб қолмоқда.

Ўттиз йил муқаддам ушбу давлат амалда халқаро террорчилик маконига айланиб қолгани билан боғлиқ аччиқ тажриба қайта такрорланишига асло йўл қўйиб бўлмайди.

Афғонистон муваққат ҳукумати билан ўзаро ҳамкорлик бўйича умумий ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқишимиз зарур.

Афғон муаммоси юзасидан кенг консенсусга эришиш ва глобал даражада амалий чора-тадбирларни қабул қилиш мақсадида
Афғонистон ҳукумати билан томонлар мажбуриятларини босқичма-босқич бажариш алгоритмини тайёрлаш ва келишиш лозим. Бунинг учун юқори даражадаги халқаро музокара олиб борувчи гуруҳни шакллантириш ҳақидаги ташаббус ифода этилган Осиё мамлакатларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясига қўшма мурожаати имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этамиз".

Президентимиз мамлакатлар радикал ғояларнинг кенг хуружига янада кўпроқ тўқнаш келаётганига эътибор қаратди:

"Бузғунчи кучлар тарғибот ва мафкуравий таъсирнинг янги услубларидан фойдаланган ҳолда экстремистик ташкилотларга ёшларни фаол жалб этмоқда.

Шу муносабат билан ёш авлодни радикализмдан асраш, уларнинг куч-ғайрат ва шижоатини бунёдкорлик сари йўналтириш учун тизимли ҳамкорликни ўрнатишимиз керак.

Ўғил-қизларимиз ўз кучига ишониши, адолатли келажакни қарор топтиришда ўз иштирокини ҳис этиши, ўз салоҳият ва умидларини амалда рўёбга чиқариш имкониятларига эга бўлиши лозим.

Мажлисимизнинг Ёшлар кенгаши ҳамраиси сифатида турли ёшдаги инсонлар ўртасида бир-бирини яхшироқ тушунишга даъват этадиган, фарзандларимизнинг энг долзарб муаммоларига биргаликда ечим излашга кўмаклашувчи янги форматни – Авлодлар мулоқотини йўлга қўйишни таклиф этамиз.

Ёш етакчилар Форуми доирасида бундай илк учрашувни 2023 йил апрель ойида Самарқандда ўтказишга тайёрмиз".

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида иқтисодиётларимизни глобал инқирознинг ўсиб бораётган салбий оқибатларига мослаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Бу ўринда:

- протекционизмнинг кучайишига, глобал бозорларни беқарор қиладиган омилларни, жумладан янги чекловларнинг жорий этилишига йўл қўймаслик;

- Осиё қитъасида ўзаро боғлиқликни, биринчи галда, ишлаб чиқариш-логистика занжирини, Марказий Осиёни Жанубий ва Шарқий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ билан самарали боғловчи транспорт йўлакларини яратиш ҳисобига кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

"Жаҳон саноат инқилобининг янги босқичига ўтишнинг асоси бўлган билимлар иқтисодиётини илгари суриш барқарор тараққиётга таҳдидларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Инновациялар трансфери салоҳиятини янада тўлиқроқ ишга солиш, рақамлаштиришни фаол рағбатлантириш, юқори технологиялар, сунъий интеллект, Интернет тизимларини ривожлантириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Бу йўналишларда Осиё мамлакатлари глобал етакчиликка биргаликда эришиш учун барча имкониятларга эгадир", деди давлатимиз раҳбари.



Манбаа: Президент матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+