Ўзбекистон тарихи ва унинг Ўрта Осиё минтақасидаги қўлёзмаларни асрашдаги ўрни

13.04.2022 15:04:18

Ўмон Мудофаа вазирлиги Қўмондонлик-штаб факультети талабаларининг мамлакатимизда сафари доирасида жорий йилнинг 13 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида “Ўзбекистон тарихи ва унинг Ўрта Осиё минтақасидаги қўлёзмаларни асрашдаги ўрни” мавзусидаги маъруза бўлиб ўтди.

Маърузани ЎзР ФА Шарқшунослик институти директори тарих фанлари доктори, профессор Баҳром Абдуҳалимов ўқиди. Маъруза араб тилида бўлди. Олим маърузасида Ўзбекистон тарихининг минтақадаги ўрни ҳақида қимматли маълумотлар берди. Жумладан, Араблар орқали кириб келган Ислом динининг мамлакат ва минтақа тарихидаги ўрни ҳақида ҳам гапириб, Ўрта Осиё етиштириб берган қомусий олимлар, дин уламоларининг дунё цивилизациясига қўшган ҳиссасини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон тарихининг хронологик ривожланиш босқичлари, унда ҳукм сурган давлатларнинг ривожланиш ва тараққиёт босқичлари ҳақида хорижлик меҳмонларга қимматли маълумотларни улашди.

Бундан ташқари, маърузада Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмалар фонди ҳақида ҳам йиғилганларга керакли маълумотлар берилди. Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фонди 1943 йилда, ўша пайтдаги халқ кутубхонаси (ҳозирги Миллий кутубхона)нинг Шарқ бўлими асосида ташкил этилган. Шундан бошлаб бу фондда қўлёзма манбаларни ўрганиш ишлари бошланган.

Бу ерда дастлабки иш қўлёзмаларни тавсифлаб, картотекалар тузиш бўлган. Дастлабки пайтда бу жойда мадрасаларни битирган домлалар ишлаган, улар араб ва форс тилларини пухта билган илмли кишилар ҳисобланган. Ўша даврда тузилган картотекалардан ҳозирга қадар фойдаланиб келинмоқда.

Дастлабки тавсифдан ўтган қўлёзмалар кейинги босқичда илмий тавсифланган. Бу аннотация характерида бўлиб, кўпроқ маълумот берилган. Кейинчалик мавзу каталоглари тайёрлана бошланган ва бу илмий тадқиқотчиларга енгиллик беради.

Фондда 26 минг жилд қўлёзма, 40 минг жилдга яқин қадимги тошбосма услубидаги китоблар сақланади. Бундан ташқари, 5 мингдан зиёд асл нусхадаги тарихий ҳужжатлар бор. Шунингдек, микрофильм ва фотокопиялар фондларимиз ҳам бор. Бу видео ва фотолар хориждаги фондларда сақланаётган китоблардан олинган.

Бу улкан мерос фаннинг турли соҳаларига оид. Хусусан, табобат, кимё, математика, тарих, ислом илмлари — аждодларимиз шуғулланган барча фан соҳаларига доир манбалар ўрин олган. Қўлёзма манбалар ИХ асрдан бошлаб ХХ асргача бўлган даврга оид бўлиб, араб, форс, қадимги туркий ва бошқа шарқ тилларида ёзилган.

Шунингдек, маърузада Институтнинг Ўмон давлати билан олиб бораётган фаол ҳамкорлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Маъруза сўнгида меҳмонлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олди. Маълумот учун, Ўмон Мудофаа вазирлиги қўмондонлик-штаб факультети талабалари Ўзбекистонга сафари давомида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида «Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсати» мавзусига бағишланган брифинг ўтказилди. Шунингдек, улар Қуролли кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти фаолияти билан танишди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+