Референдум – умумхалқ овози демакдир

25.08.2022 17:08:39

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг референдуми “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидан иборатдир.
Референдум ҳам сайловлар каби халқ иродасининг бевосита ифодаси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади. Референдум Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бир хилда ва бир вақтда, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини умумий, тенг ва тўғридан-тўғри билдириши асосида, ҳар бир фуқаро бевосита яширин бир овоз бериш йўли билан ўтказилади. Овоз бериш жараёнлари назорат қилинишига йўл қўйилмайди. Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси қаерда яшаётганлигидан қатъий назар референдумда иштирок этиш ва овоз бериш ҳуқуқига эга.
Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятига қараб фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади. Референдумда фақат суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас.
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни референдум ўтказувчи комиссиялар очиқ ва ошкора амалга оширадилар. Улар фуқароларни ўз ишларидан, округлар, овоз бериш участкалари тузилганлиги, комиссияларнинг таркиби, уларнинг жойлашган манзили ва иш вақтидан воқиф этадилар, овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари билан таништирадилар, овоз бериш якунларидан хабардор қиладилар.
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари референдум ўтказилишини ёқлаб ёки унга қарши, референдумга қўйилаётган қонун лойиҳаси, амалдаги қонун ёки бошқа масалани ёқлаб ёки унга қарши монеликсиз ташвиқот олиб боришга ҳақлидирлар. Ташвиқотни фуқароларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматлари бундан мустасно), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади. Референдум ўтказиладиган кунда ва референдумни ўтказишга бир кун қолганда ташвиқот юритишга йўл қўйилмайди.
Референдумда овоз бериш бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Овоз бериш бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган фуқаро ўз хоҳишига кўра, референдум ўтказувчи комиссия таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақлидир.


Абдукамол Рахмонов,
ҳуқуқшунос

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+