Тараққиёт стратегияси: халқпарвар давлат барпо этиш изчил давом эттирилади

18.08.2022 16:08:39

Жаҳон тажрибасидан маълумки, дунёда етакчилик қилаётган давлатлар ўз тарихида ривожланишнинг ўзига хос йўналишларига хизмат қилувчи стратегия ва мақсадларни ишлаб чиққанлар.

Мисол учун, ХХ асрда бугун дунёдаги етакчи давлатлардан бирига айланган АҚШ ўз ривожланишида муҳим аҳамият касб этган бир қатор стратегияларни ишлаб чиққан. Улардан бири тўрт маротаба АҚШ президентлигига сайланган Франклин Рузвельтнинг “Янги йўл” стратегияси бўлса, дунёнинг яна бир ривожланган давлати Германия 13 йил аввал ишлаб чиққан Миллий барқарор ривожланиш стратегиясидир. Германиянинг ушбу стратегияси бугунги дунё тенденцияларидан келиб чиқиб, 2018 йилда қайта янгиланди.

Бундан қарийб олти йил олдин Ўзбекистон ҳам ўз ривожланиш тарихида янги бир даврга қадам қўйди. Ушбу қадам учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан халқимиз муаллифлигида бугунги глобаллашув шароитда ер юзида туб ўзгаришлар кечаётган мураккаб бир вазиятда, Ўзбекистон учун сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларнинг энг муҳим беш устувор йўналишини амалга оширишнинг яқин истиқболга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асос бўлиб хизмат қилди.

 

Ушбу стратегияни амалга ошириш жараёнида, энг аввало фуқароларнинг ислоҳотлардаги иштироки ва манфаатдорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада, давлат ва жамият қурилиши тизими тубдан ислоҳ қилинди. Хусусан, Давлат органлари фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги, мансабдор шахсларнинг жамият ва халқ олдидаги ҳисобдорлиги оширилди. Амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлардан тортиб уларнинг ижросини таъминлаш жараёнигача фуқаролар иштирокида жамоатчилик назорати таъминланиб, олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳисоботлар бериб бориш тизими йўлга қўйилди.

Ўз навбатида, фуқаролар томонидан давлат органлари олдига масала қўйиш имкониятлари кенгайтирилди. Бунинг учун барча имкониятлар яратилди. Хусусан, ҳар бир ҳудудда фуқароларнинг муаммо ва таклифларини бевосита эшитувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. 2017−2021 йиллар давомида ушбу қабулхоналарга фуқаролар томонидан 6 млн.дан зиёд мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг 3 млн.дан ортиғи ўз вақтида қаноатлантирилди.

Шунингдек, аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича жорий қилинган “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” ҳамкорлик тизими ҳамда сайёр қабуллар орқали фуқароларнинг муаммо ва таклифлари, фикр ва мулоҳазалари ўрганилди.

Шу билан бирга, кўплаб вазирлик ва соҳаларда ҳал қилувчи қарорларни қабул қилиш ваколати қуйи тизимларга ўтказилди, ортиқча ҳужжатларни талаб қилиш билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди. Жойларда Давлат хизматлари марказлари ташкил этилиб, бугунги кунда ушбу марказлар орқали 250 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари my.gov.uz портали орқали электрон тарзда кўрсатиб келинмоқда.

Хўш, бугун ушбу ислоҳотлар аҳолига қай даражада қулайлик яратиб бермоқда. Бу энг аввало, фуқароларга бюрократик тўсиқларсиз вақти ва маблағини тежаган ҳолда, вилоят ва Республика идораларига қатнамасдан, давлат идоралари билан бўлган алоқаларини ўз ҳудудида осон ва тез битириш имконига эга бўлди.

Дейлик, аввал фуқаро бир маълумотнома олиш учун Қорқақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманининг олис бир маҳалласидан 400 километр йўл босиб, идорама-идора сарсон бўлиб туман марказига келиб ишини битириши керак бўлган бўлса, эндиликда эса, барча хизматлардан ўз хонадони ёки маҳалласидан туриб фойдаланмоқда. Албатта, бу жараёнлар инсон қадри юксалишига хизмат қилмоқда.

Шунингдек, бугун фуқароларнинг ҳам Давлат бошқаруви ҳамда тараққиётга элтувчи ислоҳотларни амалга оширишдаги дахлдорлик ҳисси ортиб бормоқда. Бунга сабаб, Ҳаракатлар стратегияси доирасида халқ билан мулоқот қилишнинг самарали механизмларининг жорий этилганлигидир. Авваллари, фуқароларимиз ҳаётига бевосита дахлдор бўлган қарор ёки ҳуқуқий ҳужжатлар ёки Давлат даражасидаги муҳим стратегик аҳамиятга эга ҳужжатлар қабул қилингандан кейингина, маълум бир эътирозларга сабаб бўлар эди.

Ҳозирда, халқ билан очиқ мулоқот механизмларининг янада такомиллаштирилиши, муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётининг йўлга қўйилиши натижасида қабул қилинаётган ҳар бир ҳужжат, энг аввало кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб кейин қабул қилинмоқда. Фуқароларимиз нафақат қабул қилиш жараёнида, шу билан бирга, унинг ижросини таъминлаш жараёнида ҳам бевосита жамоатчилик назорати тартибида иштирок этиб келишмоқда.

Жумладан, жамоатчилик бошқаруви тизими такомиллаштирилиб, оммавий ахборот воситаларига эркинлик берилди. Фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий ва сиёсий фаоллиги оширилди. Давлат органларига ўз фаолияти юзасидан ҳар чорак якуни бўйича оммавий ахборт воситалари вакиллари орқали ҳисобот бериб бориш, веб-сайтларига улар томонидан амалга оширилаётган бюджет харажатлари ҳақида тўлиқ маълумотларни жойлаштириш мажбурияти белгиланди.

Шунингдек, ҳокимларнинг барча қарорлари ва фармойишлари “E-qaror” электрон тизимида (e-qaror.gov.uz) доимий равишда эълон қилиб борилиши ва уларни ҳар бир фуқаро томонидан кузатиб бориш имкони пайдо бўлди. Бу эса, фуқароларга ўз ҳудудида халқ вакиллари бўлган депутатлар ҳамда ҳокимлар томонидан қабул қилинаётган қарорларда манфаатлари қай даражада акс эттириб борилаётганлигини кузатиб бориш имконини беради.

Ушбу ислоҳотлар энг қуйи бўғин билан биргаликда, юқори органларда ҳам жорий этилди. Хусусан, Ҳукуматни шакллантиришда Қонунчилик палатасининг ваколатлари кенгайтирилди, жумладан Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва давлат қўмиталари раислари номзодини Бош вазир тақдимига биноан Қонунчилик палатаси томонидан маъқуллаш ва Президент томонидан тасдиқлаш тартиби, вилоят, туман ва шаҳар давлат органлари раҳбарларини лавозимга тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тасдиқлаш тартиби жорий этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жойлардаги ўрганишлари натижалари ҳамда сайловчилар томонидан билдирилган мурожаатларга самарали ечим топиш мақсадида “Парламент эшитуви,”, “Ҳукумат соати” тизимлари жорий этилди. Шунингдек, Олий Мажлис палаталарининг ички ва ташқи сиёсатга оид муҳим вазифаларни ҳал этишдаги ваколатларини кенгайтирилди.

Қувонарлиси, 2022 йил бошида бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш, эришилган натижаларни юқори босқичга олиб чиқишга қаратилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси қабул қилинди. Ушбу стратегия ҳам халқимиз билан бамаслаҳат, бугун дунёда рўй бераётган геосиёсий вазиятларни, Ҳаракатлар стратегияси доирасида тўпланган бой тажрибани ҳисобга олган ҳолда еттита йўналиш ва юзта мақсад доирасида ишлаб чиқилди.

Хусусан, Тараққиёт стратегиясининг биринчи – Халқпарвар давлат барпо этиш йўналиши доирасида, инсон қадрини юксалтириш борасида бошланган ислоҳотларни изчил давом эттиришга қаратилган бир қатор муҳим мақсад ва вазифалар белгилаб берилган.

Жумладан, халқ билан очиқ мулоқотнинг механизмларини янада такомиллаштириш, муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш, маҳалладан туриб барча давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш, давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллада кўрсатиш ҳамда «Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт» ғоясини татбиқ этишни назарда тутувчи «Халқпарвар давлат» миллий дастурининг изчил амалга оширилишини таъминлаш шулар жумласидандир.

Ўйлайманки, ушбу мақсадларнинг ҳаётимизга татбиқ этилиши келгусида ҳам халқ ва давлат жипслигида кўзланган мақсадларнинг барчасига ўз вақтида эришиш, Ўзбекистонни дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан жой эгаллашида муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.

 

Фаррух Абдуҳамидов,

“Тараққиёт стратегияси” маркази

бўлим бошлиғи,

Халқ депутатлари

Арнасой туман Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+