Янги қурилишлар баҳонасида... Ҳамид Олимжон ва Зулфия яшаган уй бузилмоқда

23.09.2022 14:09:47

Гуржистонда маданият тарихига оид бўлса, ўлган отнинг тақасини ҳам бахмалга қадаб, осиб қўйишар экан.

Абдулла ҚАҲҲОР

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги “Матонат” кўчаси, 18-уй.

Кўча бўйлаб ўттиз қадамча юрдим. Ўнг томонда катта дарвоза. Тахтадан қилинган дарвозанинг икки қавати ҳам ағанаб кетгудек ҳолатда, лекин ёпиқ. Ёнидаги чоғроқ эшик қия очилган. Ичкари кирдим. Чап томондаги мемориал доскани ўқийман: “Бу уйда 1931-1941 йилларда Ҳамид Олимжон яшаб ижод қилган”.

Аввал келиб, хонадон соҳибаси билан танишиб кетганим учун овоз бердим:

– Раъно опа.

Раъно опа мени самимий кутиб олди. Салом-аликдан сўнг мақсадга ўтдим.

– Сиз ушбу хонадон эгаларига ким бўласиз?

– Аввало, шундай улуғ одамлар яшаб ижод қилган хонадонда умргузаронлик қилганимдан бахтлиман. Эшитганим бўйича Ҳамид Олимжон билан Зулфия опанинг тўйлари кўчанинг нариги томонидаги катта ҳовлида бўлиб ўтган. Бу барак ҳовлида 10 га яқин оила яшаган.

Зулфия опанинг ўзлари бу ҳақда шундай гапириб бергандилар: “Ҳеч қандай шароит йўқ эди. Қайнонам ҳовлининг нариги чеккасига бориб, ўчоқда овқат пиширардилар. Кейинчалик мен ҳам ўрганиб кетганман. Бизнинг ижодга ва бир-биримизга бўлган муҳаббатимиз туфайли ноқулайликлар сезилмасди”.

Улар икки фарзандли бўлишгач Лабзакдаги ҳовлига кўчиб ўтишган экан. Ҳамид Олимжон вафотидан сўнг уйни музей қилишмоқчи бўлишган. Лекин Зулфия опа жой кичкина деб кўнмаган эканлар. Сўнг бу уйда Ҳамид аканинг сингиллари Роҳатой Азимова яшаганлар. Улар кўп қаватли уйга кўчгач, ҳовли бўш қолган. Зулфия опанинг Нодир исмли акалари бўлган. Уларнинг ўғли Ғайрат Исроиловга турмушга чиққанман. Тўйдан кейин бир йил Лабзакдаги ҳовлида опа билан бирга яшадик. Кейин бизни шу қутлуғ жойда чироғимиз ўчмасин деган мақсадда 1971 йили кўчиришди.

– Демак, Зулфия опа қариндош-уруғ, жиянларига, жигарларига меҳрли бўлганлар.

– Жуда ҳам. Ғайрат акадан ташқари Эркин, Тўлқин каби жиянлари бор эди. Хўжайиним агроном эдилар. Номзодликни Киевда ёқлаганлар. Анови ерда айвон бўларди. Биз кўчиб келганда ўша машҳур “Деразамнинг олдида бир туп, ўрик оппоқ бўлиб гуллади”, дея шеър бағишланган кекса ўрик дарахти бор эди. Орадан вақт ўтиб, у қуриди. Эсимда бор. Ғайрат ака уни олиб ташлаб, яна бошқа ўрик экканлар. Ана, кўряпсизми, ҳамон ўша дераза олдида бир туп ўрик бор.

Кираверишдаги ҳовлига соя солиб турган ўрик дарахтига қарайман. Ҳовлига қўшимча қурилиш, таъмирлаш ишлари қисман қўшилган бўлса-да, қай тарафга қарамай икки сиймо. Вафо ва садоқат эгалари ғойибона кўзимга кўрингандек ҳис қиляпман ўзимни.

– Опа бу ерга тез-тез келиб турардилар. “Энг бахтли кунларим шу ерда ўтган”, дердилар кўпинча. Уларнинг меҳр булоқлари чексиз эди. Нафақат жиянлари, жигарлари, балки биз келинларга ҳам ғамхўр, меҳрибон эдилар. Ўзим ҳам оиланинг мустаҳкам бўлиши учун нимаики зарур бўлса, ҳаммасини Зулфия опадан ўрганганман. Сабр­лилик, ирода, бардош­лилик, тар­тиб-тарбиялилик, рўзғор юритиш. Ҳар сафар хабар олгани келганларида Ғайрат акадан, мендан қимматли насиҳатларини аямасдилар. Шукр, кам бўлмадик. Шу ерда ўғил-қиз фарзандли бўлдик. Давронбек ўғлим иқтисод­­чи, қизим Барно тўқимачилик инс­титутини тугатган, номзодлик ишини ёқлаган. Яқинда неварали бўлди. Келиним Мадинахон ҳам уч нафар фарзандини шу уйда воя­­га етказяпти.

– Набираларингиз ҳам бу ерга зиёратга келувчиларнинг гувоҳи бўлишаётгандир-а?

– Яшаётганимизга 51 йил бўлаяпти. Ҳали-ҳамон шоир ва шоиранинг мухлислари зиёратга келиб туришади. Лекин ҳокимиятдан ёки Ёзувчилар уюшмасидан бирон киши келганини эслолмайман. Шу пайтга қадар таъмирлаш ишлари ўзимизнинг зиммамизда бўлди. Билмадим, бунинг боиси, балки мемориал ҳовлининг ичкарисида бўлганидандир. Хўжайиним 2017 йил вафот этдилар. Қолаверса, уй ҳадемай... бузилиш арафасида. Аллақачон иш бошланган. Шу боис дарвозалар, атроф хароба ҳолатда.

– Маданий меросларни асраш ташкилоти аралашиб, уй-музей қилинса яхши бўлармиди?

Раъно опа “билмасам” дегандек елка қисади.

Хаёлга толаман. Демакки, яқинда садоқатдан ўзларига ҳайкал қўйган улуғ сиймоларнинг энг бахт­­ли кунлари ўтган жой изсиз йўқолади. Тошкентнинг қайта қурилаётгани аниқ. Лекин қатор-қатор, бир-бирига яқин қурилаётган баланд бинолар, назаримда, ҳамма жойда ҳам кўрк бўлаётгани йўқ. Аксинча, қанча-қанча дарахтлар кесилмоқда. Ачинарлиси, қурилишлар баҳонасида кўплаб тарихий бинолар бузиб ташланяпти.

– Шу ҳақда ўйлаб ҳузурингизга келдим-да, – дея яна Раъно опага юзланаман.

– Энди уни масъуллар ўйлашар. Биз Зулфия опамнинг васиятларини бажариб чироқларини ёқиб ўтирдик, холос. Руҳлари шод бўлсин.

– Балки шаҳар ҳокимияти бу ҳақда ўйлаб кўрар. Яқин жойда С.Бородин, С.Есениннинг уй музейлари бор. Ахир Ҳамид Олимжон ва Зулфиядек адабиёт дарғаларига Тошкентда ҳам музей очилса айни муддао бўларди. Бунинг учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳам фидойилик кўрсатса қани эди.

– Кошкийди...

Тушкун кайфиятда уйдан чиқдим. Шундоққина дарвоза ёнигача яшил тахта девор (бу қурилиш бошланади дегани) етиб келганини кўриб яна ўзимга савол бердим:

– Буёғи нима бўларкин?!

Муқаддас АБДУСАМАТОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+