Ёшлар масаласи – келажак масаласи

16.11.2021 11:11:46

Давлатимиз раҳбарининг Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этганлиги ва ўз нутқида бир қатор долзарб ташаббуслар қаторида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг креатив ғоя ва лойиҳаларини рағбатлантириш, миллий қадриятларимизга ёт бўлган таъсирлардан асраб-авайлаш масаласини илгари сурганлиги биз ўқитувчи, олимларда ҳам катта таассуротлар уйғотмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, шиддат билан ривожланаётган ахборот асрида ёшлар ва уларнинг тарбияси билан боғлиқ масалалар ҳар бир ота-она, педагоглар ва кенг жамоатчиликни жиддий ўйлантирадиган масаладир.

Ушбу нуфузли ташкилотга аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Президенти 2022 йилни Туркий дунёда “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиш ҳамда ушбу масалани Кенгашнинг навбатдаги саммитида кун тартибининг асосий мавзуси этиб белгилаш таклифини илгари сурганлиги барча юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан катта қизиқиш ва хурсандчилик билан қарши олинди.

Асосийси, эзгу ташаббус қардош мамлакатлар ёшлари билан турли соҳаларда ҳамкорликларни янада кучайтириш, илм-фан янгиликларини ўртоқлашиш, глобал муаммоларга илмга таянган ҳолда ечим топиш каби қатор эзгу ниятлар амалга ошишига хизмат қилади

Мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланганлигига ҳар куни гувоҳ бўлмоқдамиз.

Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс даврининг янги авлодларини тарбиялаш масаласи асосий мақсадларимиздан бирига айланган.

Ёшларимизнинг ўз қобилиятларини ривожлантириши учун яратилаётган шароитлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда.

Албатта, бугун юртимизда ўз фаолиятини бошлаган, аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактаблар, Президент ва ижод мактаблари, жаҳоннинг нуфузли олийгоҳлари рейтингида юқори ўринларни эгаллаётган Олий таълим муассасалари, ёшларимизнинг ўз иқтидорларини тўла намоён этишига хизмат қилаётгани аниқ.

Ушбу таълим даргоҳларида таҳсил олаётган навқирон ўғил-қизларимиз, Ал-Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур, Ажиниёз ва Бердақ каби минглаб боболаримиз қолдирган бебаҳо маънавий меросларнинг эгалари ва муносиб давомчиларидир.

Демак, юқоридаги ташаббуслар мамлакатимизда келажагимиз эгалари ҳисобланган ёшларимизга яратилаётган имкониятлар ва улар эришаётган салмоқли натижаларни Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар орасида кенг тарғиб қилиш, ёшларимизнинг ўзаро тажриба алмашишига эришиш, дўстлик ва биродарлик каби юксак фазилатларнинг янада юксалишига хизмат қилади.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, бўлаётган ўзгаришлар давлатимиз раҳбарининг Президентлик лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида келтирилган, “Биз – дунёга, дунё – бизга очиқ бўлиши керак” деган ҳаётий қоиданинг амалдаги исботига айланади.

Улбосын Сейтжанова,

«Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши «Аёллар қаноти» раиси,

педагогика фанлари номзоди, доцент.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+