Депутат ташаббуси билан маҳаллага ичимлик суви келтирилди

07.01.2022 16:01:23

Ҳудудларда ҳақиқий аҳволни ўрганиш, очиқ мулоқотлар ўтказиш орқали аҳолини ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ўз вақтида ҳал этиш чоралари кўрилаётгани фуқароларнинг турмуш шароити яхшиланиб бораётганида ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, Халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутатлари саъй-ҳаракати билан тумандаги «Қорахон» маҳалласи аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш яхшиланаётганлиги ана шундай хайрли ишлардан бири бўлмоқда.

Аҳоли билан учрашувлардан бирида фуқаролар томонидан билдирилган мазкур масала юзасидан туман депутатлик гуруҳидан Чори Муродов ташаббуси билан маҳалладаги мавжуд сув иншоотларини қайта таъмирлаш ва реконструкция қилишга доир лойиҳа ишлари амалга оширилиб, аҳолига тоза ичимлик суви келтириш муаммоси ҳал этиляпти.

Айтиш жоизки, айни пайтда депутат ташаббуси билан маҳалладаги мавжуд сув минорасини ва сув қудуғини таъмирлаш ҳамда сув насоси ўрнатиш қолаверса, бир неча километр масофадаги яроқсиз ҳолга келиб қолган сув қувурларини алмаштириш ишлари бажарилди. Бу ишларни амалга ошириш учун туман ҳокимлигининг ҳомийлик маблағи ажратилди. Молиялаштирилган маблағ ҳисобидан сув насоси ва унга тегишли электр кабеллар, темир сув қувурлари харид қилинди. Тумандаги «Сувоқова» унитар корхонаси томонидан қурилиш-монтаж ва таъмирлаш ишларини олиб борилди. Натижада «Қорахон» маҳалласининг 100 дан ортиқ хонадони тоза ичимлик суви билан таъминланадиган бўлди.

Абдуллажон Абдулхайиров, «Қорахон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, меҳнат фахрийси:

– Қарийб 20 йилдан буён маҳалламизда ичимлик суви муаммоси ечимини топмай келаётган эди. Шу пайтгача маҳалламиздаги бешта кўчадан атиги биттаси ичимлик суви билан таъминланган бўлиб, қолган 4 та кўчада яшовчи аҳоли сувни маълум масофадан ташиб ичишларига тўғри келган. Шукрки, қолган кўчаларга ҳам ичимлик суви келтирилиши кутиляпти. Ҳозирда ҳар бир хонадонга сув жўмраклари ўрнатилмоқда. Бундан маҳалладошларимиз хурсанд. Сув келтирган элда азиз, дейдилар. Депутатимизнинг бу хайрли ишлари туфайли оғири енгил, узоғи яқин бўлган қишлоқ аҳли беҳад мамнун.

Денов туман депутатлик гуруҳи режасига кўра жорий йил охирига қадар тумандаги ўндан ортиқ маҳаллага янги сув тармоғи тортилиши, қатор сув қудуқларини таъмирлаш ва янгиларини ўрнатиш мақсад қилинган.

Гулшода Турсоатова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+