Фаолимиз «Энг ёш олим – 2021» халқаро танлови ғолиби

07.01.2022 14:01:50

Якунига етган 2021 йилда Ўзбекистон «Адолат» СДП фаолиятида қолаверса, партиянинг ёшлар билан ишлаш, уларнинг сиёсий-ижтимоий ва илмий фаоллигини ошириш борасида катта ўсишга эришилди. Бунинг яққол мисоли сифатида партия ёшларининг йил давомида кўрсатган натижалари ҳамда эришган ютуқларини келтириш мумкин. Жумладан, якунланган йилнинг сўнги кунларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзоси Абубакир Аҳроржонов Қозоғистоннинг Нурсултон шаҳрида бўлиб ўтган «Энг ёш олим – 2021» халқаро танловининг дипломи ҳамда олтин медали билан тақдирланди.

Қўқон Давлат педагогика институти 4-курс талабаси бўлган ёш олимнинг халқаро танловга юборган илмий мақоласи юксак баҳоланди. Мазкур мақолада Фарғона вилоятининг Бувайда туманида кўплаб маданият арбоблари, илм аҳли ва ижодкорлар етишиб чиққанлиги, уларни ёш авлодга танитиш, ижодий меросини асраб-авайлаб, келажакка етказиш муҳим эканлиги таъкидланган.

Мақоланинг илмий янгилиги шундаки, унда Бувайда тумани тарихи ҳақида кўплаб муҳим маълумотлар келтирилган. Жумладан, чоризм давридаги «Қўшчи иттифоқ» тузилмаси, бир пайтлар қораланиб, халқ кўнглига қўрқинч солган, вақтлар силсиласида ҳақиқат юзага чиқиб, оқланган босмачилар, истибдод ва жаҳолатга қарши курашиб, тараққиёт сари дадил одим ташлаган ва бу йўлда турли фалокатларни бошдан ўтказган бувайдалик жасур аёллар, Катта Фарғона каналининг бунёд этилиши, сўз санъаткорларидан Мамадали қори Отабоев, Урайим Қори Иброҳимжон Юсупов, Расулқори Мамадалиев, Муҳиддин Дарвешов, Абдуллажон Насимий, Қодир Деҳқон, Аъзам Ўктам, Набижон Мамадалиев ҳамда илм аҳлидан Маҳмудов Низомиддин Мамадалиевич, Сиддиқов Абдуҳамид Мелиқўзиевич, Юсуфжон Нишонов, Ҳайдаров Ҳошимжон Ўринбоевич, Икромиддин Останақулов ва бошқа кўплаб улуғ инсонлар ҳақида маълумотлар келтирилган.

Мустақиллик йилларида Фарғона вилоятида бир неча музейлар, жумладан, 2007 йил Марғилон шаҳрида Увайсий уй музейи, 2017 йил Фарғона туманида Шоҳимардон табиати музейи ҳамда шу йили Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов мемориал музейи барпо этилди. Бундан ташқари, узоқ йиллардан буён ўзларининг қимматбаҳо далиллари билан мураккаб тарихимиз ҳақида янги авлодга маълумот бериб келаётган қуйидаги музейларни ҳам санашимиз мумкин-ки, уларни ҳар қанча бориб кўрсак, ўргансак арзийди: 1925 йил яратилган Қўқон маданияти тарихи давлат музейи, 1941 яратилган Муқимий ҳужра музейи, 1959 йил яратилган Ҳамза уй-музейи, 1961 йил барпо этилган Адабиёт музейи, 1989 йил барпо этилган Буюк алломалар музейи, 2000 йил яратилган Жоме амалий санъат музейи кабилар Қўқон шаҳрининг маданий хазиналар уйлари ҳисобланади. 1974 йил Марғилон шаҳрида яратилган Марғилон тарихи музейи, 1985 йил очилган Фарғона шаҳридаги Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи, Учкўприк туманидаги Ҳазиний уй музейи кабиларни фахр билан айтишимиз мумкин.

Музей яратишдан кўзланган асосий мақсад тарихий-маданий ёдгорликларни вақтлар силсиласидан эсон-омон олиб ўтиш, яъни реставрация ва консервация қилишдан иборатдир.

Ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ҳам музейларнинг ўрни беқиёс бўлиб, улар — тарихнинг сирли хилқатларини ўзида мужассам этган ҳолда халқлар маданиятини, қадриятларини тараннум этувчи маскан ва давлатларни бир-бирларига яқинлаштирувчи кўприк ҳисобланади.

Шунингдек, Абубакир Аҳроржонов йил якунлари бўйича «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ўтказилган «Энг фаол ёшлар парламенти аъзоси» сўровномасида энг кўп овозга эга бўлди ҳамда партия Сиёсий Кенгашининг махсус дипломи билан тақдирланди.

Фурсатдан фойдаланиб, илм йўлида тинимсиз изланаётган, юртимиз тараққиётига ўзининг ҳиссасини қўшиш мақсадида меҳнат қилаётган фаолимизни қизғин муборакбод этиб, келгуси фаолиятида омад ва муваффақиятлар тилаймиз!

«Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+