Миллий сайлов қонунчилигини такомиллаштириш – демократик ислоҳотларни амалга оширишнинг асоси

28.01.2021 16:01:09

Сўнгги йилларда юртимизда давлат ва жамият бошқаруви тизимининг барча соҳаларида халқимиз манфаатларини кўзлаган ҳолда эзгу ишлар амалга оширилмоқда, ислоҳотлар тобора кенг қулоч ёйиб бормоқда. Том маънода халқнинг хоҳиш-истаклари энг устувор ва ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Миллий қонунчилигимизда ҳам фуқароларнинг муайян ҳуқуқ ва мафаатларини тўла амалга ошириш борасида ўрнатилган чекловлар бартараф этилиб, инсон ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилувчи янги ҳуқуқий норма ва институтлар жорий этилмоқда. Хусусан, жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий соҳаларда фуқаролар учун кўплаб ҳуқуқий имкониятлар яратилди.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Мурожаатномасида 2021 йилда бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларига алоҳида тўхталиб: “бўлажак сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиш лозим” эканлигини таъкидлаган эди.

Муҳтарам Юртбошимизнинг бу борадаги ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаш ўринли. Аввало, айтиш керакки, қонун лойиҳаси 2020 йилнинг май-июнь ойларида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган.

Мазкур қонун лойиҳаси қуйидаги ижобий жиҳатлари билан алоҳида аҳамиятга моликдир. Хусусан:

биринчидан, унинг асосида миллий сайлов қонунчилигимизга умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар жорий этилмоқда;

иккинчидан, фуқароларнинг сайловларда иштирок этишига доир конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашга имкониятлар яратилмоқда;

учинчидан, сайловларни молиялаштириш ва уларнинг сарфланиши бўйича очиқлик ва шаффофликни таъминлашни назарда тутувчи янги тартиблар жорий этилмоқда;

тўртинчидан, қонун лойиҳасида назарда тутилаётган янги нормаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши жонажон юритимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада яхшилашга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятга эга.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда.

Аввало, айтиш жоизки, қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар ўтган давр мобайнида сайлов тизимида юзага келган миллий тажриба ва хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий амалиёти асосида ишлаб чиқилган. 

Қонун лойиҳасининг 1-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси ва “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Қонуни 
3-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов ўтказилиши белгиланган декабрь ойини октябрь ойига ўтказиш назарда тутилмоқда.

Хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, сайловлар Финляндияда апрель, Данияда июнь, Норвегияда сентябрь, АҚШда ноябрь ойида бўлиб ўтади.

Аксарият давлатларда президентлик сайловлари ва парламентга бўладиган сайловлар турли вақтларда бўлиб ўтади. Хусусан, Францияда парламентга сайловлар июнь ойида бўлиб ўтади. Шунингдек, Франция Республикаси Конституциясининг 7-моддасига биноан Президент сайлови амалдаги Президентнинг ваколат муддати тугашидан 20-35 кун олдин бўлиши белгиланган. Бу эса, Францияда Президентлик сайловларининг аниқ бир вақтга эмас, балки ваколат муддатининг тугашига қараб ўтказилишини англатади. Бундан ташқари, Испания Конституциясининг 68-моддасига биноан амалдаги парламентнинг ваколат муддати тугайдиган ойдан кейинги ойнинг 16-санасига қадар ўтказилиши белгиланган.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, қонун лойиҳасида сайловларни ўтказиш назарда тутилаётган муддат хорижий давлатлар тажрибасида ўзини ҳар жиҳатдан оқлаган ва синовдан ижобий ўтган ҳисобланади.

Қонуннинг 3-моддаси билан Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунига сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини давлат ҳисобидан молиялаштириш, маблағларни сарфлаш, унинг устидан назорат қилиш ва сиёсий партияларнинг ҳисобдорлигини белгилаш каби қатор ижобий янгиликлар назарда тутилмоқда.

Мазкур ўзгартишларнинг ҳаётга татбиқ этилиши:

биринчидан, сайлов жараёнини молиялаштиришнинг янада аниқ тизимининг яратилишига;

иккинчидан, молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини таъминлашга;

учинчидан, ажратилган маблағларнинг сарфланиши бўйича сиёсий партияларнинг молиявий интизоми янада ривожланишига;

тўртинчидан, солиқ тўловчилар ҳисобланмиш халқнинг сайловлар учун ажратилган маблағларнинг сарфланиш ҳолати ҳақида хабардор бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасининг 4-моддаси билан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг қатор моддаларига фуқароларнинг сайловлардаги иштирокини таъминлаш ва сайлов жараёнларини ўтказишни ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, сайлов комиссияларини тузиш ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ ўзгартишлар киритилмоқда, чет давлатларда бўлиб турган фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби ва чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг, шунингдек сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланадиган шахсларнинг тоифалари ва хатти-ҳаракатларнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

Қонун лойиҳасида назарда тутилаётган мазкур ўзгартишлар илғор хорижий давлатлар, хусусан, Германия, Финляндия, Дания каби давлатларнинг чет давлатларда бўлиб турган фуқаролари яшаётган ёки ишлаётган жойларида овоз беришлари мумкинлиги белгиланган. Шунингдек, Испания, Швейцария, Қозоғистон, Италия каби давлатларда сайловолди ташвиқотини олиб боришда иштирок этиши тақиқланган шахсларнинг рўйхати аниқ белгиланган.

Бугунги рақобат жараёни тобора шиддат билан ривожланиб бораётган бир паллада фуқароларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини таъминлаш долзарб аҳамият касб этади. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш йўлидаги муҳим ҳуқуқий қадамлардан бири ҳисобланади.

Акбаршоҳ ТЕШАБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жиноятчиликни олдини олиш масалалари қўмитаси раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+