Партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли – замонамиз қаҳрамони

29.04.2021 13:04:28

Фарғоналик Муаззамхон Аҳмадалиева 22 ёшда. Ёшини таъкидлаётганлигимиз бежизга эмас. Коронавирус касаллигининг мамлакатимизга кириб келиши кўпчиликнинг юрагига ваҳима солиб қўйганди. Санитария-гигиена талабларига риоя қилиш талаблари кучайтирилган,  касалликка чалиниш кўрсаткичи аҳоли ўртасида ўсиб бораётган бир пайтда касалликни жиловлаш ва уни олдини олишда  тиббиёт ходимларининг, айниқса қуйи бўғин вакилларининг ўрни беқиёс эканлиги ўша таҳликали кунларда ўз исботини топди.

Муаззамхон эса ёш бўлишига қарамай ўз ҳаётини гаровга қўйиб,  ўзгалар саломатлигини асрашга ўзида куч ва шижоат топа олди.  Вазият оғирлашиб, касалланиш ҳолати ортганида ҳам юрагига бир дам ваҳима ораламади. У 2-Фарғона тиббиёт коллежини тамомлагач, 2018 йилдан  вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги  бошқармасида  меҳнат фаолиятини бошлади.  Лаборант  сифатида коллежда олган  пухта билими, ўз касбига бўлган садоқати ҳамда соҳадаги  устозларининг ўгитлари асосида  қисқа вақт ичида  жамоада ўз ўрнига эга бўлди. Касаллик аломати бўлган фуқаролардан “COVID-19” учун таҳлил олиш, таҳлил намуналарини лабораторияга юбориш, бевосита ҳудудларга  чиқиб,  корхона ташкилотлар жамоалари аъзоларидан таҳлил олиш билан машғул бўлди.  Бугунги кунга қадар 800 нафардан зиёд фуқароларга сифатли хизмат кўрсатди.

–Ўзининг шижоати, ҳаракатчанлиги билан Муаззамхон нафақат ёшларимизга, балки жамоамизнинг барча ходимларига намунадир, – дейди бошқарма бошлиғи Аҳмаджон Ёқубов. –  Энг муҳими аҳдида қатъий. Берилган топшириқларни масъулият билан уддалайди. Соҳамизда шундай муносиб издошларимиз борлигидан ҳурсандмиз.

Ўз ишининг хавфига қарамай қаҳрамонимиз унга юклатилган  вазифани уддалаш учун ҳаракатда бўлди. Унинг коронавирусга қарши кураш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси эътироф этилиб,  “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан  тақдирланди.

Куни кеча  партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти  фаоли, том маънодаги замонамиз қаҳрамони  Муаззам Аҳмадалиевага Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши томонидан  ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Кенгаш раиси ўринбосари Адҳамжон Умаров  ёш ходиманинг келгуси фаолиятига омад тилади.

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+