Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди

12.01.2022 14:01:41

Бугун Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши марказий аппаратининг Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси томонидан партия Марказий аппарати биносида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси муҳокамасига бағишланган онлайн тарзидаги конференция ўтказилди.

Мазкур гибрид шаклда (ҳам офлайн, ҳам онлайн) ташкил этилган конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий Кенгашлар ходимлари, партиянинг «Ёш адолатчилар қаноти» Кенгаши раислари, Ёшлар парламенти аъзолари, партиянинг фаол ёшлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда инсон қадри учун деган тамойил асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони лойиҳасини ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида таҳлил қилиш ва ўзаро муҳокама жараёнларини ўтказиш орқали инсон қадри учун муҳим бўлган таклифларни дастурда акс этишига эришишдан иборатдир.

Тадбир бошида Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Умиджон Сулаймонов сўзга чиқиб, мазкур Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ўтган 2017–2021 йиллардаги Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми бўлиб хизмат қилиши ҳамда бошлаган демократик ислоҳотларимизни янада қатъий давом эттиришимизга замин яратиб, «Инсон қадри учун» деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришни назарда тутганлигини алоҳида таъкидлади ва тадбир иштирокчилари, қолаверса, ёшларга ватанимизнинг келгусидаги тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида бевосита дахлдорлигимизни чуқур ҳис этиб, лойиҳанинг муҳокама жараёнларида ва татбиқ этилишида фаол иштирок этишга чақирди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Адолат» СДП «Ёш адолатчилар» Республика Кенгаши раиси Муҳаммаджон Валиев иштирокчиларга бугун қизғин муҳокамалар марказида турган лойиҳанинг мамлакатимиз тараққиётини таъминлашдаги муҳим аҳамиятини изоҳлар экан, унда илгари сурилаётган қатор масалалар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Жумладан, депутат томонидан лойиҳадан ўрин олган “Мамлакатимиздаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш» масаласига алоҳида урғу берилиб, бу жараёнларда партия асосий иштирокчи ва ташаббускор бўлиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Қолаверса, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Йиғма ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи Акбаршох Тешабоев томонидан Халқ муҳокамаси марказига қўйилган лойиҳанинг мазмун-моҳияти, унинг амалга ошириш механизмлари ҳамда кутилаётган ўзгаришлар ҳақида иштирокчиларга маълумот бериб ўтилди.

Шунингдек, конференцияда иштирок этган ёшлар мазкур «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойили асосида ишлаб чиқилган лойиҳанинг юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар даврида инсон шаъни, қадр-қимматини улуғлашга ва фуқароларимизнинг эркин ва фаровон турмушини таъминлашга хизмат қилишини эътироф этиб, ўзларининг давлат дастури лойиҳаси бўйича қатор таклифлари ва уларни амалга ошириш механизмлари ҳамда истиқболи юзасидан фикрларини билдириб ўтдилар.

Тадбир якунида партиянинг устувор мақсадлари ва дастурий ғояларига ҳамоҳанглик касб этган, бугун кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг такомиллашиб, татбиқ этилишида партия электорати, қолаверса, ёшларининг фаол ташаббускор бўлишлари тўғрисида келишиб олинди.

«Адолат» СДП Матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+