Ёшлар бандлигини таъминлаш – юрт равнақининг гарови

16.04.2021 12:04:16

Ёшлар ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи муҳим қатлам ҳисобланади. Ёшлар жамиятнинг эртанги келажаги, унинг фаол аъзоси, жамият эртасининг муносиб вориси ҳисобланади. Бугунги кунда ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида юртимизда барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Уларнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш, илғор ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис юртимизда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этиладиган ёшларга юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида ишонч билдирилмоқда. Натижада юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг бизнес лойиҳаларини амалга ошириш натижасида уларнинг турмуш тарзи яхшиланмоқда, уларнинг истиқболли ташаббусларини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, уларни муносиб иш билан таъминлаш масаласи бугун ҳар қачонгидан долзарб ҳисобланади.  

Куни кеча давлатимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижросига муҳокама этилиб, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, бизнесдаги хавфларга ўргатиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Республикамизда жорий йил ёшлар ҳаётида унутилмас йил бўлиши учун қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда, ёшларга кўп соҳаларда имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба ёшларга жорий йил, 1 майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб бериш амалиёти жорий этилмоқда. Дастлабки босқичда ушбу тизим орқали республикамиз олий таълим муассасаларининг 60 минг нафар талабалари қамраб олинади. Шу билан бирга, эҳтиёжманд талабаларга ушбу харажатлар ҳокимликлар ва олийгоҳлар маблағи ҳисобидан ҳам қоплаб берилади. Бу талабаларга турли масалаларга чалғимасдан, кўпроқ ўз устида кўпроқ ишлашга, замонавий билимларни чуқур эгаллашига сабаб бўлади. Шунингдек, “ёшлар дафтари”га киритилган талабаларга 1 июндан бошлаб корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилади. Бунинг натижасида минглаб талабалар нафақат ўз соҳаси бўйича етук мутахассис бўлиб етишлари учун замин яратилмоқда.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли, қизиқарли ўтказиш мақсадида ҳудудларда янги иншоотлар барпо этилмоқда. Ёшларга берилаётган имтиёзлардан яна бири биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар маркази битирувчилари 6 ойгача даромад солиғи тўлашдан озод этилиши ҳисобланади. Бундан ташқари, ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод қилинади.

Ёшлар орасида хорижий тилларни ўрганишга бўлган рағбатни кучайтириш мақсадида жорий йил 1 инюдан бошлаб “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ўрганишлари ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиши харажатининг бир қисми қоплаб берилади. Шу билан бирга халқаро имтиҳон тизимларида юқори балл тўплаган ёшларга 5 та халқаро имтиҳон (IELTS, TOEFL, GMAT, GRE, SAT) тизимлари бўйича компенсациялар жорий йилнинг 1 майдан бошлаб тўлаб берилиши, яна 13 та имтиҳон тизими бўйича харажатлар келгуси йил 1 январдан қопланиш амалиёти йўлга қўйилди.  

Йиғилишда кўтарилган масалалар ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш, ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, ташаббусларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришига кўмаклашади. Уларнинг эртанги кунига янада катта ишонч билан қарашларига сабаб бўлмоқда. Ёшларнинг истаклари ва имкониятлари бир нуқтада бирлашмоқда.

 

 

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

“Адолат” СДП фракцияси ва

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

 ҳузуридаги Ёшлар комиссияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+