Чад президенти исёнчиларга қарши урушда жароҳат олиб вафот этгани айтилмоқда

21.04.2021 15:04:01

Чад президенти Идрис Деби мамлакат шимолида исёнчиларга қарши ҳарбий ҳаракатлар кетаётган пайтда олган жароҳати оқибатида ҳаётдан кўз юмган, деб хабар тарқатмоқда Франс Пресс агентлиги ҳарбийлар баёнотига таяниб.

РИА новостининг маҳаллий манбаларга таяниб ёзишича,  68 ёшли Деби жангарилар устидан қозонилган ғалабани нишонлаш ва қуролли кучларнинг ҳарбий амалиётларига раҳбарлик қилиш учун уруш майдонининг олдинги сафига келган. Давлат раҳбари қуролли тўқнашувда жиддий жароҳат олган ва оқибатда касалхонада ҳаётдан кўз юмган.

"Идрис Деби Итно мамлакатнинг ҳудудий бирлигини ҳимоя қилиш учун жанг майдонида бўлиб, ҳозиргина жон берди. Биз чуқур қайғу билан бу ҳақда Чад халқига маълум қилмоқдамиз", — деб баёнот берган армиянинг расмий вакили, генерал Азем Бермандоа Агуна маҳаллий телеканал орқали чиқиш қилганида.

Сайлов куни, яъни  11 апрелда жангарилар Ливия ҳудудидан Чад чегараларига бостириб кирган. Якшанба куни жанглар бошланиб кетган. Душанба куни эса армия "Чадда ўзгаришлар ва муроса учун фронт" (FACT) гуруҳининг 300 дан зиёд аъзосини йўқ қилгани ҳақида маълум қилганди.

Al Wihda газетасининг ёзишича, айни пайтда мамлакатда ҳарбийларнинг ўтиш кенгаши таъсис этилган. Кенгашга унинг ўғли Муҳаммад Идрис Деби раҳбарлик қилмоқда. Тез орада “ўтиш даври хартияси” эълон қилиниши ҳақида айтилмоқда.

Айни пайтда Чадда икки ҳафталик миллий мотам эълон қилинган, 18:00 дан  5:00 гача мамлакат ҳудудида комендантлик соати ҳукм суради. Бундан ташқари, ҳарбийлар навбатдаги кўрсатма келгунга қадар мамлакатнинг қуруқлик ва ҳаво чегараларини ёпишга қарор қилишгани ҳам айтилмоқда.

Ўтиш даври бир ярим йилгача давом этиши эълон қилинди. Амалдаги вазирлар маҳкамаси ва парламент тарқатиб юборилди. Ҳарбий кенгаш янги сайлов ўтказишга ваъда берган.

Яқиндагина жаҳон оммавий ахборот воситаларида Чаднинг амалдаги президенти Идрис Деби 11 апрелда бўлиб ўтган президентлик сайловида 79 фоиз овоз олиб ғолиб бўлгани ҳақда хабар тарқалган эди.

Шунингдек, Деби 1990 йил декабрь ойидан буён мамлакатга раҳбарлик қилиб келиши таъкидланганди.

Чад Африканинг Сахель минтақасида жойлашган бўлиб, террорчилик авж олиши ва назоратсиз миграция туфайли қитъадаги энг муаммоли ҳудудлардан бўлиб қолмоқда. 2014 йилда Франция минтақада “Бархан” аксилтеррор амалиётини бошлаган эди. Ушбу миссияни Буркина-Фасо, Мавритания, Мали, Нигер ва Чад мамлакатлари кирувчи “Сахель бешлиги” (G5) минтақавий тузилмаси қўллаб-қувватлаб келмоқда.

маълумот: УзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+