COVID-19: МДҲ мамлакатларида вазият қандай?

28.11.2020 12:11:56

Кеча Россияда 507 киши коронавирусдан вафот этди. Бу мамлакатда янги антирекорд ҳисобланади. Вафот этган беморлар сони бўйича Санкт-Петербург Москвани ҳам ортда қолдирган. Умуман, Ҳамдўстлик мамлакатларида коронавирус билан боғлиқ вазият қай аҳволда? Қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.

Арманистонда COVID-19 бўйича маълум муваффақиятларга эришилгани айтилмоқда. Коронавирусга чалинганлар охирги 14 кунда 33 фоизга пасайгани қайд этилган. Арманистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш миллий маркази бўлим бошлиғи Ромелла Абовян Sputnik-Арменияга берган интервьюсида шу ҳақда маълум қилган.

Айни пайтда Арманистонда касаллик тарқалиш суръати пасайган.

«Ҳозир вазият нисбатан барқарор. Агар бундан аввал коронавирусга чалинганлар сони кунига 2,5 минг кишига етган бўлса, ҳозир бу ўртача 1,5 минг кишини ташкил этмоқда», – дейди Абовян.

25 ноябргача Арманистонда 129 мингдан зиёд киши коронавирусга чалингани қайд этилди, 2 минг 40 киши вафот этган.

Озарбайжонда коронавирусга чалинган 30 мингдан зиёд бемор уйда даволанмоқда. Шифокорлар улар билан тезкор телефон мулоқотини йўлга қўйган. Зарурат туғилганда беморнинг уйига келиб, шифохоналарга олиб кетиш имконияти эга. Коронавирус аниқланган беморларга дори-дармонлар бепул берилади.  

Ўтган куни мамлакатда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 3 минг 646 та янги ҳолат аниқланди. Озарбайжонлик мутахассисларнинг таъкидлашича, коронавирусга енгил кўринишда чалинган беморлар уйда даволанмоқда, лекин оғир беморлар клиник шароитларда даволаниши шарт.

Озарбайжон соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилининг таъкидлашича, мамлакатда коронавирусдан вафот этиш кўрсаткичи жуда паст.

Қозоғистонда COVID-19 билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда. Шарқий Қозоғистонда бешта мактаб карантин туфайли ёпиб қўйилган. Ушбу мактабларда бир нечта ўқитувчи ва ўқувчиларда коронавирус аниқланган.

Бугунга кунгача Қозоғистонда 128 минг 400 киши COVID-19га чалингани қайд этилди, 1 минг 990 киши вафот этган.

Қирғизистонда COVID-19га қарши инновацион ҳимояланиш воситаларини ишлаб чиқарувчилар «Қирғизпатент» томонидан 2 минг доллар ёрдам пули олади. Айни пайтда мамлакатда коронавирусга чалинишнинг кунлик кўрсаткичи пасаймоқда. Ўтган куни 378 киши касалликка чалинган. Бу ой бошига қараганда 200 кишига кам.

Молдовада айрим чекловлар ҳамон давом этмоқда. 26 ноябргача жами 101 минг 203 бемор аниқланди. Шу кунгача пандемиядан қурбон бўлганлар сони 2 минг 200 кишидан ошди. Молдова коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунё рейтингида 63-ўринни эгаллаб турибди.

Россияда шу кунгача 2 миллион 162 мингдан зиёд киши коронавирусга чалингани аниқланган. 37 минг 538 киши вафот этди. 26 ноябргача мамлакатда 1 миллион 660 минг 419 киши коронавирусдан тўлиқ тузалди.

Тожикистонда ўтган куни коронавирусга чалинган 37 та янги бемор аниқланди. 30 апрелдан 25 ноябргача жами касалланганлар сони 12 минг кишидан ошди, деб хабар қилади «Ховар» миллий ахборот агентлиги.

Шу кунгача коронавирусдан 11 минг 395 киши ёки беморларнинг 94,9 фоизи соғайиб чиққан. Тожикистонда COVID-19 дан 86 киши вафот этди.

Интернет материаллари асосида тайёрланди

ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+