ДАВЛАТ ДАСТУРИ: барқарор тараққиёт сари муҳим қадам

12.02.2021 17:02:50

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги Фармони билан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди. Давлат дастури жами 274 банддан иборат бўлиб, режалаштирилаётган тадбирларни молиялаштиришга умумий қиймати 29 492,7 млрд. сўм ҳамда 2 600,4 млн. АҚШ доллари ва 57,5 млн. евро миқдоридаги маблағлар ажратилиши кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, Давлат дастурида белгилаб берилган аксарият вазифалар “Адолат” СДП Сайловоди дастуридаги мақсад ва ғояларга ҳамоҳангдир. Шу боис, ҳозирда партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясида Давлат дастури асосида тегишли иш режалари ишлаб чиқилмоқда. 

Қодир ЖЎРАЕВ, 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган Транс-афғон коридори барпо этилади

Давлат дастурининг бешинчи, яъни ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналиши 30 та ўта муҳим вазифаларни қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир.

Чунончи, Давлат дастурида Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва мазкур мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш йўлидаги глобал саъй-ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватлаш, Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этиш борасида аниқ манзилли тадбирларни амалга ошириш вазифаси ҳам алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Бу эса айни муддаодир, зеро, асрлар давомида Афғонистон Марказий Осиёни бошқа минтақалар, хусусан, Жанубий Осиё билан боғловчи кўприк вазифасини ўтаб келган.

Ҳозирги кунда Транс-афғон коридорини барпо этиш борасида дастлабки амалий қадамлар ташланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон томонидан ушбу лойиҳани амалга ошириш йўлида аниқ мақсадга қаратилган саъй-ҳаракатлар аллақачон бошлаб юборилган бўлиб, жорий йилнинг 2 февраль куни Тошкент шаҳрида Афғонистон таш­қи ишлар вазири Х.Атмар, Покистон бош вазирининг савдо, саноат ва инвестициялар бўйича маслаҳатчиси А.Р.Довуд иштирокида «Мозори Шариф — Қобул — Пешовар» темир йўли қурилиши бўйича ташкил этилган учтомонлама йиғилиш фикримизнинг яққол тасдиғидир. Темир йўлни қуриш бўйича аниқ Ҳаракатлар режасининг қабул қилиниши билан якун топган мазкур йиғилиш том маънода тарихий воқеа бўлди.

Транс-афғон коридорининг барпо этилишидан Марказий ва Жанубий Осиё­даги барча мамлакатлар келгусида бирдек манфаат топади. Агар Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, бугунги кунда мамлакатимизнинг Покистон ва Ҳиндистон билан товар айирбошлаш ҳажми 500 млн. доллардан ошмайди. Бунинг сабаби — бизни ушбу мамлакатлар билан тўғридан тўғри боғлайдиган транспорт коридорининг мавжуд эмаслигидир. Ваҳоланки, салкам 2 миллиард аҳоли яшайдиган Жанубий Осиё мамлакатлари саноати тобора юксалиб бораётган Ўзбекистон учун улкан бозор вазифасини ўташи мумкин.

“Мозори Шариф — Қобул — Пешовар” темир йўли қурилишининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у жафокаш афғон заминида узоқ кутилган тинчлик ва осойишталикни тақдим этиши мумкин. Ҳозирда мазкур лойиҳага Афғо­нис­тонда тинчлик ўрнатишга жалб қилинган барча мамлакатлар, хусусан, Покистон, Россия, АҚШ, Хитой каби давлатларнинг қизиқиш билан қараётганлиги ҳам фикримизнинг далилидир.

Масаланинг молиявий томонига келсак, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестиция банки, Европа ривожланиш ва реконструкция банки, Европа инвестиция банки каби бир қатор нуфузли халқаро молиявий институтлар ушбу лойиҳани молия­лаштиришга тайёр эканликларини билдиришмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Давлат дастурида кўрсатилган Транс-афғон коридорининг барпо этилиши келгусида Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги кооперация учун улкан имкониятлар эшигини очиб беради. Лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши, бир томондан, Афғонистонга унинг транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилса, иккинчи томондан, макроминтақа миқёсида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга беқиёс ҳисса қўшади. 


Иномжон ҚУДРАТОВ,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Пенсия ва нафақа тайинлашда сарсонгарчиликка барҳам берилади

— Мамлакатимиз раҳбарининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегия­сини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли сломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юқори иқтисодий ўсишга эришиш ҳисобидан халқимизнинг фаровонлигини ошириш ва кундалик ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Биргина пенсия ва нафақа тайинлаш масаласини оладиган бўлсак, фуқароларга янада қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор тартиблар ўрнатилиши белгиланмоқда. Яъни, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр — 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади.

Шунингдек, уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловларни ундириш бекор қилиниши мўлжалланмоқда. Бунда ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади. Пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади.

Таъкидлаш жоиз, фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлигини тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали пенсияларни нақд пулсиз шаклда олувчи шахслар томонидан ҳар олти ойда Пенсия жам­ғармасининг бўлимига келиш ҳамда масъул ходимлар томонидан жойларга чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади.

Энг асосийси, пенсия ва нафақалар тўғри тайинланиши ҳамда тўланиши бўйича текширишлар натижасида аниқланган ортиқча тўлов суммасининг 2021 йил 1 февраль ҳолатига бўлган қарздорлиги ҳисобдан чиқарилиши аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Дастурда белгиланган бу каби қулайликлар аҳолининг ортиқча сарсон бўлишининг олдини олишга, давлатдан розилик ҳиссини оширишга хизмат қилади.

***

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Таълим тизимида янги механизмлар жорий қилинади

— 2021 йил учун қабул қилинган Давлат дастурида, аввало, талаба ёшларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилган. Дас­турда шу соҳада кўзда тутилган бандларга диққат қаратадиган бўлсак, кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар талабага Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти ажратилиши ёшлар сиёсатида жуда адолатли қарордир. Аввалги тизимда Президент стипендиясини талаба бир йил давомида охирги курсда олган бўлса, эндиликда талаба бутун ўқиш даврида Президент грантига эга бўлади. Ҳаётий тажриба шуни кўрсатадики, бу имконият билан стипендия олиш учун коррупцион ҳолатлар пайдо бўлишининг олди олинади. Очиқ маълумотларни назарда тутувчи ягона электрон реестрнинг шакллантирилиши эса шаффофлик ва адолатни таъминлашга хизмат қилади.

Давлат дастурида, шунингдек, олий таълим муассасаларида икки ва ундан ортиқ фарзанди таълим олаётган оилаларга таълим кредитини талаба ўқишни тугатгандан сўнг қайтариш имконияти берилмоқда.

Давлат дастурида академик таътил масаласида енгилликлар берилаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур. Академик таътил даврини эндиликда талаба ихтиёрига кўра сиртқи ёки масофавий таълим турига алмаштириб, мустақил таълимни давом эттириш имкониятига эга бўлади, яъни унинг таълим олишида узилиш бўлмайди. Аҳамиятли томони шундаки, академик таътилдан қайт­ган талабаларга илгари ўзлаштирган фанларидан қайта ўқитиш амалиёти бекор қилинмоқда.

Давлат дастурида олий таълимдан кейинги таълимни давом эттирувчилар учун ҳам қатор қулайликлар кўзда тутилган. Энг аввало, илмий унвон ва илмий даражаларни бериш ваколати 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб босқичма-босқич олий таълим муассасаларининг илмий кенгашларига ўтказилиши белгиланган бўлиб, бу хорижий амалиётга ҳам тўлиқ мос келади. Ушбу янгилик илмий изланувчилар олдига сунъий тўсиқлар қўйилишининг олдини олиш, мамлакат илмий салоҳиятини оширишнинг муҳим омилидир.

***
Гулруҳ АЪЗАМОВА,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

 Вазифалар ижросини таъминлашда

жамоатчилик назорати кучайтирилади

— Давлат дастурининг эътиборли жиҳати шундаки, давлат раҳбари ва ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг жойлардаги ижроси шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва натижаларини аҳолига етказиб боришга қаратилган “Президент қарорлари — ҳаётда ва назоратда” мавзусида кўрсатув ва чиқишлар ташкил этиб борилиши белгиланган.

Шу билан бирга, белгиланган вазифалар ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назоратини кенг йўлга қўйиш мақсадида “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизимлари жорий этилмоқда.

Дастур орқали инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурматни шакл­лантириш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсини янада оширишга, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинглар ва индекслардаги мавқеини яхшилашга хизмат қиладиган инсонпарварлик тамойиллари жорий қилинмоқда.

Жумладан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизими йўлга қўйилмоқда.

Бундан ташқари, Дастурда 2021 йил давомида 6 тагача манзил-колонияларнинг қисқартириш кўзда тутилган бўлиб, бу эса айнан Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг тўлиқ бажарилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ва бошқа комплекс чоралар тизимини яратиш, қонунчиликка ва давлат органлари, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг амалий фаолиятига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш механизмлари ва тартиби самарадорлигини ошириш йўналишида қўйилган муҳим қадамлардан биридир.

***
Дилрабо ХОЛБОЕВА,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Қишлоқ хўжалигида ерга бўлган муносабат тубдан ўзгаради

— Давлат дастури барча соҳалар кенг қамраб олингани билан аҳамиятлидир. Айниқса, дастурда қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам янгича ёндашувдаги муносабатларни жорий этиш белгиланмоқда. Хусусан, жорий йилдан амалиётимизга “Ягона дарча” тамойили бўйича фермер, деҳ­қон хўжаликлари, агроклас­терлар, кооперациялар ва бошқа тадбиркорлик субъектларига инновацияларга асосланган сифатли агрохизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади. Бунда, аввало, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимини 2021-2025 йилларда ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилиб, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази негизида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказини ташкил этилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, ушбу вазифа орқали соҳага илмий изланишлар жорий этилаётгани ҳам муҳим аҳамият касб этиб, энди илмий ва инновацион ишланмаларни яратган ва самарали жорий этган олимлар ва ёш тадқиқотчилар қўллаб-қувватланади. Яъни, Миллий марказ ҳузурида Қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқотларни ва инновацион ишланмаларни молиявий қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.

Давлат дастурида ерга эътиборсизлик орқали ер сифатининг бузилишига қарши курашиш масалаларини ҳал этишга қаратилган яна бир муҳим вазифа — қишлоқ хўжалигида экинлар ҳосилдорлиги ва самарадорликни ошириш бўйича амалий ҳамда комплекс ишлар амалга ошириш белгиланмоқда. Бу орқали қишлоқ хўжалигида энг илғор технологиялар, ресурс тежовчи ва биологик усуллардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг юқори авлодли уруғлари билан таъминлаш амалиётга кенг жорий этилади. Пахта майдонларида 160 минг гектар сув тежовчи технологиялар жорий этилиб, ҳосилдорликни пахта ва ғаллачиликда 8-10 фоизга, мева-сабзавотчиликда 15-20 фоизга ошириш чоралари кўрилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, ҳар бир гектар ердан олинадиган даромадни ҳозирги ўртача 2 минг АҚШ долларидан камида 5 минг АҚШ долларигача босқичма босқич етказиш, шоличиликда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида асосий майдонларда 20 фоизгача ва такрорий майдонларда 70 фоизгача кўчат усулида экишни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Ишонамизки, мазкур белгилаб берилган вазифаларни муваффақиятли ижро этилиши аввало, деҳқон ва фермернинг масъулиятини ошириш ҳамда аҳоли даромадларининг ўсишига хизмат қилади.

 ***
Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Тошкентнинг қадимий 12 дарвозаси тикланади

Ушбу ҳужжатда юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишнинг аниқ амалий чора-тадбирлари акс этган бўлиб, маданият ва санъат соҳасининг тараққий этишини таъминлаб берувчи омилларга ҳам катта эътибор қаратилган. Хусусан, соҳанинг барча тармоқлари ривожланишига қулай шарт-шароит яратиш, ўзбек маданияти ва санъати дурдоналарини жаҳон бўйлаб тарғиб этиш, атоқли адиб ва санъаткорларнинг адабий ҳамда мусиқий меросини чуқур ўрганиш ва келажак авлодларга бекаму кўст етказиш каби долзарб вазифалар ўз аксини топган.

Жумладан, маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улар учун замонавий шарт-шароит яратиш мақсадида бюджетдан 72,1 миллиард сўм ажратилиб, 16 та маданият маркази, 10 та музей, 3 та театр биноларини мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш вазифаси белгиланган.

Шунингдек, “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кино фестивалини ташкил этиш мақсадида муайян норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши кўзда тутилган бўлиб, унда халқаро тадбирни юқори савияда ташкил этиш, ўзбек киносини дунёга танитиш, ҳорижий кинокомпанияларни мамлакатга жалб этиш ҳамда кинематография соҳасида ўзаро алмашинувни кенгайтириш, фестиваль низомини тасдиқлаш, тадбир доирасида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш вазифалари юклатилган.

Давлат дастурида, атоқли шоир ва адиблар Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, буюк санъаткор Ботир Зокировнинг юбилей саналарини нишонлаш бўйича белгиланган тадбирларни аҳоли, авваламбор, ёшлар хотирасида ёрқин из қолдирадиган даражада, чинакам адабиёт ва санъат байрамлари сифатида ўтказиш мақсадида “Абдулла Орипов издошлари”, “Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони”, “Ботир Зокиров санъати давомчилари” кўрик-танловларини ташкил этиб, ушбу тадбирларни туман, шаҳар, вилоят ва республика бос­қичларини ўтказиш орқали амалга ошириш вазифаси белгиланган.

Яна бир муҳим масала — республикамиз ҳудудида жойлашган маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш бўйича дастур қабул қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори ло­йиҳаси ишлаб чиқилиши назарда тутилган бўлиб, унда барча маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш ҳамда уларнинг Миллий рўйхатини қайта шакллантириш, маданий мерос объектлари электрон порталини яратиш, уни давлат электрон хизматлари билан интеграция қилиш, давлат кадастр ҳужжатини расмийлаштириш ва давлат кадастрлари ягона тизимига тегишли ахборотларни жойлаштириш, маҳаллий ҳокимликлар, маҳалла, ОАВ ва кенг жамоатчиликнинг иштирокини рағбатлантириш ҳамда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, илмий тадқиқ этиш ва оммалаштириш ишларини кучайтириш, молиялаштириш манбаларини белгилаш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш кўзда тутилган.

Давлат дастурида кўзда тутилган энг муҳим вазифалардан яна бири — Тошкент шаҳрининг қадимий 12 дарвозасини тиклаш ва туризм намойиши объектларига киритилишидир. Зеро, тарихни мукаммал билиш, юртимизнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрнини англаш ҳамиша кун тартибидан мустаҳкам жой эгаллаб келган вазифа бўлиб қолади.

Бир сўз билан айтганда, бутун жаҳонни қийин шароитда қолдирган машъум пандемия даврида мамлакатимиз ўзининг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал этиш баробарида маданият ва санъат соҳасининг ривожига кўрсатаётган юксак даражадаги ғамхўр­лиги эртанги кунимизнинг порлоқ истиқболини белгилаб берувчи асосий омил бўлиб ҳисобланади.
***

Хулоса қилиб айтганда, 2021 йил Давлат дастурида амалга оширилиши режалаштирилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистон тараққиёти, халқ фаровонлиги, юрт ободлигига хизмат қилиши, ҳар бир юртдошимизда Ватан равнақига юксак дахлдорлик ҳиссини шакллантириши билан аҳамиятлидир. Зеро, Давлат дастури – бу халқнинг ўзи танлаган миллий стратегиядир.

Шундай экан, Давлат дастурининг бекаму-кўст ижро этилиши жуда муҳим бўлиб, ушбу жараён барча бўғиндаги партия фаоллари ва депутатлари зиммасига катта масъулият юклайди. 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+