Аёллари қадрланган юртда доно фарзандлар камол топади

04.09.2020 13:09:18

Бу йилги Мустақиллик байрами ўзгача тарзда, яъни, оила даврасида, яқинлар қуршовида нишонланди. Бу ҳам қайсидир маънода аёлларимиз учун меҳрибонлик, яқинлар дийдорлашуви байрами бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Барчамизга маълумки, жамиятнинг пойдевори бўлган мўжазгина оила ва у оиладаги аёлнинг маънавий камолоти, ўсиб келаётган ёш авлод келажаги учун жуда муҳим тарбия намунаси саналади. 

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг барчаси халқимиз турмуш даражасини яхшилашга ва яшаш учун қулай шарт-шароит яратишга хизмат қилмоқда.

Айниқса, келажак авлод тарбиясига масъул бўлган аёлларимиз учун олий таълимда 940 ўринли давлат грантининг ажратилиши юртимизда кам таъминланган оилаларнинг қиз фарзандларига алоҳида эътибор қаратилаётганининг яққол намунасидир. Узоқни кўзлаб қилинган бу эзгу ишнинг негизи келажагимиз бунёдкори бўлган ёш авлодни тарбиялашда аёлларимиз янада салоҳиятли бўлишлари йўлида қўйилаётган кейинги қадам дейишимиз мумкин. 

Чекка худудларда яшаб, илм олиб, жамият ривожига ҳисса қўшишни истаётган аёлларимизга ҳам кўрсатилаётган бундай эътибор, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини оширибгина қолмай, ўзи ва атрофдагилар учун ҳам масъуллигини кучайтиради. Бу эса даҳлдорлик, келажак учун жавобгарлик ҳиссини шакллантиришга хизмат қилади.

Бугунги кунда бутун дунёда инсонлар саломатлигига коронавирус инфекцияси хавф солмоқда. Бунинг оқибатида ўзимиз ёки яқинларимиз касаллик билан курашиш, уни енгиб соғлом ҳаётга қайтишга интиляпмиз. Инфекциядан халос бўлганимиздан сўнг эса, шифокорларимизга миннатдорчилик сифатида дил изҳорлари ҳам айтамиз.

Бу йил юртимиз, аҳолимиз, айниқса, барча турдаги соҳаларимиз кучли синовдан ўтмоқда. Сирдарё ва Бухородаги табиий офатлар ва афсуски, бугунги кунгача давом этаётган коронавирус пандемияси билан курашиш  бизни чинакам меҳрибон, ўз ризқини ўзи емасада қийналган биродарларига улашадиган халқ эканлигимизни кўрсата олди.

Коронавирус пандемияси бошланган кунданоқ партиямиз ҳам кам таъминланган оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш ва далда бўлиш масаласини ўз олдидаги муҳим вазифа деб билди.

Партиямиз фаоллари, Олий Мажлис қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгаши депутатлари ва “Аёллар қаноти” фаоллари  томонидан Республика бўйича кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 15 220 тасига 3 581 қоп ун, 38 577 кг ёғ, 30 817 кг картошка, 27 514 кг пиёз, 32 685 кг макарон, 200 720 дона тиббий ниқоблар етказиб берилган бўлса, 800 нафар оила партия фаоллари ва депутатлар томонидан оталиққа олинди.

Халқимизда бир доно мақол бор: “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар”. Бундай вазиятда жонажон халқимиз жипслаша олди.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда тинчлик ва бунёдкорлик, халқнинг қалқондек туриб бирлашуви ва шукроналик билан яшаши, эртанги кунга улкан режалар тузишга замин ярата олади.

 

Гулнисо САИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

Марказий аппарати бўлим мудири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+