Аёллари қадрланган юртда тараққиёт бўлади

11.03.2022 17:03:29

Ҳар қандай ривожланган давлат ва жамиятда хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этадиган масаладир.

Сабаби, юрт тараққиётига дахлдор барча ислоҳотлар ва уларни амалга ошириш жараёни авваламбор, эртамиз эгалари бўлган фарзандларимиз тарбиясига масъул бўлган оналаримизга, аёлларимизга бевосита боғлиқдир.

Шу боисдан мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлариданоқ, юртимизда хотин-қизлар масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг манфаатлари, орзу умидлари давлат сиёсати даражасида бўлиб келган.

Қувонарлиси, сўнги йилларда Президентимизнинг ташаббуслари билан хотин-қизларимизнинг жамиятда тутган ўрни, ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги фаоллик даражаси, қолаверса, эртанги кунимиз эгалари бўлмиш соғлом авлодни тарбиялаб, вояга етказишдаги ҳаётий вазифалари изчил белгиланиб, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ишларнинг кўлами ортиб, бу жабҳада янги босқичга кўтарилмоқда.

Айтиш мумкинки, жорий йилнинг 1 март куни, баҳор фаслининг илк паллаларида ҳаммамиз учун муҳим бўлган масала – хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқейини янада мустаҳкамлаш бўйича энг долзарб вазифалар юзасидан Президентимиз раислигидаги видеоселектор йиғилишининг бўлиб ўтганлиги юқорида билдирилган айни эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Мазкур таҳлилий ва ўз ўрнида танқидий руҳда ўтган йиғилишда бугунги кунда «Аёллар дафтари»да 630 мингдан зиёд хотин-қиз рўйхатда турганлиги, улардан 200 минг нафари ишсиз аёл-қизларни ташкил этиши қайд этилиб, аёллар ўртасида жиноятчилик, оилада зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларининг учраб турганлиги таъкидланди. Шу билан биргаликда Давлатимиз раҳбари бу муаммоларни ҳал этишда маҳалла фаоллари, жамоатчилик ва нуронийларнинг ўрни ва аҳамиятини алоҳида қайд этиб ўтди.

– Бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам аёлларга боғлиқ. Агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишимиз керак. Она рози бўлса, оила рози бўлади, оила рози бўлса, жамият рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, хотин-қизлар масалалари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимида эди. Алоҳида қўмита тузилиши муносабати билан, бу вазирлик ҳам Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди ва ушбу соҳада ҳам янги тизим яратилиши белгиланди. Унга кўра жойларда айни вазифа бевосита ҳокимларнинг зиммасига юклатилади, ҳоким ўринбосари лавозими қисқартирилади. Маҳалла раиси ўз ҳудудида ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаолининг ҳамжиҳатликда ишлашини таъминлаши белгиланди.

Шунингдек, Халқ қабулхоналарининг вазифалари ҳам энди шаҳар ва тумандан маҳалла миқёсига тушиши айтиб ўтилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, 2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан тўлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилиб, бу мақсадларни амалга ошириши учун жорий йилда бюджетдан 200 миллиард сўм, 2023 йилда эса 1 триллион 700 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланди.

Аёлларнинг уй-жой шароитини яхшилаш масаласига тўхталар экан, Президентимиз шундай деди:

– Бир вақтлар аёлларга имтиёзли уй беришга имкон йўқ эди, бунга қонуний асос, маблағ йўқ эди. Энди эса Ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилиши Президентимиз томонидан аниқ белгилаб берилди.

Мазкур йиғилишда кўтарилган яна энг муҳим масалалардан бири аёл-қизларимизнинг саломатлигини тиклашлари бўйича аниқ тадбирлар белгиланиб, унга кўра, жорий йилда 6 минг нафар аёлга юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилиши, ногиронлиги бўлганлар реабилитация воситалари билан таъминланиши, 3 миллион нафар хотин-қиз онкологик скринингдан ўтказилиши шунингдек, қизларни эмлаш, фертил ёшдаги аёлларни дори ва витаминлар билан бепул таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Президентимиз хотин-қизларимизнинг сифатли ва малакали таълим олишига ҳам эътибор қаратиб, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқишни таклиф этди. Ушбу дастур доирасида хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шериклик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этишни илгари сурди.

Энг қувонарлиси, олий таълим олиш истагида бўлган, аммо моддий имконияти чекланган хотин-қизлар учун янги ўқув йилидан бошлаб, таълим контрактларини тўлаш учун илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади. Бунинг учун, жорий йилда банкларга 1 триллион 800 миллиард сўм, келгуси беш йилда 8 триллион сўм маблағ ажратилиши таъкидланди. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, юртбошимиз томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус хотин-қизларимизни илм олишларига, маърифатли бўлишларига яна бир катта имкониятлар эшигини очади.

Яна бир янгилик: келгуси ўқув йилидан бошлаб, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши, эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланиши вазифа қилиб белгиланди.

Жамиятимизда олима аёллар улушини сезиларли ошириш учун докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратиладиган бўлди.

Йиғилишда аёлларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Маълумки, бугунги кунда тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар 30 кун муддатга алоҳида ҳимояга олинади. Лекин, ундан кейинги тизим бўшлиқ бўлиб қолган. Шу боис, йиғилишда энди аёлларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимояси суд томонидан таъминланиши, алоҳида ҳимояга олиш бир йилгача белгиланиши айтилди.

Оилаларни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулиятини ошириш ҳам бугунги кундаги долзарб масалалардан.

Президентимиз бу борада обрў-эътиборли, билимли хотин-қизлардан иборат «Оқила аёллар» ҳаракатини ташкил қилиш таклифини билдирди.

– Бу ҳаракат «маҳалланинг виждони»га айланиши керак. Чунки маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Албатта, йиғилишда белгиланган чора-тадбирлар, аёл-қизларимизнинг ижтимоий-ҳуқуқий манфаатларини таъминлашга қаратилган қарорлар, қолаверса, эътирофимиз марказида турган нозик хилқат вакилалари учун яратиб берилаётган имтиёзлар ва имкониятлар барчамизнинг кўнглимизни кўтариб, келажакка умид, Ватанимизнинг ёрқин тараққиётига дахлдорлик бахш этса, шу билан биргаликда давлат ва жамият тараққиётига муҳим таъсирга эга бўлган сиёсий партияларнинг тенг ҳуқуқли вакили сифатида биз адолатчиларга улкан масъулиятни юклайди.

Партиямизнинг 500 мингдан зиёд аъзоларининг 50% га яқинини аёл-қизлар ташкил этишини, қолаверса, дастурларимизда илгари сурилган устувор мақсад ва ғояларда: гендер тенгликни таъминлаш, хотин қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида аҳамият қаратилганлигини ҳисобга олиб айтиш мумкинки, демократик давлат ва жамият қуришдаги фаолиятимизда хотин-қизлар масалалари ҳамиша биз адолатчиларнинг кун тартибидаги асосий масала бўлиб қолади ва бу борада партиямиз фаол иштирокчи бўлиш билан бир қаторда ташаббускорлар сафида бўлиши шубҳасиздир.

Гулнисо САИДОВА,

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши

Марказий аппарати бошқарма бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+