Байрам арафасида меҳр-мурувват кўрсатилди

30.08.2022 16:08:47

Мамлакатимизда эътиборга муҳтож инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Энг улуғ энг азиз байрам муносабати билан маҳаллий Кенгаш фаоллари ва депутатлари томонидан амалга оширилган хайрия тадбирлари ана шундай юксак инсоний фазилатларни ўзида мужассам этади. Хусусан, Партиянинг Узун туман Кенгаши ҳамда туман «Аёллар қаноти Кенгаши» ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида партиянинг «Бир адолатчи юз аёлга ҳимоячи» лойиҳаси доирасида тумандаги «Янги йўл» маҳалласида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган 20 нафар боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд аёллар хонадонига ташриф қилиниб, уларга гўшт ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. -Улуғ байрам арафасида бу каби тадбирларни ўтказиш, аҳоли эҳтиёжманд қатлами ҳолидан хабар олиб, уларга саховат ва кўмак кўрсатишни бурчимиз, деб биламиз, – дейди партия Узун туман Кенгаши раиси Сардор Мавлонов. – Шу мақсадда, ҳамкорлар билан биргаликда ушбу меҳр-саховатга йўғрилган хайрия тадбирларини мунтазам ўтказамиз. Бу тадбиримиз биринчиси ҳам охиргиси ҳам эмас. Йил давомидаги бу каби ҳаракатлар амалга оширилиб келинмоқда. -Маҳалламизда 2700 дан зиёд фуқаролар истиқомат қилади. Бугун Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлар ва партия фаоллари маҳаллада истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож кам таъминланган фуқаролар хонадонига бориб улар билан суҳбатлашиб, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиб чиқди. Бу каби хайрли ишлар албатта кўнгли ўксик, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар учун байрам совғаси бўлди, десак янглишмаган бўламиз, - дейди маҳалла раиси Олим Алламуродов. - Мен депутатларимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлардан жуда хурсандман, - дейди «Янги йўл» маҳалласида истиқомат қилаётган Саида Мирзаева. – Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман, партия фаоллари доимо мендан хабар олиб туради. Ҳаётий қизиқишларим билан ўртоқлашиб, муаммоларим бўйича фикрлашадилар. Албатта, байрам кунларида ташкил этилаётган меҳр-саховат тадбирлари меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлашга, кўп минг йиллардан буён улуғланиб келаётган қадриятларимиз унутилмаслигига, инсоний фазилатлар қадрланишига хизмат қилади.

Умида Мамажанова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Узун туман

“Аёллар Қаноти” Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+