Фарзанд тарбияси билан банд бўлган қизлар учун масофавий ўқиш имконияти яратилади

07.03.2022 16:03:40

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 17 миллиондан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Бу эса ўз навбатида, жамиятда хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш орқали ижтимоий-сиёсий муаммоларни ҳал этишда устувор аҳамият касб этади.

Сабаби, юрт тараққиётига дахлдор барча ислоҳотлар ва уларни амалга ошириш жараёни авваламбор, эртамиз эгалари бўлган фарзандларимиз тарбиясига масъул бўлган оналаримизнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан чамбарчас боғлиқдир.

Шу боисдан, сўнгги йилларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиб борилмоқда. Натижада, 1,5 мингга яқин аёллар республика, вилоятлар, туман ва шаҳарлар даражасидаги раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда.

Ўз навбатида, ушбу ишлар тизимли тарзда давом эттирилиб, биргина 2021 йилнинг ўзида аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида 200 мингдан зиёд лойиҳаларга 2 триллион сўм кредит ва субсидиялар ажратилиб, 320 минг хотин-қиз доимий иш билан таъминланди. 190 минг нафар аёл касб-ҳунарга ўқитилиб, 4 мингдан зиёд хотин-қизларга уй-жой тўловининг бошланғич бадали тўлаб берилди.

Шунингдек, 2020-2021 йилги ўқув йилида 950 нафар, 2021-2022 йилги ўқув йилида эса 2 минг нафар алоҳида ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар грант асосида олий таълимга ўқишга қабул қилинди. Натижада, ўқув юртларида таълим олаётган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.

2020 йилдан бошлаб эса “Аёллар дафтари” тизими йўлга қўйилди. Ўтган вақт давомида унга киритилган 900 мингга яқин хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатилди. Бу тизим қанчалик пухта ва манзилли эканлигини пандемия даврида хотин-қизларга манзилли кўмак кўрсатилганлигининг ўзиёқ исботлади.

Ҳозирги кунда “Аёллар дафтари”га 630 мингдан зиёд хотин-қиз рўйхатга олинган бўлиб, улардан 200 минг нафари ишсиз ҳисобланади. Шунингдек, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан ҳамон ҳаётимизда аёллар ўртасида жиноятчилик, оилада зўравонлик ва тазйиқ ҳолатлари учраб турибди.

Шу боисдан ҳам яқинда давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги навбатдаги долзарб вазифалар муҳокама қилиниб, масъулларга керакли кўрсатмалар берилди. Шунингдек, Президентимизнинг тегишли фармони билан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди. Қўмита олдига аёлларни ижтимоий ҳимоя қилишни тубдан кучайтириш ва бу борадаги ёндашувларни қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди.

Жумладан, эҳтиёжманд ёлғиз аёллар фарзандлари учун давлат боғчалари тўловларини бюджетдан қоплаб бериш тизими йўлга қўйилиб, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, тўқимачилик кластерлари ва кечки сменада аксарият аёллар ишлайдиган корхоналарда боғча ташкил қилинади. Улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақи ҳам давлат томонидан тўлаб берилиши йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2022 йилда ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилади. Шу билан бирга, уй-жойга муҳтож 14 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга ижара тўловлари учун 500 минг сўмгача компенсация берилади.

Албатта, жамиятда аёлларнинг ўрнини мустаҳкамлаш, эртамиз эгалари бўлган ёшларни баркамол авлод қилиб тарбиялашда хотин-қизларнинг олий таълим олиб касб-ҳунарга эга бўлиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боисдан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури қабул қилинади. Дастур доирасида пойтахтда асосан хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шерикчилик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет, ҳудудларда эса унинг техникумлари очилади.

Янги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳ, техникум ва коллежларда ўқиётган қизларга таълим контрактларини тўлаш учун, илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади. Магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари эса тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Шунингдек, ҳар йили 50 нафар қизлар нуфузли хорижий олийгоҳларга бакалавр ва 10 нафари магистратурага юборилади. Ҳар бир вилоятда эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 150 нафар қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўлаб берилади. Энг муҳими, ёш фарзанди бор талаба-қизлар учун масофавий ўқишга шароит яратиб берилади.

Албатта, бу каби имтиёзлар минглаб оилаларга қувонч олиб кириши шубҳасиз. Сабаби, бу каби яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланган минглаб хотин-қизлар ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишади.

 

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+