Хотин-қизларнинг манфаатлари қонунлар билан мустаҳкамланган

07.03.2022 12:03:00

Тараққиётнинг янги даврида юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи, ўрни ва фаолият самарадорлигини ошириш учун кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, салоҳияти ва имкониятларини рўёбга чиқариш бугунги кун учун долзарб масала ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда хотин-қизларнинг манфаатини ҳимоя қилиш ҳамда уларга кенг имкониятлар яратиш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатлари ҳамда ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Хусусан, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Қонунда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари батафсил ёритилган бўлиб, хотин-қизларни ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли давлат органлари ҳамда ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги борасидаги нормаларда ўз ифодасини топган.

Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишнинг умумий чора-тадбирлари, ҳимоя ордерини бериш ва унинг муддатини узайтириш, ўн саккиз ёшга тўлмаган, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга нисбатан ёки суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга нисбатан бериладиган ҳимоя ордери хусусида қонуний нормалар ўз ифодасини топган. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда мазкур соҳани молиялаштириш манбалари аниқ кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилиш борасидаги асосий ҳужжат ҳисобланади. Ушбу қонунда давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳалари, соғлиқни сақлаш, илм-фан, таълим, маданият, меҳнат ва бошқа соҳаларда аёл ва эркакларнинг тенг иштироки кафолатланган.

Бундан ташқари, қонунда гендер тушунчасига батафсил таъриф берилган бўлиб, давлат раҳбарлик лавозимларига илгари суриш чоғида жинс бўйича камситишга йўл қўйилмаслик принципи таъминланиши белгилаб қўйилган. Қонунда кўрсатилишига кўра, ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши керак. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини таъминлаш тамойилига мос келмаслиги аниқланган ҳолда, гендер-ҳуқуқий экспертиза хулосаси ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган органга кўриб чиқиш учун юборилади.

Қонунда сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари ҳудудий Кенгашлари депутатлигига номзодларни тавсия этишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларнинг таъминланиши белгилаб қўйилган.

Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати таркибидаги аёл депутатларнинг сони ошган, ҳар икки палата ҳузуридаги Ёшлар парламентларининг раислари ҳам қизлардан иборатдир.

Таъкидлаш жоиз, “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президентимизнинг қарорида хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасини ташкил этиш вазифаси белгиланган. Унга кўра, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган фарзандларини тарбиялаётган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга уй-жойларнинг бошланғич бадалини тўлаб бериш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифалари аниқ кўрсатилган.

Оилаларнинг мустаҳкам ва барқарор бўлиши, фарзандларни соғлом ва бақувват бўлиб тарбия топишида давлат томонидан оналарга кўрсатилаётган молиявий кўмак жамиятимизга кўрсатилаётган ижтимоий ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамасининг Қарори хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизмларни ифода этади.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш белгиланган.

Куни кеча Президентимиз раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда 2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан тўлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди. Бу мақсадлар учун жорий йилда бюджетдан 200 миллиард сўм, 2023 йилда эса 1 триллион 700 миллиард сўм йўналтирилиши қайд этилди.

Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб, таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Шунингдек, эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланади. Бу каби эзгу ишлар хотин-қизларнинг жамият ҳаётида янада фаол бўлишига, янги-янги марраларни забт этишига хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, оила ва жамиятнинг бошида турган хотин-қизларимиз бугунги кунда давлатнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашидан куч олиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳақиқий қувват манбаи бўлиб хизмат қиладилар.

 

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+