Ижтимоий-сиёсий фаол аёл ким?

22.10.2019 15:10:02

Бу савол берилганда кўпчилик  тасаввурида одатда раҳбарлик курсисида ўтирган хотин-қизлар гавдаланади. Бир жиҳатдан бу тўғри. Аммо маҳалла-кўйдан хабардор, юртдаги ишларга  дахлдорлик туйғуси билан яшаётган, билимли, касб-ҳунари туфайли  элга нафи тегаётган, фарзандлари тарбияли, оиласи мустаҳкам опа-сингилларимиз ҳам шундай инсонлар сирасига киришини унутмаслигимиз керак.

Зотан, ана шундай аёлларнинг  ҳаёт тажрибаси, ибрати жамиятдаги баъзи муаммоларни ҳал этишда қўл келади. Муҳим қарорлар, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ҳам уларнинг иштироки зарур. Бунга эришишнинг самарали йўлларидан бири – сиёсий партиялар, хусусан, “Адолат” СДП бундай  ташаббускор ва фаол хотин-қизларни ўз қанотига олиши лозим.

Шу ўринда «Адолат» социал-демократик партияси хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келаётганлигини қайд этиш даркор.  «Аёллар қаноти» кенгаши ташаббуси билан анъанавий ўтказилаётган «Йилнинг энг фаол адолатчи аёли» кўрик-танлови ва бошқа қатор тадбирдар ҳам шундан далолатдир. Айни пайтда ҳали бу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар жуда кўплигини унутмаслик керак.

Яқинда Наманган давлат университнти конференц-залида ўтказилган семинар-тренингда ана шулар ҳақида фикр юритилди. "Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш - давр талаби" деб номланган тадбир Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилди. Унда партиямиз фаоллари, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари  вакиллари, фахрийлар ва ёшлар қатнашдилар.

Анжуманни “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Абдужаббор Нишонов очди ва олиб борди. Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят адлия бошқармасининг нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлими етакчи маслаҳатчиси Зулфия Аҳмадхўжаева, “Оила” илмий-амалий маркази вилоят бошқармаси етакчи мутахассиси Нигора Хайруллаева, Мингбулоқ туман халқ таълими бўлими бошланғич хотин- қизлар ташкилоти раиси Шоира Турғунбоева ва бошқаларнинг маърузалари тингланди.  

Мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги нуфузи ва мавқеини ошириш, уларнинг давлат бошқаруви, муҳим қарорларни қабул қилишдаги фаол иштирокини таъминлаш йўлида олиб борилаётган давлат сиёсатига қарамай, амалда бу борадаги ишлар мақтанарли эмас. Мисол учун, миллий сайлов қонунчилигимизда сиёсий партиялар томонидан ҳокимият вакиллик органларига сайловларда депутатликка номзодларини кўрсатишда 30 фоизлик квота белгиланган. Афсуски, кўп ҳолларда ажратилган ўринлар тўлаётгани йўқ. Яна бир масала аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқдир. Бу борада яқинда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг ижросини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адлоат” СДП Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!