Мустаҳкам оила – жамият кўрки

14.03.2022 14:03:29

 Оила ватан ичидаги кичик ватандир. Оилада ижтимоий-маънавий муҳит нечоғлик барқарор бўлса жамиятда ҳам ижтимоий-маънавий муҳит шунчалик барқарорлашади. Қолаверса, оила авлодлар давомийлигини, анъана ва урф-одатлар ҳамда халқимиз маънавий меросининг авлоддан-авлодга ўтишини таъминловчи муҳим кўприкдир. Шу боисдан оилани қўллаб-қувватлаш масаласи давлатимиз раҳбарининг диққат эътиборида турибди. 

Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” СДП Когон шаҳар Кенгаши томонидан шаҳардаги “Темирйўлчилар” МФЙнинг мажлислар залида ушбу МФЙда фаолият юритувчи “Фидойилар” бошланғич партия ташкилоти иштирокида “Оила мустаҳкамлиги давлат ва жамият эътибор марказида” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида сўзга чиққан партия шаҳар Кенгаши раиси З.Тошева Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг миллий ва маънавий қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда оила институтини ривожлантириш, бу соҳада йиллар давомида эътибордан четда қолиб кетган бўшлиқ ҳамда муаммолар ечими юзасидан тегишли давлат органларига ва жамоат ташкилотлари олдига долзарб вазифаларни қўяётгани бежиз эмаслигини таъкидлаб ўтди. Тадбирда қайд этилганидек, ижтимоий оғриқларга сабаб бўлаётган эрта никоҳларнинг кузатилаётгани, ажримлар сонининг йилдан-йилга ошиб бораётгани, аёллар жиноятчилиги, вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарликлар содир этаётгани бугун кўплаб учраётгани айни ҳақиқатдир. Бу каби кўнгилсизликларга узил-кесил чек қўйиш, уларнинг олдини олишга қаратилган янада самарадор механизмларни жорий қилиш замон талабига айланди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг  2018 йил 2-февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони замирида ҳам оила мустаҳкамлигини таъминловчи мақсадлар ўз ифодасини топган.

Давра суҳбатида ҳаётий тажрибаларга эга ёши улуғ онахонлар ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини айтиб ўтдилар.

Тарбиявий аҳамиятга эга бўлган ушбу тадбирда йиғилганлар ўзлари учун керакли хулосаларни чиқарди.

Мухтасар ЗОХИДОВА,

“Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+